Жўшқин даврга ҳамоҳанг

    Фикр 25 январ 2025 837

    “Янги Ўзбекистон” – давр газетаси. Қулочни мамлакат узра кенг ёзган. У минган тулпор – Ўзбекистондаги ислоҳотлар. У от қўйган кенг майдон –глобализм. Ундан маҳобатли ситилар руҳини баралла илғаб олиш мумкин. Замон руҳи – Сити руҳи. Қани қочиб қутулиб кўринг-чи! Глобализм учун қора тер тўкиб фикрлаш – асл фахр. Менингча, буни муаззам таҳририят теран сезади. У замон талабини ҳис қилиб, сондан сонга ўзгариб боришга интилаётир.

    Мухбирлар аксари ўсаётган ёшлар. Ғайратли. Меҳнатга ўч. Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар, қишлоғидан тортиб Сурхоннинг тоғлару бағирдор адирлар оралаб жойлашган қадим обод маконларигача доим унинг нигоҳида. Доим замонавий барча муаммога, аҳолининг эҳтиёжлари, талаблари, истаклари, орзуларига қулоқ тутади. Ҳукуматга яқин фикр-мулоҳазаларни сергаклик билан баён этади. Ўзбекистон Президентининг мамлакат тараққиёти, истиқболи, ниҳоятда кенг миқёсдаги фаолияти билан чамбарчас боғлиқ қирраларни, маъно-мазмунни, узлуксиз янграб турадиган ташаббуслар, халқаро майдонда акс садо топадиган қамровли ғояларни омилкор, билимдон, таъсирчан тарзда ўқувчиларига етказиб боради. Президент ва ҳукумат юритаётган ташқи ва ички сиёсат халқимиз учун жуда яқин, тушунарли ва шунинг учун бу сиёсатни жон-дилдан маъқуллаб кутиб олади. Ўз фаолиятида унинг моҳиятини ғайрат, ақл-идрок, илм, билим, илҳом, иштиёқ билан амалга оширади.

    Газета ўз саҳифаларида Ўзбекистон аҳолисининг барча қатламига хос орзу-истаклар, ҳаётий нуқтаи назарлар, фикр-мулоҳазаларни изчил суръатда мунтазам акс эттириб боради. Айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг чиқишларига катта эътибор қаратади. Бу чиқишларда Ўзбекистонда ижтимоий онг қирралари ёрқин шаклланиб, тафаккур ўзгариб, янгиланиб, мазмундор, фойдали йўсин касб этаётганини кузатиш мумкин.

    Газетанинг мунтазам ўқувчиси сифатида бундан жуда завқланаман. Матбуотнинг фаолият майдонида фойдали, ижтимоий жиҳатдан қимматли фикрлар, ғоялар умумхалқ муҳокамасига қанча кўп қўйилса, улар ижтимоий ҳодиса сифатида фикр ва мулоқот майдони, муҳити яратилса, онг шунчалар ўсади, ўткирлашиб боради. Долзарб масалаларни ечиш ва ҳал қилиш йўллари очилади, турли бюрократик тўсиқларни адл енгиб ўтиш имконияти очилади. Ҳозирги Ўзбекистонда ҳаёт имконияти жуда катта. Бу ўринда ўсиш, ўзгариш имкониятларини назарда тутяпман. Лекин турли сабабларга кўра, таклиф этилаётган ижтимоий қулай бу имкониятлардан ўзи ташаббускор бўлиб, ижодий фойдаланаётганлар кўп эмас. Кўпинча осон ва қулай пул топиш йўллари танланмоқда.

    Президентимиз яқин кунларда бўлиб ўтган Бирлашган Араб Амирликларига сафарида жаҳонда сунъий интеллект билан боғлиқ жуда кўп жозибадор масалаларга тўхталиб ўтди. Сунъий интеллект яқин келажакда инсониятни жуда юксак тараққиётга олиб чиқадиган беҳад буюк воқеа. Ўзбекистон ҳозирдан бошлаб бу катта масала билан изчил қатъият билан шуғулланишига тўғри келади. Келажагимиз кўринаётган уфқлар шуни тақозо қилади. Бу соҳада улуғ-улуғ изланишлар олдимизда ястаниб ётибди. Бу — ёшлар ва олимлар жасорат ҳамда заковат кўрсатадиган майдон. Яшаш имкониятимиз жуда кўп томондан шунга боғлиқ. Умид қиламизки, мўътабар газетамиз замоннинг ниҳоятда актуал муаммоларини ўз саҳифаларида мунтазам ёритиб боради. Ўзбекистонда салоҳиятли интеллектуал кучлар дадил юзага чиқиши учун хизмат қилади. Нашр ўз йўналишини ижтимоий-сиёсий газета деб белгилаган. У энди жаҳон миқёсида рўй бераётган илмий, сиёсий, ижтимоий воқеаларни ҳам ўқувчилари учун акс эттириб борса, дунёдан хабардорлик ўсар, дунё афкор оммаси кўп ёзаётган глобал онг ҳам илмий-амалий қирралари билан намоён бўла борарди.

    Онгнинг юзаки ва чала бўлиб қолиши ҳозирги жамиятларга сира фойда келтирмайди. Обрў-эътиборли газетамизга доимо янгиликлар ичида қайнаши ва ўқувчилар учун севимли бўлишни тилаймиз.


    Иброҳим ҒАФУРОВ,

    Ўзбекистон Қаҳрамони

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates