Суд қарорига мувофиқ, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига қуйидаги мазмунда шарҳ берилди:
“Ўзбекистан Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг худудий бошқармалари - палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволари (аризалар) бўйича “...кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади” деган нормани, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади, деб тушуниш лозим”.
Шунингдек, Ўзбекистан Республикаси Олий Мажлисига “Давлат божи тўғрисида”ги қонунни янада такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди.