Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 17 июн 2021 7305

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш, буюк аждодларимиз Амир Темур, Бобур Мирзо, Жалолиддин Мангубердилардан мерос бўлиб қолган камондан отиш анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, миллий спорт турларини кўпайтириш, камондан отиш спорт тури бўйича миллий терма жамоамизнинг Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида:

    1. Қуйидагилар камондан отиш спорт турини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

    иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

    профессионал спортчилар, малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларни касбий ривожлантириш, ўқув-машғулотлар жараёнига илғор илмий-инновацион технологияларни кенг жорий қилиш ва ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш;

    ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш ҳамда замонавий спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкаси билан таъминлаш, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

    жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан паракамондан отиш спорт тури билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг Паралимпия ва Параосиё ўйинлари ҳамда халқаро мусобақалар, турнирлар ва жаҳон чемпионатларида доимий ва муносиб иштирокини таъминлаш;

    республика ва халқаро мусобақалар, турнирларни ҳамда жаҳон чемпионатларини доимий равишда ташкил этиш ва ўтказиш, мамлакатимизнинг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш;

    жаҳон стандартларига жавоб берадиган миллий ва профессионал чет эл бренд камонлари, ўқлар, тўсиқлар ҳамда спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

    камондан отишни миллий спорт тури сифатида кенг ёритиш ҳамда тарғиб қилиш ишларини ташкиллаштириш, оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқишини ошириш.

    2. Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг:

    ҳар бир болалар-ўсмирлар спорт мактабида (шу жумладан, келгусида янги ташкил қилинадиган мактабларда) мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, камондан отиш секция ва бўлимларини ташкил этиш;

    ҳар бир олимпия захиралари коллежида (шу жумладан, келгусида янги ташкил қилинадиган коллежларда) камондан отиш бўлимларини очиш;

    2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида камондан отиш таълим йўналишини очиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

    Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Ўзбекистон камондан отиш федерацияси билан биргаликда:

    2021 йил 1 сентябрга қадар болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежларини замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкаси ҳамда бошқа зарур воситалар билан таъминласин ва ушбу мақсадларга Туризм ва спорт вазирлигига ҳамда унинг тизимидаги спорт таълими муассасаларига бюджетдан 2021 йил учун ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан зарур маблағлар йўналтирсин;

    бир ой муддатда камондан отиш спорт тури бўйича тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ошириш режасини тасдиқласин;

    болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари ва бошқа спорт таълим муассасаларига камондан отиш спорт тури бўйича етакчи хорижий тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни шартнома асосида жалб қилсин ҳамда тегишли молиявий ва ташкилий масалаларни ҳал этсин.

    3. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб камондан отиш спорт тури бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг уч босқичли тизими жорий этилсин. Бунда:

    биринчи босқичда – таълим муассасалари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари ва бошқа спорт таълим муассасаларидан сараланган спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари (туман/шаҳар ҳокими кубоги);

    иккинчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари ўртасида ҳудудий мусобақалар (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари кубоги);

    учинчи босқичда – ҳудудий мусобақалар ғолиблари ва совриндорлари ўртасида республика мусобақалари ўтказилади.

    Туризм ва спорт вазирлиги (А.Каримов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг уч босқичли тизимини тегишли ҳудудларда тўлиқ жорий қилиш юзасидан шахсан масъул этиб белгилансин.

    4. Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда камондан отиш спорт тури бўйича:

    Тошкент шаҳрида “Алпомиш ва Барчиной” халқаро турнирини ташкил этиш;

    Самарқанд шаҳрида аёллар ўртасидаТўмарис кубоги” халқаро турнирини ўтказиш;

    мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада кенг намоён этиш ҳамда ушбу спорт турининг оммавийлигини ошириш мақсадида Бухоро, Қўқон, Самарқанд ва Хива шаҳарларида “Туризм ва камондан отиш ҳафталиги”ни ташкил этиш ва унинг доирасида кенг сайёҳлар оқимини жалб қилган ҳолда камондан отиш бўйича спортчилар ва сайёҳлар ўртасида турнирлар, маҳорат дарслари ҳамда учрашувлар, туристик салоҳият акс этган сайиллар ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

    Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси:

    Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда кўрсатилган халқаро турнирларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича режа-жадвални тасдиқласин;

    халқаро турнирларда маҳаллий камончилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган кучли халқаро камончилар, тренерлар ва ҳакамларнинг иштирокини таъминласин.

