Кардиология соҳасида етакчилик тиббиёт туризмини ривожлантиришга йўл очади

    Аҳоли орасида юрак-қон томир касалликларига чалиниш ҳолати йил сайин кўпайиб бораётгани тиббиёт ходимлари олдига жиддий вазифаларни қўймоқда.

    Соҳа мутахассисларини тинимсиз изланиш, инновацион ва юқори технологик муолажа усулларини амалиётга кенг татбиқ этишга ундаяпти. Президентимизнинг ўтган йил 26 январдаги “Юрак-­қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга доир муҳим чора­тадбирлар белгилангани фикримизни тасдиқлайди.

    Бу борада филиалимиз жамоаси ҳам бор куч ва имкониятидан фойдаланиб, муайян натижаларга эришмоқда. Муассасамиздаги поликлиникада 170 кишининг стационар ва бир кунда 100 кишининг қатнаб даволаниши учун шароит мавжуд. Кардиохирургия, рентген эндоваскуляр хирургия, юрак аритмияси, артериал гипертония, юрак ишемик касалликлари, кардиоцеребрал патология ва реабилитация, анестезиология ва реанимация, функционал диагностика, стерилизация бўлимлари фаолият кўрсатяпти.

    Жарроҳлик амалиёти заллари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Моддий-­техник базамиз йил сайин мустаҳкамланмоқда. Ҳозир электрокардиограф, велоэргометр, ультратовуш аппарати, эхокардиограф, кардиовизор, холтер ЭКГ, МСКТ, ФГДЭС, ангиограф ва бошқа замонавий тиббий аппаратлар беморларга аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имконини бермоқда.

    Халқимизда касалликни даволагандан кўра олдини олган афзал, деган нақл бор. Бу, айниқса, юрак­-қон томир касалликлари учун алоҳида аҳамиятли. Шу боис, касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ўтган йили вилоятдаги 907 минг 998 нафар 40 ёшдан ошган аҳолининг 849 минг 900 нафари манзилли скрининг текширувидан ўтказилди. Бунинг натижасида 30 минг 829 нафар фуқарода юрак­-қон томир касалликлари аниқланди ва уларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

    Шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида 14 та “Саломатлик мактаби” ташкил этилди. Уларда юрак­-қон томир касаллиги билан оғриган беморлар учун “Кардиореабилитология” ўқув курслари ташкил этилиб, реабилитация қилиш бўйича ҳар бир бемор билан индивидуал машғулот ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

    Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий шифокорлик пунктлари ва оила поликлиникаларида 177 та шифокоролди кўриги хонаси ташкил этилиб, барча керакли жиҳозлар ва юрак­қон томир касалликлари профилактикаси бўйича 35 турдаги тарқатма материаллар билан таъминланди. Вилоятдаги 14 та кўп тармоқли марказий поликлиникада ҳам кардиологлар хонаси фаолияти йўлга қўйилди. Улар жами 1 миллиард 414 миллион сўмлик маблағ эвазига холтер ЭКГ, дефибриллятор билан жиҳозланди.

    Айни пайтда ушбу аппаратлар ёрдамида қўшимча 15 турдаги диагностика ва даволаш ишлари ўтказилмоқда. Лаборатория бўлимлари учун эса 256 миллион 200 минг сўмлик текширув аппаратлари харид қилинди. Айни пайтда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаси шароитида антропометрия (одам организми аъзолари ўлчамлари, ранги каби белгилари ўзгариб туришини тавсифлаш), қон босимини ўлчаш, ЭКГ, умумий холестерин миқдорини аниқлаш каби текширувлар амалга оширилади.

    Аҳолининг тана вазни индексини аниқлаш мақсадида “мобиль илова” ишлаб чиқилди ва амалиётда кенг қўлланяпти. Албатта, тиббиётда билим, тажриба ва малака жуда муҳим. Аммо яширишнинг ҳожати йўқ — чекка ҳудудларда малакали кардиологлар етишмайди. Шу боис, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 42 нафар оилавий шифокори рўйхати шакллантирилди.

    Шу кунгача уларнинг 13 нафари Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий­амалий тиббиёт марказида “ЭКГ Холтер бўйича мониторлаш асослари”, “Бўйин соҳаси магистрал томирлари допплер текшируви асослари” ҳамда “Эхокардиография асослари” бўйича ўқитилди. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 18 нафар малакали ҳамшираси эса миллий қадриятларимиз ва географик иқлим шароитидан келиб чиқиб, миллий кардиологик реабилитация тавсиялари бўйича ўқитилди ҳамда тренер сифатида тайёрланди.

    Улар ҳар ҳафта туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ва оила поликлиникалари ҳамшираларини ўқитмоқда. Сифатли тиббий хизмат кўрсатишда, табиийки, мутахассислар билими, малакаси ва тажрибаси катта аҳамиятга эга. Шу маънода, муассасамизда 1 нафар тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, 4 нафар тиббиёт фанлари номзодининг ишлаётгани, ўнлаб шифокорларнинг хорижда таълим олиб, малака оширгани ва улар сафи тобора кенгаяётгани жамоа салоҳиятини кўрсатади.

