Саккизинчи мўъжизалар учун ярмарка

    Шоир аёлга бежиз саккизинчи мўъжиза деб таъриф бермаган. Чунки у мўъжизалар яратувчи ва “қирқта жонли” хилқат. Аёл хоҳласа, қўлидан ҳамма иш келади. Қолаверса, уларсиз кунимиз ўтмайди. Улар бор уйимиз ва усту бошимиз бут, кўнглимиз тўқ, ўзимиз хотиржам...

    Ҳозирги дориломон замонда аёлларимиз барча жабҳада илғор. Айниқса, ички ишлар органлари тизимида ҳам аёл ходималаримиз бисёр. Улар эркаклар билан елкама-елка туриб фаолият кўрсатишмоқда. Эришаётган ютуқлари ҳам анча салмоқли бўлаяпти. Мисол тариқасида, яқинда Бухоро шаҳрида ўтказилган Ички ишлар органлари ҳарбий хизматчи аёллар ва ходималари ўртасидаги “Тўмарис издошлари” танловнинг республика босқичини олайлик. Мазкур танловда 18 та жамоа таркибида 230 нафардан ортиқ ички ишлар органлари аёл ходималари иштирок этди. Вилоят ИИБ вакилалари фаол қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

    Ички ишлар тизимида ишлаш учун ҳар бир ходимга матонат ва масъулият талаб қилинади. Шулар оқсайдиган бўлса, билингки, оилада нимадир юз берган бўлади. Оила нотинчлиги ходимнинг хизмат жараёнига катта таъсири бор. Агар вақтида чораси изланиб олди олинса, яхши, албатта. Акс ҳолда ходим ўзгара бошлайди. Аввало оиласини ҳамма нарсадан устун қўяди. Бир томондан у ҳам ҳақ. Тинч қулоғим деб, рўзғорини ўйлайди ва турмуш ўртоғининг кемтиклигини тўлдиради. Бунинг учун эса ўзи сезмаган ҳолда коррупцион ҳолатда аралашиб қолади ва эшаги сувдан ўтган “лўлининг” ҳолига тушади. Фазилатлар китобида ёзилишича: “...одамни ўғрилик қилишга мажбур қиладиган нарса нима? Ҳаётини яхшилашга бўлган эҳтиёжми?” дейилган. Бу гаплар юқоридаги фикримизни тўлдиради. Агар узумни хомток қилмасангиз, у бўй чўзиб бошқа ниҳолу экинларга зиён етказади. Худди шундай таъмагирлик ҳам охир оқибат жарлик сари етаклайди.

    “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” қабул қилингач “ходимбай” ишлаш услуби амалиётга жорий этилди. Бу эса бизга жуда қўл келди. Ўрганишлар жараёнида аксарият ходимларнинг турмуш ўртоқлари уйда, бола тарбияси-ю, пишир-кўйдир билан кунлари ўтаяпти. Улар билан суҳбат жараёнида эса ишлаш истагида бўлганлари ва тикув машиналарига эҳтиёжлари борлиги аниқланди. Шу мақсадда бошқарма бошлиғи, подполковник Икромжон Турсуновнинг ташаббуси билан Ғиждувон туманида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди.

    Тадбирдан кўзланган мақсад туман ИИБда хизмат қилиб келаётган ходимларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш ва уларга маънавий-психологик ёрдам кўрсатиш бўлди. Чунки оилада ишламайдиган ҳамда ишлайдиган аёллар ўртасидаги фарқнинг тафовути катталигини, кўчада ишлаётган аёл уйга нафақат моддий бойлик ва балки маънавий руҳий муҳит олиб кириши, фарзанд тарбияси борасида ҳам, шунингдек, аёл кишини ишласа ҳар томонлама фойдали эканлигини ҳаёт кўрсатмоқда.

    Бизнинг тизимимизда ҳам ходимнинг оиласи тинч ва хотиржамлик бўлса ёки аёлларимиз рўзғорига ҳисса қўшадиган бўлса билингки, бу оиланинг устуни эмин-эркин ишлайди. Мабодо оилада келишмовчилик ё етар-етишмовчилик бўлиб қолса, ўша ходимнинг ишига ҳам барака бўлмайди. У хизматини қўл учида бажариб, рўзғорини ёки турмуш ўртоғи хоҳишини бажаришга киришади. Табиийки, ўз-ўзидан бу ҳолатда таъмагирлик юзага келади. Шунинг учун аёлнинг жамиятга ўз ўрни ва оиласига фойдаси тегадиган бўлиши даркор.

    Ғиждувон тумани ҳокимлиги биносида ўтказилган “Мен жамиятнинг фаол аъзосиман” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ва меҳнат ярмаркаси шу жиҳати билан алоҳида ажралиб туради. Унда туман ИИБда хизмат олиб бораётган ходимларнинг 120 нафар турмуш ўртоқлари ва онаси таклиф этилди.

    Тадбирнинг биринчи қисмида тегишли ташкилотлар масъуллари ўз маърузалари билан чиқиш қилди. Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари –Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова, Бухоро табиий ресурсларини бошқариш институти ижтимоий гуманитар ва жисмоний маданият кафедраси доценти, олий тоифали психолог Абера Гадоева, Ишга марҳамат мономаркази сервис ва хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Умида Раҳматова, АТ Халқ банки Бухоро вилоят филиали аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича бошлиқ ўринбосари Наргиза Латиповаларнинг маърузалари тингланди. Уларнинг маърузалари асосан оила қадрияти, аёлларга психологик маслаҳатлар, иш билан таъминлашга тавсиялар ҳамда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар хусусида борди. Шунингдек, илгари сурилаётган ушбу эзгу ташаббус натижасида ички ишлар органлари ходимларининг оилаларида қўшимча даромад манбайи яратилиши, уларнинг турмуш ўртоқлари жамиятнинг фаол инсонларига айланишлари мумкинлиги алоҳида эътироф этилди.

    Бундан ташқари, жараёнда мутахассислар томонидан ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга яратилган имкониятлар, имтиёзли кредитлар ажратиш тартиблари, касб –ҳунар эгаллаш учун мавжуд ўқув курслари тўғрисида маълумотлар берилди. Шундан сўнг, намунали хизмат олиб бораётган бир гуруҳ ходимларнинг турмуш ўртоқларига бошқарма бошлиғининг миннатдорчилик хати ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

    Ҳаётда тўғри касб танлаш муваффақиятли келажакнинг гаровидир. Чунки инсоннинг аксарият вақти иш жараёнларида ўтади. Шу сабабдан ҳам киши ўзи учун севимли ҳунарни ўрганиши, ўзи ёққан касб билан шуғулланиши керак. Ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат билан банд бўлмаган оила аъзоларини иш билан таъминлаш ёки тадбиркорликка йўналтириш ва ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш мақсадида тадбирнинг асосий қисми, меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Ярмаркада тумандаги барча корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Шу билан бирга, ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизлар учун ҳунармандчилик ва замонавий техникалар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

    Қисқаси, 20 нафар ходимнинг турмуш ўртоғи ишсиз бўлса-да, уйда бола тарбияси билан шуғулланади, 14 нафар оила аъзолари ишлаш истагини билдирган. Шундан 4 нафари шу ернинг ўзида иш билан таъминланди. Яна 3 нафарига тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун субсидия асосида тикув машиналари тақдим этилди.

    Авазбек ИНОМОВ,

    Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари,

    Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан

    таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник.


    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates