Ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари, шунингдек, Жиззах вилояти ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан келган тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар иштирок этди.
Ярмаркада жами 775 та тармоқ ва ҳудудий корхоналар иштирок этиб, улардан 142 таси 3 000 дан ортиқ турдаги маҳаллий маҳсулотларни тақдим этди. Тадбир турли соҳа ва ҳудудларда фаолият кўрсатувчи корхоналар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, кооперация ва савдо муносабатларни кенгайтириш имкониятларини, шунингдек, янги саноат ишлаб чиқариш объектларини ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама этиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.
Ярмаркада иштирок этган тармоқ бирлашмалари, хусусан, «Ўзелтехсаноат», «Ўзтўқимачиликсаноат» ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда бир қатор тижорат банклари раҳбарлари томонидан тегишли тармоқларнинг инвестициявий ва саноат салоҳияти, турли ҳудудларда ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, тадбиркорлар ва экспортчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди. Маҳаллий саноат корхоналари ва истеъмолчилар талабига мос бўлган янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини жорий қилиш долзарблиги қайд этилди. Бу, ўз навбатида, мамлакат ичида тугалланган қўшилган қиймат занжирларини маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини камайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш орқали ички маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Ярмарка доирасида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ «Newland», «ADM Jizzax», «Global Optical Communication Uzbekistan», «Minguan Silu Industry», «Master building products», «Jada Color Tekstil» каби маҳаллий саноат корхоналарига ташриф буюриб, ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни билан танишди, корхона раҳбар ва ходимлари билан суҳбатлашди. Ташриф давомида ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти билан боғлиқ масалалар ўрганилди, уларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, мавжуд ишлаб чиқариш объектларини кенгайтириш ва бошқа маҳаллий корхоналар билан саноат кооперациясини ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Ярмарка якунлари бўйича Электрон кооперация портали орқали жами 75,9 миллиард сўмлик 467 шартнома тузилди. Улардан ҳудудий ишлаб чиқарувчилар томонидан тузилган шартномаларнинг умумий қиймати 60,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, тармоқ корхоналари томонидан тузилган шартномалар қиймати 15,7 миллиард сўмни ташкил этди.