Жиззахда бюджет маблағлари нотўғри сарфланган

    Жамоат ишларига вақтинчалик жалб қилинган фуқароларга белгилангандан кўра ортиқча кунларга хақ тўланиши, фуқароларга ойлик иш ҳақлари аванс шаклда берилмасдан  бир йўла ойлик иш ҳақи сифатида тўлаб берилиб Меҳнат кодекси талаблари бузилиши каби ҳолатлар аниқланган.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланишини Жиззах вилоятида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш» якунларига бағишланган йиғилиш видеоконференс алоқа шаклида ўтказилди. Тадбирда депутатлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда бандлик бош бошқармалари раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

    Қайд этиш жоиз, ўрганишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратилиши ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишига қаратилган.

    Таъкидланганидек, мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш, ишсиз фуқароларга субсидия маблағларини ажратиш йўналишларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Хусусан, 2020 йил давомида Жиззах вилоятининг 13 та туман (шаҳар)ларидан жами 49 685 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиниб, уларга жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 36172,6 млн. сўм иш ҳақи тўлаб берилган.

    Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилда 2848 нафар фуқарога ажратилган субсидиялар миқдори 4442.0 млн. сўмни ташкил этган. Шундан 1678.1 млн сўми 1127 нафар аёлларга, 1145.0 млн сўми эса 781 нафар ёшларга ажратилган.

    Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи ишсиз фуқароларга енгил типдаги иссиқхоналар қуриши, томорқасида экиш учун уруғ, кўчатлар харид қилиш ва суғориш воситаларини ҳарид қилиш учун жами 2362 нафар ишсиз фуқароларга 4227,5 млн. сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.

    Тадбирда қайд этилганидек, назорат-таҳлил давомида ишчи гуруҳи томонидан ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганда ижобий ишлар билан бирга айрим хато ва камчиликлар борлиги ҳам аниқланди. Хусусан, жамоат ишларига вақтинчалик жалб қилинган фуқароларга белгилангандан кўра ортиқча кунларга ҳақ тўланиши, жамғарма маблағлари ҳисобидан олинган асосий воситалар, майда асбоб-ускуналар ва анжомларни ижарага бериш талаблари ижросини амалга оширмаганлиги, фуқароларга ойлик иш ҳақлари аванс шаклда берилмасдан, бир йўла ойлик иш ҳақи сифатида тўлаб берилиб Меҳнат кодекси талаблари бузилганлиги каби ҳолатлар аниқланган.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунда енгил типдаги иссиқхона қуриш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача субсидия ажратиш белгиланган бўлсада, ўрганиш ўтказилган Янгиобод ва Бахмал туманлари Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан енгил типдаги иссиқхона қуриш учун фақатгина базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидия маблағлари ажратиб келинган. Шу билан бирга, енгил конструкцияли иссиқхоналардан самарали фойдаланиш меҳнат инспекторлари томонидан назорат қилинмагани, жамоат ишларини мониторинг қилиш ҳажми ортганлиги, лекин бу борада ҳали ҳам эски тартибда иш олиб борилаётганлиги депутатларнинг танқидига сабаб бўлди.

    Депутатлар қайд этганидек, бу каби ҳолатлар бюджет маблағларини талон-тарож қилишга шароит яратмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2021 йил 20 апрелдаги «Давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори айнан шундай ноқонуний ишларни, шунингдек бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши устидан мониторинг ва назоратни таъминлашга, ижтимоий контрактга имзо қўйган фуқароларнинг эса масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши иштирокчилар томонидан эътироф этилди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates