Маҳаллада ҳар қайси воқеа-ҳодиса ҳам дув-дув гап бўлавермайди. Буни маҳалладошлар жуда яхши биладилар. Аммо Нурафшон шаҳридаги “Обод турмуш” маҳалласида дув-дув гап оёқ чиқариб, кезиб юрибди, десак, муболаға бўлмасди. Агар бу ўзгаришлар бўлмаганида, маҳалланинг аёллари Ойпошшодек отларини бошқа қўйиши ҳеч гап эмасди. Яхшиси, гапни бир бошидан тинглай қолинг.
Маҳалладаги бу ўзгаришлар шаҳарга янги ҳоким келганидан сўнг бошланди, дейиш мумкин. Мазкур ҳудуд, 2019 йилда “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлишига қарамай ва номида “обод” сўзи бўлгани билан ёзда чанг, қишда лой бўлган кўчаларга қараб бўлмасди. На файз на тароват бор. Шу йилнинг кўкламида ҳам маҳаллага қадам босган кишининг кўнглидан ёқимсиз беҳузурликлар ўтишига ҳечам шубҳа йўқ эди.
Нурафшон шаҳри ҳокими М. Салиев ўнлаб йиллар давомида аҳолининг бундай шароитда яшаб келаётганини билиб, зудлик билан масъул идора мутасаддиларига зарур топшириқлар берди ва маҳаллий бюджетдан керакли маблағ ажратилди. Орадан ярим йил ўтди ё ўтмади, аммо масканда мисли кўрилмаган бунёдкорлик, тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Бу янгиланишлар ободликнинг янги уфқларига дебоча бўлди.
Ободлик уфқлари
“Обод турмуш” маҳалласида 42 та уй бўлиб, улардаги 634 та хонадонда 2177 киши истиқомат қилади.
– Шу маҳаллада яшаётганимга ҳам қарийиб ўн йиллар бўлиб қолди. Шунча йилдан бери бу ерда канализация борлигини билмаганман, ҳатто хаёлга ҳам келмасди, – дейди “Шон-шуҳрат” кўчасидаги 17-уй 4-хонадон соҳиби Баҳодир Хўжаев. – Бироқ бугунги ўзгаришлар ҳаммамизга кўтаринки кайфият бағишлаяпти. Мана болалар майдончаси, ўриндиқлар ҳам ўрнатилди. Бўларкан-у, невараларимизнинг қувончини бир кўрсангиз эди. Э, барака топишсиней.
Маҳаллага асос солиниб, 18 та икки қаватли уйлар қурилганига ярим асрга яқин вақт ўтган бўлса, бордир. Бироқ, шунда йиллардан бери бу ердаги уйлар на канализацияга ва на тоза ичимлик сувига уланган. Кўп қаватли уйлар атрофини қинғир-қийшиқ, ноқонуний қурилишлар эгаллаб олган, аҳоли эса оддий ичимлик сувини эллик метрдан яқин бўлмаган марказий қудуқларлар ташиб ичардилар.
– Олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида яшаб турган ҳудудимиз, янги қиёфа касб этганини катта мамнуният билан эътироф этиш керак, – дейди “Обод турмуш” маҳалласи раиси Шуҳрат Раҳматов. – Ўтган қисқа фурсат давомида ҳар бир хонадон канализацияга уланиб, хонадонларга иссиқлик тизими ўрнатилди ва ҳар бир уй остонасига тоза ичимлик суви қувурлари етказилди. 1980-1990 йиллардан бери йирик шаҳарнинг қоқ марказидаги бу маҳаллада канализация ҳам, иситиш тизими ҳам мутлақо мавжуд бўлмаганини ҳисобга олсак, янги Ўзбекистонда “маҳаллабай” ишлашнинг амалий натижасига гувоҳ бўлган бўламиз.
Номига монанд обод маҳалла
Ноқонуний қурилишлар, турли чиқиндихоналар, бир сўз билан айтилса, киши кўрганда дилини хуфтон қилгувчи манзаралардан иборат бўлган “Обод турмуш” маҳалласи янги қиёфа очяпти. 18 та икки қаватли уйларнинг ҳар бирининг олдида яқинида болалар майдончалари қурилди. Шунингдек, кексаларнинг ҳордиқ олишлари учун қулай шароитлар муҳайё қилинди.
– Ободонлаштириш ишлари учун учун жами 2 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилди, – дейди Нурафшон шаҳри Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Адҳам Абдувалиев. – 18 та хонадоннинг ҳар бирига “ақлли қозонхона” лар ўрнатилди. Қозонхоналар тўлиқ электрлаштирилган тартибда ишлаши ва энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради. Италияда ишлаб чиқарилган ушбу “ақлли қозонхон”лар бир ойда юқори босим билан ишлаган тақдирда ҳам атиги 1200 куб газ сарф этади. Бу, албатта, аҳолига қулайлик яратмай қолмайди.
– 2005 йил шу маҳаллага кўчиб келган бўлсак, даставвал озроқ афсусланганмиз-у, аммо бора-бора кўникканмиз. Очиғи, атрофнинг чиқиндилиги, коммунал хизматларнинг сифатсизлигига ҳам беэътибор қарай бошлагандик, – дейди Шаҳодат ая Хўжаева. – Мана энди бу ўзгаришларни кўринг. Мутасаддиларга рахмат!
Кўзёшли кунларим ортда қолди
Мазкур маҳалла раиси Шуҳрат Раҳматовнинг сўзларига кўра, ушбу маскандаги 61 ва унга туташ бир нечта уйда умуман том бўлмаган экан.
– Ҳозир шу уйларнинг томини ҳовуз қилиб, балиқ боқсангиз бўлади, истасангиз пляж қилинг, – дея мутойиба қилади маҳалла раиси.
Ҳақ рост, томнинг ёпилгани бир ён бўлди-ю, унинг Россия технологияси асосида ёпилгани яна бир ён бўлди. Боисики, одатий тарзда ушбу уй томларининг ёпилиши хомашё билан бирга ўртача 180-200 миллион сўм талаб этса, ўзлаштирилган янги технология асосидаги иш учун эса атиги 60 миллион маблағ сарфланади.
– Ушбу инновацион усул шаҳримиз ҳокими ташаббуси билан рўёбга чиқарилди. Ҳатто, Музаффар Холдорбоевич том ёпилишини ҳам ўзи, томда туриб назорат қилди, – дея қўшимча қилди Шуҳрат Раҳматов.
– Мен шу уйда 2013 йилдан бери яшайман, – дея маҳалладаги 61-уйнинг 4-хонадонини имлаб кўрсатди Сайёра опа Мираҳимова. – 2013 йилдан бери томдан чакки ўтарди. Ҳар йили куз келганида юрагимни ҳовучлаб ўтирардим. Ёмғир ёғди дегунча турмуш ўртоғим билан тоғораларни уйга ёйиб чиқамиз. У ёқ тоғора, бу ёқ тоғора, гиламларим моғор босиб кетган. Алам қилганидан йиғлаб юборардим. Ёмғир ёғиши билан йиғлардим. Минг шукрки, кўзёшли кунларим ортда қолди! Бу йилги ёғин-сочинли кунларни бемалол қаршилаймиз. Уй томи ёпилди, атроф саришта. Икки неварам бор, иккиси ҳам хурсанд.
Сайёра опанинг уйи шифтига қараб, чакки изларини кўрибоқ чуқур хўрсинасиз.
– Хўш, бу ўзгаришлар ёқяптими, Сайёра опа?
– Албатта ёқяпти! Мен сизларга айтсам, мана шу ернинг ўзидан 15 та юк машинасида чиқинди чиқди, ишонасизми? – дея, уй рўпарасини кўрсатди Сайёра опа. – 15 машина чиқит-а! Ҳозир қўшниларимиз билан атрофни ораста сақлаяпмиз. Гуллар экдик. Ўзимиздан бошқа биров қилмас экан. Маҳалладаги биринчи болалар майдончаси бизнинг уйимиз қаршисида қурилди. Болаларимиз мазза қиляпти.
Бу ўзгаришларда шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг ҳам катта ҳиссаси бор. Шавкат Алимов раҳбарлигидаги Ободонлаштириш бошқармасининг ходимлари Марҳабо Фахриддинова бригадирлигида дарахтларга шакл бериб, маҳалланинг файзига файз қўшмоқда.
Агар истаган ободтурмушликлардан бу ўзгаришлар таассуроти-ю сурари ҳақида сўрасангиз, улар ҳам иккиланмай тўлқинланиб сўз бошлайдилар. Бугун “Обод турмуш” маҳалласида дув-дув гап бўлаётган сўзлар шулар эди. Нима ҳам дердик, ҳавас қиламиз! Нафақат Нурафшоннинг балки юртимизнинг барча гўшаси, барча маҳалла-ю кўчаси ораста ва гўзал масканга айлансин!
Отабек ИСРОИЛОВ,
журналист








