Катта йўл яқинида жойлашган бу объектнинг бугунги аҳволини кўриб, ҳайратда қолишингиз аниқ.
Оқсарой қалъаси номи билан аталадиган бу иншоотнинг шу пайтгача ярим кўриниши сақлаб қолинган. Аммо бу жойда бўлган киши қолган ярим қисми ҳам ўз кўринишини маълум вақтлардан сўнг йўқотиши мумкинлигига шубҳа қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига олинган мажмуа бугун анча қаровсиз аҳволда. Объектнинг ёнгинасида фуқаро хонадони жойлашган бўлиб, ҳаттоки маданий меърос ҳудудига ҳовли дарвозасидан кириб боришга мажбур бўлинади.
Маҳаллий аҳоли ўзгача услубда қурилган бино тарихини янада чуқурроқ ўрганиш лозимлигини таъкидлайди. Аммо, ўрганишга қадар иншоотни сақлаш, эътибор қаратиш лозимлиги наҳотки ҳеч кимнинг хаёлига келмаса. Соҳа мутахассислари бунга эътиборсиз бўлмайди деган умиддамиз. Маданий мерос объектининг бугунги ҳолатини суратларда кўришингиз мумкин.








