Космик фаолиятни амалга оширишнинг асосий мақсадлари:
- барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
- Ер, космик фазо ва осмон жисмларини тадқиқ қилиш, шунингдек улар ҳақидаги илмий билимларни тўплаш ва ривожлантириш;
- космик технологиялар ёрдамида тармоқларни рақамлаштиришни жадаллаштириш;
- космик технологиялар ёрдамида мамлакат ҳудудини илмий, ижтимоий-иқтисодий, экологик, тижорат ва бошқа соҳалар манфаатларида тадқиқ қилиш;
- космик фаолият соҳасида космик хизматлар кўрсатиш ва бошқалар.
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ("Ўзбеккосмос") космик фаолият соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси, "Ўзбеккосмос" агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари ва вазифалари мустаҳкамланган.
Қонун космосни илмий тадқиқ қилиш, масофадан зондлаш, алоқа ва навигация учун сунъий йўлдошлардан фойдаланиш, шунингдек космик ракета комплексларидан фойдаланиш, космик объектларни маркировка қилиш ва утилизация қилиш тўғрисидаги қоидаларни белгилайди.
Космик фаолият инсонлар соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулкини ҳимоя қилишни таъминлаш шарти билан амалга оширилади.
Ер юзаси, космик фазо ва уларда жойлашган барча объектлар, шунингдек табиий ва техноген хусусиятли ҳодисалар космик мониторинг объектлари ҳисобланади.