Кучли таъсир қилувчи дорини оздирувчи восита деб алдаб сотаётганлар қўлга олинди

    Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулот сифатида “Fatzorb” номли дори воситасини сотишмоқда.

    Ушбу дори таркибида «Сибутрамин» моддаси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон Қарорининг 1-иловасига мувофиқ кучли таъсир қилувчи модда ҳисобланади. Кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортишга асос бўлади.

    Мана шундай бир гуруҳ «шоввоз»лар ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулотлар савдоси билан шуғулланишлигини маълум қилиб, саҳифа очгани ва кучли таъсир қилувчи моддаларни онлайн савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган.

    Жорий йилнинг 5 январь куни Сергели тумани Обиҳаёт кўчасида 1992 йилда туғилган Д.С. ва 1993 йилда туғилган К.С.лар 600.000 сўм эвазига 180 дона «Фатзорб» номли дори воситасини сотаётган вақтида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушланган. Шунингдек, К.С. бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида текширилганда яна 72 дона «Фатзорб» номли дори воситаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган.

    Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.