Бугун ва эртага Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 32-35 даража атрофида, жанубда 36-38 даражагача бўлади.
Ҳафта ўртасида республика ҳудудига нисбатан салқин ҳаво кириб келади ва ҳарорат фони 2-3 даражага пасаяди. Чоршанба ва пайшанба кунлари ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 27-30 даража атрофида, жанубда 35 даражагача бўлади. Кечаси ва эрта тонгда ҳарорат 17-20 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Жума кунидан бошлаб ҳарорат аста-секин кўтарилади, ҳароратнинг ушбу кўтарилиши дам олиш кунларида ҳам давом этади. Кундуз кунги ҳарорат яна 30-35 даражагача кўтарилади.
28 август – чоршанба куни Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида жадаллиги асосан бироз бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 28-29 август кунлари Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқли қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шарқий йўналишдаги шамол, ғарбдан 9-14 м/с тезликда эсади, 28 августда баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтимизда: асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 28 августда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари 15-20 даража, кундуз кунлари 26-27 августда 30-33 даража, 28-29 августда 27-30 даража бўлади.