    Филиалимиз шифокорлари халқаро тиббий билим ва андазаларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қиляпти. Жумладан, ўтган йили тўрт нафар ходимимиз маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Беларус Республикасининг Кардиохирургия марказида юракда ўтказиладиган юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётини ўрганиб келди ва ҳозир бундай операцияларни ўзлари амалга оширяпти. Шунингдек, яна тўққиз нафар мутахассисимиз Франция, Туркия, Россия ва Қозоғистонда тажриба алмашиб қайтди.

    Ўн нафар кардиологимиз Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий­-амалий тиббиёт марказида, тўрт нафари эса В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий­амалий тиббиёт марказида малака оширди. Жорий йилда ҳам кардиолог, кардиохирург ва интервенцион кардиолог каби мутахассисларимиз Беларусь, Молдова, Туркия, Россиядаги нуфузли клиникаларда тажриба алмашади.

    Филиалда чет эл, хусусан, Россия, Қозоғистон, Польша, Грузия, Арманистондаги клиникалар билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада амалиётлар тури 21 тадан 86 тага етди. 2020 йилда 4 нафар чет эллик беморда юқори технологияли жарроҳлик амалиёти бажарилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 65 тага етди. Юқори технологияли жарроҳлик амалиётига муҳтож 2685 бемор даволанди. 2300 хастада каминвазив операция ўтказилди. Яна 385 нафар беморда эса очиқ турдаги юқори технологияли жарроҳлик амалиёти бажарилди.

    Ўтган йили миокард инфаркти билан мурожаат қилган 72 нафар беморга Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали бепул стент қўйилиб, юқори технологияли операциялар ўтказилди. Жамғарма билан 2022 йил учун 1,2 миллиард сўмлик шартнома имзоланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 93 нафар беморда юқори технологияли жарроҳлик амалиёти бажарилди.

    Бугунга келиб кардиология ва кардиохирургия, интервенцион кардиология соҳасини такомиллаштириш учун хорижий давлатларнинг қатор тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Россия Федерациясидаги Е.Мешалкин номидаги Кардиология ва кардиохирургия маркази, А.Бакулев номидаги Кардиохирургия илмий-­амалий маркази, Қозоғистон Республикаси Миллий кардиология маркази билан ҳамкорлик юқори самара бермоқда.

    Биргаликда ўтказилган мураккаб ва юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари натижасида кўплаб беморларимиз дарддан фориғ бўлмоқда. Муассасамиз Наманган вилоятининг мамлакатимизда кардиология соҳасида етакчи ўринга чиқишида алоҳида ўрин тутади. Жорий йилда олдимизга янада муҳим вазифалар қўйганмиз. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-­амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалини модернизация қилиш лойи ҳасини бажариш мақсадида Австриянинг “AME International” компанияси билан ҳамкорликда марказни жиҳозлаш ана шундай улкан режалардан бири.

    Умумий қиймати 8,89 миллион евролик лойиҳанинг рўёбга чиқиши юрак­-қон томир тизимининг турли паталогияларида содир бўладиган ўлим ва ногиронликни камайтириш, олдини олиш ҳамда шошилинч кардиожарроҳлик амалиётини сифат жиҳатидан яхшилаш имконини беради.

    Лойиҳада назарда тутилган тиббий жиҳозларнинг келтирилиши натижасида CRT­D кардиовертер­дефибрилятор имплантация, ишлаб турган юракда аорта коронар шунтлаш, гибрид операциялар ўтказиш, вазни 30 килограммдан енгил бўлган беморлардаги юрак туғма нуқсонларини бартараф этиш, аортал клапанни интервенцион усулда ўрнатиш онкологик хасталикка чалинган беморларда кимётерапевтик препаратларни селектив шикастланган жойга юбориш, жигар циррозида эндоваскуляр усулда порта­кавал анастамоз ўрнатиш, ишемик инсульт ўтказган беморларда бош мия томирларини стентлаш амалиёти, бош мия қон томирлари аневризмасида эмболизация амалиётини йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.

    Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий­амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида нафақат вилоят, балки Фарғона водийсидаги 10 миллионга яқин аҳоли, қўшни республикалар фуқароларига ҳам тиббий хизмат кўрсатилади. Техник имкониятларнинг кучайтирилиши тиббий туризм ривожига ҳам кенг йўл очади. Мақсадимиз аҳоли ўртасида кардиологик касалликларни барвақт аниқлаш, асоратларини сезиларли равишда камайтириш, аҳолининг юрак­қон томир касалликлари профилактикаси бўйича тиббий саводхонлигини оширишга эришишдан иборат.

    Солижон Мўминов,

    Республика ихтисослаштирилган кардиология

    илмий-амалий тиббиёт маркази

    Наманган филиали директори

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates