Таъкидланганидек, Жиноят кодекси «коррупцияга оид жиноятлар» деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра Кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланяпти, ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, ушбу Қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланилмайди.
Қонунга мувофиқ давлат органи ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, нодавлат нотижорат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланяпти. Киритилаётган ўзгаришлар коррупцияга қарши муросасиз курашиш ҳамда ушбу иллат содир этилганда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, сенаторлар томонидан киритилаётган ўзгартиришлар коррупциявий жиноятларни аниқ белгилаш ва ушбу турдаги жиноятларга қарши тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, коррупциявий жиноятларни олдини олиш, коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо белгиланишига ҳамда жиноят оқибатида жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилиши қайд этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.