Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аввалги баёнотларида дунёда парранда гриппи вируси тез мутацияга учраб, унинг нафақат қанотли жонзотлар, балки инсонларга юқиш хавфи ҳам юқорилиги хусусида огоҳлантирган эди.
Ташкилотнинг куни кеча эълон қилинган янги ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида H5N1 вирусини юқтириш билан боғлиқ 76 та шундай ҳолат қайд этилган.
Беморларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари бўлиб, 61 нафари АҚШда яшовчи фуқаролардир. Шунингдек, бундай ҳолатлар Австралия, Канада, Хитой, Камбоджа ва Вьетнамда ҳам рўйхатга олинган.
H5N1 вируси ҳозирча одамдан одамга юқиш учун мослашмаган ва ўрганишлар давомида бу каби ҳолатлар аниқланмаган.
“Бироқ вирус мутацияга учрашда давом этар экан, вазият тезда ўзгариши мумкин ва биз бундай “сценарий”га доим тайёр бўлишимиз керак”, — дейди ЖССТнинг масъул вакили Мария Ван Керхове.
Айни сабабдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларни касаллик устидан назоратни кучайтириш ва аниқланган ҳолатлар бўйича имкон қадар тезроқ хабар беришга чақирди.
Ўз навбатида, эпидемиологларнинг таъкидлашича, одамлар инфекциядан зарарланган ва ҳалок бўлган ҳайвонларга яқинлашмасликлари зарур.