Ўзгидрометнинг берган таҳлилларига кўра, сўнгги саккиз йил давомида декабрь ойлари асосан қуруқ ўтган. Бу йил ҳам ойнинг биринчи ҳафтасида паст даражадаги илиқ об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда.
Биринчи уч кунда республика бўйича қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво сақланади. Тунлари -3 даража совуқдан +2 даража илиққача, кундузи эса +12...+15 даража илиқ бўлади.
Тўртинчи ва бешинчи декабрь кунлари айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Кундузги ҳарорат +3...+6 даражага қадар пасайиши мумкин. Олтинчи ва еттинчи декабрь кунлари қайтадан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда. Ҳарорат яна +12...+15 даража илиққача кўтарилади.
Ойнинг қолган қисмида қайта ўзгарувчан об-ҳаво кузатилади. Тунги ҳарорат 0...+5 даража илиқдан -2...-7 даража совуққача, кундузи эса +10...+15 даража илиқдан 0–5 даража илиққача ўзгариб туради. Фақат 2–4 кун ёмғир ёки қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
Кузатувларга кўра, декабрь ойи одатда куздан -4...-6 даражага совуқроқ кечади. Шу билан бирга ой давомида қишга хос бўлмаган илиқ кунлар ҳам қайд этилиши мумкин. Баъзан ҳарорат 15–20 даража илиққача, айрим йилларда бунданда юқори бўлган ҳоллар кузатилган.
Сўнгги эллик йиллик метеомаълумотлар асосида декабрь ойида ҳарорат ошиши тенденцияси барқарор кузатилмаган. 1984 йил декабри энг совуқ ой сифатида қайд этилган. Ҳарорат баъзи ҳудудларда -27 даража совуққача тушган. Энг илиқ декабрь эса 2021 йилда кузатилган бўлиб, айрим кунларда +26...+28 даража илиқ қайд этилган.
Ёғингарчилик миқдори ҳудудларга кўра фарқ қилади. Шимол ва чўл ҳудудларида бир ойда 8–15 мм атрофида, Фарғона водийси ва жанубий ҳудудларда 17–33 мм, мамлакатнинг марказий қисмида эса 35–60 мм атрофида бўлиши кутилмоқда.
Тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 80–120 мм гача ёғингарчилик бўлиши мумкин. Янги қор қоплами асосан тоғларда шаклланади. Охирги маротаба кенг қамровли қорли декабрь 2002 йилда кузатилган.








