Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳам рақобатбардош нархлари, замон талабига мос клиникалари, тиббий муолажалар сифати, юқори малакали мутахассислари билан сайёҳлар учун жозибадор манзилга айланмоқда.
Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга даволаниш мақсадида 110 мингга яқин хорижлик сайёҳ келган ва тиббий туризм экспорти 174 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2023 йилдагидан 40 фоиз ортган.
Бугунги кунда тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида келаётган хорижликларнинг 80 фоизи қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Термиздаги Айритом чегара постига туташ ҳудудда ташкил этилган замонавий тиббиёт мажмуасида Афғонистон ва Тожикистон фуқаролари даволанмоқда. Сайёҳларнинг асосий қисми оғир турдаги жарроҳлик амалиётлари, кардиология, урология, қандли диабет ва бошқа турдаги касалликлардан даволаниш мақсадида юртимизга келмоқда.
Сайёҳларни қабул қиладиган республика тиббиёт марказлари, хусусий тиббиёт муассасалари, илмий текшириш институтлари клиникалари томонидан турли тиббий муолажалар таклиф этиляпти. Хизматлар доираси кенг: стоматология, пластик жарроҳлик, кардиология, ортопедия, реабилитация, тўлиқ тиббий текширувлар, лаборатория таҳлиллари ва визуал диагностика...
— Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига 2024 йилда хорижнинг 2824 фуқароси шифо истаб келган бўлса, жорий йилнинг беш ойида 1196 хорижлик бемор марказга мурожаат қилди, — дейди марказ директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Файзулла Умаров. — Бундан-да юқори кўрсаткичларни қамраб олишга салоҳиятимиз етади. Айни пайтда тиббий туризмни ривожлантиришга бағишланган халқаро ва республика кўргазмаларида фаол иштирок этиб, юқори технологик операциялар, бўлимларни жиҳозлаш ҳамда диагностика, реабилитация имкониятларини намойиш этяпмиз.
Беморларнинг аксарияти Марказий Осиё давлатларидан келади, бу эса бизда травматология ва ортопедия хизмати юқори даражада эканини кўрсатади.
— Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан келдим, — дейди Дилноза Рўзметова. — Икки йил олдин оёғимдан жароҳат олгандим. Ўшанда гипс қилдирмаганман. Шу-шу оғриб юрди. Ушбу тиббиёт маркази ҳақида эшитгандим. Мурожаат қилганимда плоскостопия ва бўғин ёпишиши ташхисини қўйишди. Юқори малакали шифокорларнинг тўғри ва аниқ ташхиси, маслаҳати, яратилган шарт-шароитларни кўриб, шу ерда операция қилдиришни маъқул топдим. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди, ҳозир аҳволим яхши.
Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Саёҳат қизиқарли саргузаштларни ўз ичига олса-да, айрим ҳолларда саломатлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келишни ҳам истисно қилиб бўлмайди. Зарур тиббий ёрдам тез ва сифатли кўрсатилиши сайёҳларнинг мамлакатга ишончини оширади. Марказда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилган.
— Бу йўналишда кўрсатилган малакали хизмат нафақат саломатликни яхшилайди, балки мамлакатнинг туристик нуфузини ҳам юқори даражага олиб чиқади, — дейди Файзулла Умаров.
“Авиценна” тарғибот бренди
Коронавирус пандемияси инсонлар соғлиғида изини қолдирганини инкор эта олмаймиз. Қолаверса, экологик ва бошқа сабаблар туфайли юзага келаётган янги касалликлар тиббий хизматларга эҳтиёжни оширмоқда. Бу эса хизматлар сифатини янада яхшилаш, соҳага энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш заруратини юзага келтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” (“Medical service hospitality”) дастурини амалга ошириш кўзда тутилган. Қарорга кўра, “Авиценна” номи остида Ўзбекистоннинг тиббий ва соғломлаштириш туризми бренди ишлаб чиқилиб, хорижий мамлакатларда тарғибот компаниялари йўлга қўйилаётир. Бу бренд доирасида санаторий ва клиникалар фаолияти мониторинг қилинмоқда.
Айни пайтда тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийларга “беш юлдузли” тоифаси бериляпти. Мисол учун, Тошкент вилоятида жойлашган “Tashthermal”, “Тошминералсув” санаторийлари шулар жумласидан.
Халқаро ҳамкорлик муҳим
Халқаро рақобатбардошликни ошириш, тиббиёт туризми бўйича умумий дастур ва стратегияларни биргаликда ишлаб чиқиш ташкилотлар ўртасида мустаҳкам интеграция ва мулоқотни талаб қилади. Давлат, хусусий сектор, халқаро ҳамкорлар, илмий жамоалар бирлашиб ишласа, тиббиёт туризми сектори ривожланиб, катта иқтисодий ва ижтимоий фойда келтиради. Ана шу мақсадда 2024 йил декабрь ойида мазкур йўналишда фаолият юритувчи 16 та тадбиркорлик субъекти иштирокида Беларуснинг йирик тиббиёт ва санатор-курорт объектларига инфотур ташкил этилди.
2025 йил февраль ойида Словакия билан ҳамкорлик ишлари бошланди. Словакиянинг “Бойнице”, “Нимница”, “Штос” каби курорт зоналари ҳамда “Словенский рай”, “Пиенап”, “Полонини” каби миллий боғларида ташкил этилган соғломлаштириш йўналишида тажриба алмашилмоқда. Шу мақсадда икки давлат туристик ташкилотлари ҳамкорликда ишлаб, юртимизга сайёҳлар фаол жалб қилиниши режалаштирилган.
— Сайёҳлар юртимиздаги мавжуд тиббиёт ва соғломлаштириш муассасалари ҳақида тезкор маълумотга эга бўлиши учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасалари ягона реестри шакллантирилди. Шу реестрга киритилган тиббиёт масканлари хизматлари сайёҳлар фикрлари асосида баҳолаб борилмоқда.
Тиббиёт муассасалари, санаторий, пансионатлар ва тиббий туризм йўналишида хизмат кўрсатувчи туроператорлар хизматлари сифатини баҳолаб берувчи электрон платформа ишлаб чиқилди ва синов тариқасида ишга туширилди.
Ўзга юртга йўл олаётган сайёҳ, аввало, интернетдан ўша мамлакат ҳақида маълумот излайди. Хорижий аудиториянинг мамлакат тақдим этаётган имкониятлардан хабардорлик даражасини ошириш жуда муҳим.
— Шу йил Мадрид, Лион, Нью-Йорк, Деҳли, Будапешт, Берлин, Москва, Минск, Дубай, Гуанчжоу шаҳарларида ўтказилган халқаро туризм кўргазма ва ярмаркаларида мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, жумладан, тиббий туризм имкониятлари тарғиб қилинди, — дейди Туризм қўмитаси масъул ходими Достон Мўминжонов. — Россиянинг “Первый канал” телеканалида Бухорода тиббий туризм соҳасидаги ишлар кўрсатиб берилди. Буюк Британиянинг “London post” янгиликлар порталида эса Сурхондарё вилоятининг Сангардак шаршараси ва Омонхона қишлоғига бағишланган мақола эълон қилинди.
Қилиниши зарур бўлган ишлар кўп
Тиббиёт туризми ривожи бошқа соҳалар тараққиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Яъни даволаниш учун келган сайёҳ мамлакатда муайян вақт қолади, бу эса меҳмонхона хизматлари, ресторанларга талабни рағбатлантиради. Сайёҳлар даволаниш билан бирга қизиқарли экскурсия дастурларидан баҳраманд бўлиши, Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси билан танишиши шубҳасиз.
Хусусий сектор йўналишни фаоллаштиришда муҳим ўрин тутяпти. Тиббий туризм инфратузилмаси кенгаймоқда.
— Аммо олдинда қилиниши керак бўлган ишлар ҳам кўп, — дейди Достон Мўминжонов. — Мамлакатда хорижлик беморларни қабул қилиш билан боғлиқ хизматлар сифатини ошириш, жумладан, кўп тилли хизматларни жорий этиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва сайёҳлар учун қўшимча имтиёзлар яратиш зарур.
Ўзбекистонда тиббий туризм истиқболли ва жадал ривожланаётган соҳа, у нафақат мамлакат иқтисодий ўсишига ҳисса қўшади, балки халқаро майдондаги имижини ижобий шакллантиради.
Даволанишни маданий танишув билан бирлаштирган комплекс таклифлар хорижлик беморлар учун жозибадорлик касб этиши шубҳасиз. Мамлакатимизда бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Дунёда жадал ривожланаётган ушбу соҳада кучли позицияни эгаллаш нафақат иқтисодий ўсишга, балки аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини сезиларли даражада яхшилашга ҳам хизмат қилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири







