Кеча «Аёллар ва ёшлар дафтари»да турган аёллар бугун иш берувчига айланди

    Бизнес 16 июл 2021 1335

    Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи Иродахон Юнусова икки ой аввал «Темир дафтари»да эди. Бугун эса унинг маҳсулотлари водий бозорини эгаллаб, энди Хоразмга чиқяпти.

    Уч фарзанднинг онаси Иродахон Юнусова Ўзбекистон туманининг «Беруний» маҳалласида яшайди. «Аёллар дафтари»га киритилган Иродахон тикувчиликдан яхшигина бохабар эди.

    Тижорат банкидан ажратилган 25 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига 5 та замонавий тикув машинаси харид қилади. Шу тариқа ўз юмушини енгиллатиб, аста-секин даромадини кўпайтира бошлайди. Ёнига яна 5 нафар ишсиз маҳалладош қизларни ҳам олиб, бугун чақалоқлардан тортиб ёши катта аёлу-эркаклар кийимларини тикяпти.

    Ҳозирда у махсус дафтар рўйхатидан чиққан. Бозори харидоргир сифатли кийим-кечакларини Андижону, Наманган, ҳатто Хоразмгача етказиб бермоқда.

    «Барчаси астойдил қунт ва ҳалол меҳнатга боғлиқ. Шукр, олаётган даромадимиз ёмон эмас. Кузда камзул ва курткалар тикишга ўтамиз. Кейинчалик эса тикув цехи очиш ниятидамиз», — дейди тикувчи.

    Наргизахон Эргашева ҳам маҳалланинг Туркистон кўчасида истиқомат қилади. Икки ой олдин «Ёшлар дафтари» рўйхатига турган Наргизахон бугун уддабурон ишбоши. Бичиш-тикишнинг ҳадисини 12 йил аввал олган ёш тикувчи «Агробанк»нинг имтиёзли кредити асосида 7 та тикув машинасига эга бўлди.

    Оиласининг ўзида 5 киши шу иш билан банд, маҳалладошларидан эса 9 нафар аёл-қизларни ўз ёнига олган. Аёллар ва ёш қизчаларга тикаётган кўйлакларига буюртмалар кўп.

    «Онам бошчилигида уйда шогирдларим билан кийимларни тайёр ҳолатга келтирамиз, дадам эса Қўқон бозорида уларни сотишга ёрдамлашадилар. Маҳсулотларимиз юртимизнинг кўплаб вилоятларига етиб боради, лекин асосий буюртмачиларимиз қўшни Қирғизистонинг Ўш ва Бишкек шаҳарлари ҳамда Қозоғистон давлатидан», — дейди моҳир тикувчи.

    Укаси Худоёрхон ҳам иш юритишда асосий кўмакчи, ҳаттоки у ҳам ҳар қандай матони яхшигина тика олади.

    Таъкидлашича, хонадонда бир кунда 1 та тикувчи 20 тагача кўйлак тика олар экан. Аёллар кўйлакларининг бозордаги ўртача нархи 70-80 минг сўмни ташкил этади. Қўли келиб қолган 6 та шогирдига 600 минг сўмдан иш ҳаққи ҳам беради.

    Бугун ўз ишини пухта йўлга қўйиб олган Наргизахон махсус дафтар рўйхатидан чиққан. Меҳнати орқали оиласи ва маҳалладошларига нафи тегаётганидан мамнун, деб хабар беради Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates