Кореянинг Пучон университети билан кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтиришга келишилди

    Таълим 26 май 2022 1268

    Жорий йил 24 майда Тошкент шаҳридаги Пучон университетида «Тошкент шаҳридаги Пучон университети фаолиятини ташкил этиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларнинг асосий тамойиллари тўғрисида»ги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

    Маросимда Мактабгача таълим вазири А.Шин, вазирнинг ўринбосари Н.Муслитдинов, Корея Республикасининг Пучон университети ректори Хан Джонг Сок, шунингдек, Корея Республикасининг Пучон университети ва Тошкент шаҳридаги Пучон университети раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.

    Меморандумнинг асосий мақсади Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда университетнинг мактабгача таълим, архитектура, менежмент ва бошқа оммабоп йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

    Шу билан бирга, ҳужжатга мувофиқ, университет фаолиятининг асосий устувор йўналишлари, хусусан:

    - мактабгача таълим соҳасида халқаро стандартлар даражасида таълим ва тайёргарлик дастурини таъминлаш;

    - мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ва Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегияси вазифаларига мувофиқ мактабгача таълим, шунингдек, архитектура, менежмент, корейс тили ва бошқа оммабоп мутахассисликлар бўйича педагог кадрларнинг малакасини ошириш;

    - замонавий таълим технологиялари асосида ўқув жараёнини ташкил этишда илғор хорижий тажрибани жорий этиш;

    - таълим дастурини ўзлаштириш учун ўқув профили ва индивидуал траекторияни танлаш имкониятини таъминлаш, деб хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.