Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар органи ходимлари хизмат вақтини ўтаётганда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ярим тунда ташландиқ жойда тентираётган йигит уларнинг эътиборини тортган.
Ҳодимларнинг текширувида унинг ёнидан сариқ “изолента”га ўралган, оқ кукунсимон модда топилган. Йигитнинг ёши сўралганда 24 ёшда эканлиги, унга бу иш мўмай даромад эвазига Instagram ижтимоий тармоғида таклиф қилингани маълум бўлган.
— Менга у ўзини куратор деб таништирди. Манзилни ташлади ва маҳсулотни бориб оласан деди. Шундан сўнг сариқ “изолента”га ўрашимни айтди. Белгиланган жойга бориб, ерга экишимни айтди. Фақат иккитасини экишга улгурдим, — дейди гумонланувчи йигит.
Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси(Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисмига кўра жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.