Шу йилнинг 25 август куни Бахмал ўрмон хўжалиги ҳудудига яқин жойдаги аҳоли яшаш жойига келиб қолган Северсов қўйи — Қизилқум архари бахмаллик экофаол томонидан ушланиб ўрмон хўжалиги нозирларига топширилди, дея хабар беради Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати.
Таъкидланишича, «Қизил китоб»га киритилган, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган жониворнинг умумий аҳволи нозирлар томонидан ветеринар кўригидан ўтказилди. Ҳар томонлама соғлом деб топилган жонивор Нурота давлат қўриқхонасига қарашли « FALCON SOLUTCONS » МЧЖ ходимларига топширилди.
Маълумот учун:
Северсов қўйи ёки Қизилқум архари Помир – Олой тоғлари таркибига кирувчи тоғлар қолдиқлари — Нурота, Оқтоғ, Молгузар, Туркистон, Зарафшон, Писталитоғ, Томдитоғ, Бўкантоғ тизмаларида учрайди. ХХ асрнинг ўрталарига келиб, бу турнинг бош сони кескин камайиб кетиб, айрим тарқалиш минтақаларида бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфида бўлган. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур тур Нурота давлат қўриқхонасида сақлаб қолинган. Бугунги кунда тур популяциясининг 80 фоизи Нурота қўриқхонаси ҳудудида учрайди.
Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси жониворни тутиб олган бахмаллик экофаолга унинг нобуд бўлишига йўл қуймай, тегишли давлат органларига топширгани учун миннатдорчилик билдиради.