    5. 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камондан отиш спорт тури бўйича жаҳон стандартларига жавоб берадиган спорт базаларини (кейинги ўринларда – спорт базалари) ташкил этиш режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Белгилаб қўйилсинки:

    а) спорт базаларига методик кўмаклашиш Ўзбекистон камондан отиш федерацияси томонидан амалга оширилади;

    б) спорт базалари, шу жумладан, қуйидагилардан иборат бўлади:

    умумий жисмоний тайёргарлик, махсус жисмоний тайёргарлик, ўқув машғулотлари ва мусобақаларни ўтказиш учун очиқ турдаги спорт майдони ва спорт зали;

    томошабинлар учун трибуна, тренерлар, тиббиёт ходимлари, кийим алмаштириш хоналари, тренажёр зали, спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкасини сақлаш учун хона.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) Туризм ва спорт вазирлиги (А.Каримов) билан биргаликда 2022 йил ва келгуси йилларда Инвестиция дастурини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан спорт базаларини қуриш учун марказлашган капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини таъминласин.

    Қурилиш вазирлиги (К.Туляганов) спорт базаларини инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан доимий давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

    6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклансин:

    ҳар бир ҳудуднинг битта тумани (шаҳри)ни камондан отиш спорт турини устувор спорт тури сифатида белгилаш ҳамда уни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш;

    тегишли ҳудудда камондан отиш спорт турининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, спорт базаларини ташкил этиш ишларига яқиндан кўмаклашиш;

    2022-2024 йилларда ҳудудларда спорт базаларини ташкил этиш ишларини Инвестиция дастури доирасида амалга ошириш юзасидан таклифлар киритиш;

    жойларда камондан отиш спорт турини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;

    Ўзбекистон камондан отиш федерацияси ҳудудий бўлинмаларининг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

    жойлардаги раҳбар кадрлар орасидан номзодларни Ўзбекистон камондан отиш федерацияси ҳудудий бўлинмаларининг раиси лавозимига тавсия этиш.

    7. Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    8. Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов) билан биргаликда камондан отиш спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида:

    Бутунжаҳон камондан отиш федерацияси ҳамда Осиё камондан отиш федерацияси билан ҳамкорликни кучайтирсин, бу борада манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда, ушбу ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаб бериш билан боғлиқ харажатлар 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

    Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар (авваламбор Туркия, Эрон, Малайзия) ва бошқа мамлакатлар (Корея Республикаси, Германия, Россия) билан биргаликда камондан отиш спорт тури бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мусобақалар ва турнирларни ўтказиш, тажриба алмашиш, бошқа қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатсин.

    9. Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳамда спорт федерациялари (ассоциациялари)ни жалб этган ҳолда 2021 йил 1 ноябрга қадар мамлакатимизда этноспорт турларини (белбоғли кураш, улоқ, кўпкари, ошиқ ўйини, қарабтеп (ланка) ўйини, от пойгаси, кўк бўру, дорбоз, чиллак ва бошқалар) ривожлантириш ва оммалаштиришни, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқаларни кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    10. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур қарорга асосан жорий йилда кўзда тутилган чора-тадбирларни ва келгуси йилларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар учун зарур маблағларни 2021 йил Давлат бюджетида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминласин.

    11. Ташқи ишлар вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг буюртмасига асосан камондан отиш спорт тури бўйича жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирмасдан кириш визаларининг расмийлаштирилишини таъминласин.

    12. Ички ишлар вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг буюртмасига асосан камондан отиш спорт тури бўйича жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визаларининг берилишини ва муддатининг узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.

    13. Туризм ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Каримов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 17 июнь

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates