Китобдаги 1200 ёшли чинор ҳақида эшитганмисиз?

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 4 май сонида “Янги Ўзбекистон” мухбири Гулсум Шодиеванинг “1200 ёшли чинор. Унинг ковагида 25-30 киши чордона қуриб ўтирса бўлади” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Дунёда пандемия пайтида ўрнатилган чекловлар бирин-кетин камаяётгани туфайли туризм индустрияси тиклана бошлаяпти. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробардан ортиқ сайёҳ келган. Кейинги ойларда янада кўп туристлар келиши кутиляпти. Бу маълумотлар Президентимиз раислигида шу йил 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чоратадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида қайд этилди.

    Чет элликларнинг мамлакатимиз тарихи, меъморчилик обидалари, мозийдан сўйловчи осори атиқаларию, зиёратгоҳларига қизиқиши юқори. Бироқ улар борадиган манзиллар ҳали-ҳамон саноқлилигича қолмоқда. Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда мамлакатимизда туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини берадиган, Чимён, Билдирсой ёки Зоминдан кам бўлмаган, лекин салоҳияти ҳали ишга солинмаган туристик манзиллар кўплигини таъкидлади. Ҳақиқатан, бундай манзилгоҳлар юртимизда сероб. Уларни излаб топиш, сайёҳлик имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш керак, холос.

    Бу борада Президентимизнинг шу йил 30 апрель куни қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга. Боиси, мазкур қарор билан туризм инфратузилмасини яхшилаш орқали сайёҳларга янада қулай шароитлар яратиш, ички туризмни ривожлантириш, юртимизнинг айни йўналишдаги имкониятларидан самарали фойдаланишга оид устувор вазифалар белгиланди.

    Китоб тумани юртимизнинг энг сўлим ва баҳаво гўшаларидан эканини кўпчилик яхши билади. Ҳудудни уч томондан баланд тоғлар ўраб туради. Кўзланган манзил — виқорли ва гўзал тоғлар орасидаги Имкана қишлоғига туман марказидан 12 километрдан зиёдроқ йўл босиб борилади. Қишлоқ денгиз сатҳидан 900 метр баландда жойлашган бўлиб, одамлар орасида “Хўжаимкана”, “Хўжа илмкони” номлари билан машҳур.

    Аҳолисининг аксарияти боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Қишлоқ аҳли ҳудудда юртимиздаги энг улкан кекса чинор дарахти ҳамда қадимий сув иншооти борлиги билан фахрланади. Шарқий томонида ястаниб ётган Қорахон тоғи этакларидан сизиб чиқувчи катта-кичик ўнлаб булоқ бирлашувидан ҳосил бўлган чоғроқ ариқ қишлоқни сув билан таъминлайди.

    Айтишларича, азалдан қишлоқ билан булоқлар орасини баландлиги эллик-олтмиш метрлик табиий тепалик тўсиб турган. Шу боис, ҳар ишда тадбиркор бўлган ота-боболар булоқ сувини тепалик остидан қишлоққа олиб ўтишнинг ўзига хос усулини ўйлаб топган. Жумладан, тепалик устида 13 та қудуқ қазилиб, ерости йўли орқали ўзаро туташтирилган.

    Ҳозир ҳам сайёҳларни лол қолдираётган ушбу қудуқлар маҳаллий аҳоли тилида кориз деб аталади. Улар бундан 5-6 аср муқаддам бунёд этилган. Ҳозир ҳам аҳолига чашма сувини етказиб беришга хизмат қиляпти. Ушбу булоқлар суви жуда мусаффо, ёқимли ва муздайлиги билан эътиборни жалб этади. Ҳайратланарли жиҳати, қишда сувнинг ҳарорати мўътадиллашади. Тошлар ичидан чиқиб келаётган булоқ суви яқин атрофдаги учта қишлоқни ичимлик сув билан таъминлайди.

    Имкана қишлоғида булоқлардан ташқари табиатнинг яна бир дурдона ёдгорлиги бор. У кўҳна чинор бўлиб, ёши ўн икки асрни қоралаган. Уни том маънода халқнинг беназир бойлиги деса ҳам бўлади. Чунки бугун ана шу кўҳна чинорни кўриш, табиат инъом этган мўъжизадан ҳайратланиш, мозий ва бугун билан юзлашиш учун қишлоққа дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар келади.

    Мутахассисларнинг эътирофича, 1200 ёшга кирган бу чинор юртимиздаги энг кекса дарахт ҳисобланади. Унинг ковагида 70-80 киши тик ёки 25-30 киши чордона қуриб ўтирса бўлади. Дарахт танасидаги табиий ёриққа эшик ўрнатилган. Асрлар ўтиши билан тана марказида кенг ўйиқ ҳосил бўлган. Ўйиқ ичидаги “хона” девори ёнғиндан қорайганини кўриш мумкин. Ривоят қилишларича, чинор дарахти минг ёшга кирса, ўзидан-ўзи қизиб, ички қисми ёниб кетаркан.

    Чинорнинг айланаси 18 киши қулочига тенг ёхуд 27 метрга яқин. Дарахт бағрида ҳосил бўлган “хона” эса узунасига 5,8, энига 4,2 метр. Унинг ичида 25 бола бемалол давра қуриб ўтириши мумкин. Шу боис, ўтган аср бошларигача ундан синфхона сифатида фойдаланилган. Қишлоқлик қарияларнинг гувоҳлик беришича, авваллари чинор шохларида 35 та лайлак уяси бўлган.

    — 2014 йилгача бу чинор ҳозирги кўринишидан анча виқорли ва катта эди. Лекин ёнғин туфайли шу ҳолатга келиб қолди. Вақт таъсирида чинор танасининг асосий қисми бўлган марказий шохи синиб тушди. Лекин кейинчалик дарахт янги новдалар чиқариб, ўсишда давом этяпти, — дейди қишлоқнинг ёши улуғларидан Усмонхон бобо Ҳошимов. — Эсимда, кўклам адоғида кўп лайлаклар учиб келиб, чинорга ин қурарди. Шўро даврида орада бир муддат лайлакларнинг бу ердан қадами узилди. Минг қатла шукр, мустақил бўлиб, миллий ва диний қадриятларимиз тикланди. Айниқса, ҳозир улуғ авлиёлар ва алломалар номи билан боғлиқ зиёратгоҳларга эътибор кучайган. Минг йилларни ортда қолдириб яшаётган чиноримизга яна лайлаклар келиб, ин қура бошлади...

    Бу қишлоқда табиат мўъжизалари билан бирга, муқаддас қадамжоларга ҳам дуч келасиз. Китоб тумани ҳудуди қадимий обидаларга бой. У ерда 174 та маданий обида бўлиб, шундан 6 таси зиёратгоҳ. Айниқса, туман ҳудудида жойлашган тарихий меъморий обидалардан Ҳазрати Султон ва Ҳазрати Башир ота мақбаралари, олим ва шайх Хўжа Абдулбоқи номи билан боғлиқ Хўжа Имканагий хонақоҳи жуда машҳур.

    — Имкана қишлоғини Сўфи Оллоёр ва Бобораҳим Машраб таърифлаган, — дейди Ҳазрати Мавлоно Хўжа Имканагий зиёратгоҳи масъул ходими Лочин Жалилов. — Тарихий манбаларга кўра, Алишер Навоий ҳазратлари Зарафшон тоғ тизмаларидан ўтаётиб, ҳали мана шу қишлоқ илмнинг ўчоғи, кони бўлади, деган. Ҳазрат зикр этганидек, бу қишлоқ ҳозир улуғ донишманд, шайх, тасаввуф илмининг забардаст тарғиботчиси, кўплаб илмларни эгаллаган пири комил Мавлоно Абдулбоқи Хўжа Имканагий ибн Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшиворий (1512-1600) номи билан боғлиқ.

    Ҳужжатларда ёзилишича, Хожа Имканагий 1512 йили термизлик саййидлар оиласида дунёга келган. Ўша йиллари юз берган нотинчлик сабаб Мавлоно шу қишлоққа кўчиб келган ва Кеш вилоятида нақшбандия тариқатининг Имкана мактабига асос солган. Алломанинг саъй-ҳаракати билан нақшбандия тариқати олис Ҳиндистон ҳудудига ҳам етиб борган ва Сирҳинд мактаби юзага келган.

    Манбаларда келтирилишича, Мавлононинг падари бузруквори Дарвеш Муҳаммад давридаёқ қишлоқда масжид, хонақоҳ ва мактаб фаолият кўрсатган. Кейинчалик аштархоний ҳукмдорлар Хўжа Имканагий ҳурматига Имкана қишлоғида йирик меъморий иншоотлар мажмуасини қуради. Ўз даврида қишлоқ мадрасасида 400 дан ортиқ талаба диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлган. Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан олдинги ва кейинги йилларда мавжуд мадраса ва масжидлар бузиб ташланади.

    Археологик маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларигача мажмуа вайроналари сақланган. Кейинчалик бино ғиштлари мактаб, завод қурилишига ташиб кетилган. Ўз даврида мажмуа таркибида бешта масжид, 43 хонали мадраса, шунингдек, ўзига хос йирик аркли ғиштин кўприк бўлган. Ҳозир мажмуадан фақат хонақоҳ биноси сақланиб қолган. Манбалардан бирида ёзилишича, кўп йиллар мусулмонлар диний қувватни Мавлоно Хўжа Имканагий маскан топган Хўжа илмкони қишлоғидан олган. Ҳатто ҳукмдорлар ҳам у кишининг зиёратига келган.

    Қишлоқ илмнинг маркази бўлгани сабабли Бухоро амирлиги қозиси ва мирзоси ушбу жойдан танланган. Мадрасалардаги муфти, раис, қозикалон сингари ўнлаб лавозимлар эгалари, жумладан, бозордаги тарозибонлар ҳам Ҳазрат Имканагий мактабини тугатган илм аҳли орасидан танлаб олинган. Чунки Хўжа Имканагий мадрасасида диний ва дунёвий илмлар ниҳоятда чуқур ўқитилган.

    ..Кўҳна чинор ҳақида яна бир гап. Мавлоно бу қишлоққа 1545-1550 йилларда келгани тарихий манбаларда қайд этилган. Ўша кезда у кишининг бошпанаси бўлмаган. Чинор Мавлонога ҳам бошпана, ҳам мадраса бўлиб хизмат қилган. Асосийси, пирнинг маслаги, мақсади халқни илмли қилиш, одамларни эзгуликка бошлаш бўлса, чинор бу борада мактаб вазифасини бажарган.

    — Зиёрат ва саёҳат қилиб руҳиятимизда ажиб енгиллик сездик. Кайфиятимиз кўтарилди. Бу заминда туғилиб ўсган кўплаб алломалар ислом оламида чуқур из қолдирган. Уларнинг тарихи билан танишмиз. Бундай аждодларингиз билан ҳақли равишда фахрлансангиз арзийди. Самарқанд ва Бухорода бўлдик, ҳозир бу муборак зот қабрини ҳам зиёрат қилдик. Улуғ чинорни кўриб ҳайратимиз ошди. Юртингизга ташрифимиз шу пайтгача қилган саёҳатларимизнинг энг гўзали бўлди, — дейди туркиялик Меҳмет Чан.

    Худди шундай фикрларни британиялик, покистонлик, арабистонлик меҳмонлар ҳам катта ҳаяжон билан айтди.

    — Хўжа Имканагий қабрини зиёрат қилиш орзуим эди, — дейди навоийлик Инобат Исмоилова. — Бундан бир неча йил олдин бир китоб ўқидим. Унда номи келтирилган улуғ инсонлар орасида Мавлоно ҳақидаги битиклар чуқур таассурот қолдирди. Шундай муборак кунларда оиламиз аъзолари билан у зотнинг қабрини зиёрат қилиш насиб этди. Айниқса, минг йиллик чинорни кўриб, кўзимдан шашқатор ёш оқди. Назаримда, қанчадан-қанча суронли даврлар силсиласига кўксини кериб, дош бериб келаётган бу қадимий дарахт жасорат тимсоли, мўъжизанинг ўзгинаси. Қанийди, дунё сайёҳлари шу ерга келиб, табиатнинг бу беназир туҳфасини ўз кўзи билан кўрса...

    Имкана қишлоғи ҳамда Хўжа Имканагий зиёратгоҳи ўз бағрида тарихнинг кўплаб сир-синоатларини мужассам этган. Шу боис, қадамжога Туркия, Эрон, Покистон, Арабистон, Миср, Индонезия, Германия, Италия, АҚШдан сайёҳлар келиб, бу табаррук ўлкада бугун ҳам мусулмон ахлоқи ва маданиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганидан ҳайратга чўмиб кетмоқда.

    — Сўнгги йилларда олиб борилган ободончилик ишлари меъморий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Хусусан, ислом тарихига мансуб обидалар ободонлаштирилиб, нураган жойлари қайта таъмирланиб, давлат муҳофазасига олинди, — дейди Китоб тумани туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Азимжон Қобилов. — Зиёратчи сайёҳлар, биринчи навбатда, осойишталик, поклик, ободликка қарайди. Шунинг учун тарихий мажмуаларни ободонлаштириш жараёнида ҳудуднинг иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар, ноёб гуллар экилмоқда. Атрофда гулзор ва яшил майсазорлар ташкил қилиняпти.

    Бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлашда миллийлик ҳамда замонавийликнинг уйғунлашувига эътибор қаратилмоқда. Сайёҳлар учун ҳудудларда меҳмонхоналар, чойхоналар, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этиляпти. Зиёратгоҳларни ўзаро боғлайдиган йўллар реконструкция қилиниб, замонавий инфратузилма шакллантирилмоқда. Бунинг натижасида туманимиздаги меъморий ёдгорликларни кўриш истагида бўлган маҳаллий ва хорижий туристларнинг сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Мамлакатимизнинг ўтмиши ва бугунги салоҳияти, ижобий қиёфасини жаҳон танимоқда.

    “Юрган дарё, ўтирган бўйра” деб бежиз айтилмаган. Имкана қишлоғи бўйлаб сафаримиз беҳад мароқли кечгани рост. Бу ерда тарихий жойларни, табиат сир-асрорларини, ҳар бир кунидан мамнун бўлиб, мазмунли умр кечираётган одамларни, ўз шонли тарихи ва бугунидан фахр туйиб изланишда давом этаётган мутахассисларни кўрдик. Яна бир карра англаб етдикки, юртимиз узоқ ва бой тарихга эга. Буни ўрганиш учун йиллар керак. Энг муҳими, қизиқиб, ўрганувчилар ҳам бор. Аслида бу ҳам Ватанга муҳаббат ва фахр туйғусидан келиб чиқади. Юрт шайдолари эса тарих ва бугун тўғрисида яна кўплаб янги тилсимларни кашф этади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates