Камолиддин Беҳзод издошлари юртимиз номини улуғлайди

    Фикр 9 сентябр 2020 2763

    Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

    Қарорга мувофиқ биз буюк тарихий шахс, ўзбек миниатюра санъатининг асосчиси Камолиддин Беҳзод ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, мусаввир ҳайкалини янги шаклда бунёд этиш, халқаро илмий конференциялар ўтказиш каби бир қанча вазифаларни ижро этишни режалаштирганмиз. Шунингдек, бу орқали халқимиз, айниқса, ёш авлодга Камолиддин Беҳзод, унинг ижодий мероси, умуман, юртимиз тарихи ҳақида маълумот берамиз. Бу эса, ўз навбатида, ёшларимизни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашимизда муҳим аҳамият касб этади.

    Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Бу эса талаба-ёшларнинг ижодий интилишларини, янгилик яратишга бўлган саъй-ҳаракатларини рағбатлантириб, уларнинг етук кадрларга айланишида муҳим омил бўлади.

    Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Рассомлар тажриба устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгилаб берилди. Бу билан бадиий таълим соҳасида етук мутахассис кадрлар салмоғи ҳамда таълим сифатининг ошишига эришилади.

    Ўзбек тасвирий санъати жаҳонда ўз ўрнига эгалигини буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижодининг бугунги кунда дунё санъат аҳлининг диққат марказида эканидан билиш мумкин.

    Кейинчалик Ғарб ва Шарқ анъаналарини ўзида уйғунлаштирган ўзбек рассомлик мактабида бир қатор атоқли номлар пайдо бўлди. 1997 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ташкил этилди.

    Институтда устозлар анъаналарини давом эттираётган Бадиий академия академиклари, таниқли олимлар, санъатшунослар ва бошқа мутахассислар бадиий таълим ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Улар яратган нодир асарлар нафақат юртимизда, балки хориждаги нуфузли кўргазма залларида намойиш этилиб, шахсий коллекциялар ва галереяларда сақланмоқда.

    Пойтахтимизнинг Олмазор туманида бунёд этилган Ғалаба боғида ҳам бевосита институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари томонидан яратилган кўплаб асарларга гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, ушбу боғда ёш ўқитувчилар Йигитали Турсунов ҳамда Ўткир Aсроровнинг “Мусиқачи аскарлар”, “Югураётган болалар”, “Концлагер” номли композициялари, “Фронт орти”, “Учрашув”, “Кузатиш”, “Уруш” каби барельефлари ҳамда 2019-2020 ўқув йилида ҳайкалтарошлик мутахассислиги бўйича магистратура босқичини тамомлаган Баҳром Норбоевнинг “Зулфия Зокирова ва унинг тўрт келини” каби асарлари ўрин олган. Ушбу ижодкорларнинг ёш авлод вакили экани институтда устоз-шогирд анъаналарининг самарали давом эттирилаётганидан далолатдир.

    Танловлар иқтидорларни саралайди

    Карантин даврида ёш иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини намоён қилиш, мамлакатимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини уйғотишга йўналтирилган “Беш ташаббус — беш имконият”, “Мустаҳкам оила — юрт таянчи” ҳамда “Энг фаол санъатшунос”, “Уйда қол, ижод қил” онлайн кўрик-танловлари ташкил этилди. Мазкур танловлар ғолиблари 30 июнь — Ёшлар кунида муносиб тақдирланди.

    Республика ва халқаро кўрик-танловларнинг Мадина Норчаева, Ойгул Тожиддинова, Беҳзод Жўрабоев, Нодира Миржонова, Бахтиёр Дедашев, Турсунмурод Мусурмонов, Раъно Яхшиликова, Дилфуза Неъматова, Сарвиноз Тугалова, ­Бунёд Зоиржонов, Ҳилола Йўлдошева каби кўплаб ғолиб ва совриндорлари, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреатлари, ноёб иқтидори билан танилаётган талаба ёшларимиз бу каби танловларда янада тобланмоқда.

    Халқаро ҳамкорлик алоқалари

    Институтимизда қатор нуфузли чет эл олий таълим муассасалари билан қирққа яқин меморандум имзоланган. Халқаро ҳамкорликлар доирасида 70 нафар профессор-ўқитувчимиз ва 16 нафар талабамиз малака ошириш курслари, семинар-тренинглар, конференцияларда қатнашди. Алмашув дастурларида 2 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда 22 нафар талаба иштирок этди.

    Шунингдек, Жанубий Кореянинг ­Кемён университети ҳамда Таиланддаги Чаннапатана дизайн институти билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида дизайн (интерьерни лойиҳалаш ҳамда либос ва газламалар) таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

    2019-2020 ўқув йилида АҚШнинг Йель университети, Буюк Британиянинг ChangeScool тадқиқот институти ҳамда Бирмингем Сити университети профессор-ўқитувчилари томонидан бўлажак рассом, санъатшунос ва либос дизайнерлари учун маҳорат дарслари, илмий семинарлар ва дарс машғулотлари ташкил этилди.

    Хитойнинг Шанхай cанъат ва дизайн академияси, Буюк Британиянинг Бирмингем Cити университети, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Архитектура ва санъат институти каби бир қатор муассасалар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида делегация алмашинувлари бўлиб ўтди.

    Илмий салоҳият – мустаҳкам пойдевор

    Ҳар қандай соҳада бўлгани каби бадиий таълимда ҳам соҳа муаммоларини илмий жиҳатдан таҳлил этиш ва ечим топиш келгуси тараққиёт учун муҳим ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, институтда ижодий янгиликлар билан бирга илмий тадқиқотларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

    Юртимизда карантин чоралари давом этаётган бир пайтда “Санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва анъаналар” ҳамда “Глобализация шароитида санъатда умуммиллий ўзига хослик, муаммолари” мавзусида халқаро илмий онлайн конференциялар бўлиб ўтди. Уларда Россия Федерацияси, Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой, Малайзия, Болгария, Литва, Беларусь, Арманистон, Молдова, Қозоғистон, Таиланд каби давлатлардан соҳа мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этиб, санъат тарихи, бугуни ва эртасига доир фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

    Шу билан бирга, мазкур конференциялар юртимизнинг ёш тадқиқотчилари учун халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда дунё санъатида бугунги кунда кечаётган жараёнлардан чуқурроқ хабардор бўлиш имконини тақдим этди.

    Институтда илк бор 2019-2020 ўқув йилида “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ахборотномаси” илмий-амалий журнали ва “Мусаввир” газетаси нашр этила бошлади.

    Назария ва амалиёт уйғунлиги

    Ўқув жараёнлари бевосита ишлаб чиқариш амалиёти билан боғланмас экан, малакали кадрлар тайёрлашда муаммолар юзага келаверади. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йил бошида ­Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик кафедрасининг филиаллари ташкил этилди.

    Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон давлат санъат музейида “Экскурсияшунослик”, “Музей интерьерини лойиҳалаш”, “Музей иши асослари”, “Фотография” каби фанлар ва музей экспозицияси ва фонд захирахоналарида амалий машғулотлар, Ўзбекистон тарихи давлат музейида эса “Санъат асарларини физика-кимёвий экспертизаси”, “Музей ашёларининг экспертизаси ва реставрацияси” каби фанлар ўтилмоқда. Институт мазкур йўналишда яна бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш борасида иш олиб бормоқда.

    Талабалар холислик асосида танланади

    Қабул жараёнларини адолатли ва шаффоф ташкил этиш борасида масъул ходимларимиз ўзларига юклатилган вазифаларни бажармоқда. Жумладан, барча имтиҳон жараёнлари видеокузатув камералари ёрдамида ёзиб олинади ҳамда институт расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн тарзда намойиш этилади. Абитуриентларнинг ишларини баҳолашга комиссия раиси сифатида институтда фаолият юритмайдиган шахслар — ­Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, ­Ўзбекистон халқ рассомлари, Ўзбекистон санъат арбоблари, фан докторлари ва профессорлар жалб этилмоқда. Имтиҳон натижалари шу куннинг ўзида институт веб-сайтида эълон қилинади.

    Пандемия сабабли жорий йилда фақат битта фандан касбий (ижодий) имтиҳон топшириш белгиланди. Яъни барча ижодий йўналишларда 160 дақиқа вақт давомида композиция, санъатшунослик йўналишида эса тасвирий ва амалий санъат тарихи фанидан имтиҳон топширилади. Шунингдек, музейшунослик ва менежмент (арт менежмент ва галерея иши) каби йўналишларда имтиҳонлар тўлиқ тест шаклига ўтказилди. Бу йилги касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳудудлар кесимида ҳар куни ўртача 200-250 нафар абитуриент учун ўтказилиши ва ушбу кириш синовлари 2020 йил 3 сентябрдан 15 сентябргача давом этиши режалаштирилган.

    Қабул жараёнларида коррупция, таниш-билишчилик каби жирканч ҳолатлар кузатилмаслиги учун институт томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда барча зарурий чоралар кўрилган. 2019-2020 ўқув йилида институтда таҳсил олиш истагида ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1526 нафар бўлган бўлса, жорий йилда улар сони 2489 нафарни ташкил этмоқда. Бу йилги абитуриентлар сони ўтган йилгига нисбатан 963 нафарга ёки 38 фоиз ошган.

    Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, институтимиз талабасига айланажак ҳар бир талабани юртимиз санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, ҳар томонлама баркамол, Камолиддин Беҳзод ва бошқа буюк мусаввирларга муносиб издош бўла оладиган истеъдод эгаси этиб тарбиялашни мақсад қилганмиз.

    Нодирбек САЙФУЛЛАЕВ,

    Камолиддин Беҳзод номидаги

    Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори,

    тарих фанлари номзоди, доцент

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates