Бугунги кунда республикамизда 954 нафар хусусий нотариуслар фаолият кўрсатиб келмоқда. Фақат олис ҳудуд ҳисобланган Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани 1 нафар давлат нотариуси сақлаб қолинган.
Нотариат тизимининг ислоҳ қилинганига бугун 3 йил тўлди. Шу давр ичида нотариат соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлиги эътирофга лойиқ. Айниқса, соҳадаги мавжуд муаммолар ва такомиллаштириш лозим бўлган йўналишлар муҳим ҳисобланади.
Ушбу семинарнинг ташкил этилишидан асосий мақсад – нотариат соҳасида 3 йил давомида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаб олиш ва уларни бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш, шу билан соҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг янги нотариат тизими ушбу қисқа 3 йил ичида шиддат билан ривожланди, соҳа рақамлаштирилди, ривожланган мамлакатлар нотариат тизимлари билан алоқалар ўрнатилди. Шу даврнинг энг муҳим ютуқларидан бири – Ўзбекистон нотариатини Халқаро Нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиши ҳисобланади, 2021 йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон нотариат тизими Халқаро Нотариуслар иттифоқига аъзоликка қабул қилинди.
Халқаро ҳамкорлик соҳасида илгарилаб кетган Ўзбекистон Нотариал палатаси
Бугунги кунда Ўзбекистон нотариал палатаси 9 та хорижий давлатлар (Германия, Франция, Литва, Россия, Белоруссия, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистон) нотариал палаталари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Шу билан бирга, 20 та давлат ва нодавлат ташкилотлар билан меморандумлар имзоланиб, ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
2022 йилда 2 та онлайн конференцияда, 4 та халқаро онлайн семинарда нотариусларнинг иштироки таъминланди.
Франция, Германия, Россия, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюриб, нотариат соҳасидаги тажрибани ўрганиб, юқори баҳоладилар.
2022 йилнинг май ойида Мюнхен шаҳрида (Германия) бўлиб ўтган Халқаро нотариуслар иттифоқи Бош кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳамда 2022 йилнинг июнь ойида Нур-Султон шаҳрида Халқаро нотариуслар иттифоқи томонидан ташкил этилган II Марказий Осиё халқаро нотариал конференциясида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси вакиллари иштирок этишди. 2022 йил октябрь ойида Франция нотариуслари Олий Кенгаши Конграссида, ноябрь-декабрь ойларида Мексикада бўлиб ўтган Халқаро нотариуслар иттифоқи Конгрессида, Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро конференцияда иштирок этилди.
Шу билан бирга ҳозирги кунда Ўзбекистон Нотариал палатаси 20 дан зиёд маҳаллий вазирлик, ташкилот ва идоралар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон нотариат тизимини хорижий тажриба асосида янада такомиллаштириш, нотариат соҳасида Ўзбекистон тажрибасини оммалаштириш орқали мамлакат имиджи яхшиланишига ҳисса қўшиш мақсадида амалга оширилди.
Бугун ўтказилган анжуманда Нотариал палата ҳамда ҳудудий бошқармалар раҳбарияти ҳамда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи фаол нотариуслар ҳам иштирок этиб, қисқа давр мобайнида соҳада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд камчиликларни ҳам муҳокама қилдилар ҳамда уларни бартараф этиш, Ўзбекистон нотариат тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган қонунчиликка таклифлар бердилар.
Тадбирлар асносида “Нотариус мадҳияси” ҳамда “Нотариус кундалиги” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, муаллифи Шаҳриёр Шавкат бўлган ушбу мадҳия жаҳон нотариат тизимида ягона, худди шундай “Нотариус кундалиги” китоби ҳам нотариат тарихида биринчисидир.
Тадбирда сўзга чиққан юридик фанлари номзоди, профессор Бобоқул Тошев бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтди.