ЖССТ етти тилда тиббий маслаҳат берувчи “электрон шифокор”ни тақдим этди

    Саломатлик 8 октябр 2022 1079

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қатар давлатида бўлиб ўтган халқаро саммитда сунъий интеллект асосида ишловчи кўп функцияли тиббий платформа тақдимотини ўтказди.

    “Флоранс 2.0” деб номланган ушбу инновацион тизим электрон шифокор вазифасини ўтаб, одамларга стрессдан чиқиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, тамаки ва электрон сигарета чекишни ташлаш, COVID-19га қарши кураш ва вакциналардан самарали фойдаланиш каби масалалар юзасидан етти тилда тиббий маслаҳатлар бера олади.

    Хўш, янги интерфаол платформага нега бу қадар кенг миқёсда эътибор қаратилмоқда?

    Ҳисоб-китобларга кўра, дунёда ҳар 8 кишидан 1 нафари руҳий тушкунликдан азият чекиб яшайди. Қолаверса, йилига 16 миллион нафар одам чекиш ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Жисмоний ҳаракатизлик туфайли келиб чиқадиган хасталиклар тахминан 830 минг кишининг ўлимига сабаб бўлиши ҳам факт.

    Юқоридаги сингари рақамли технологиялар — соғлом турмуш тарзининг беминнат тарғиботчилари. “Флоранс 2.0” технологияси ҳам айни шу мақсадни кўзлаб яратилган.

    ‼️Халқаро мутахассислар фикрича, келгусида бу каби электрон платформаларнинг янада такомиллашган версиялари ишлаб чиқилиши ва улардан электрон тиббиётда кенг фойдаланилиши кўплаб хавфли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.