Мажбурийликдан яратувчанликка

    Президентимиз билдирган мана бу ҳикмат ҳеч эсимиздан чиқмайди: “Бизнинг ота-боболаримиз бировларга эргашган эмаслар, балки бошқаларни ўзларига эргаштирганлар, уларнинг бойлиги ва қуроли эса, юксак билим бўлган. Биз эргашувчи эмас, эргаштирувчи халқмиз!”.

    Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар бир йили азиз, ҳар бирининг ўз ўрни ва қадри бор. 2022 йил ҳам бундан истисно эмас, албатта. Тарихга айланган мазкур санада эслашга арзигулик, турмушимизнинг ҳар бир йўналишида залварли ва сифатли из қолдирган воқеалар, марралар етарли бўлгани ҳам бор гап. Ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 80 миллиард доллардан ошгани, экспортимиз деярли 20 миллиард долларга етганининг ўзиёқ кўп нарса, аввало, миллий иқтисодиётимиз самарали ва замонавий ривожланиш йўлига тушиб олганининг тасдиғидир. Айтишга осон, ушбу натижаларга юртимизда тарихий ўзгаришларга росмана киришилган сўнгги йилларда дунё сиёсий ва иқтисодий ҳаётида тўхтовсиз юз бераётган инқироз ва қарама-қаршиликлар шароитида, миллий пулимизнинг “оқ” ва “қора” бозор кўрсаткичларига барҳам берилган ҳаққоний ҳолатда эришилгани кўзда тутилса, уларнинг қимматини теранроқ англаш ва виждонан эъзозлашимиз имкони туғилади, деб ишонамиз.

    Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанддаги салобатли ва самарали йиғилишлари ўзбек давлатининг халқаро майдонда ортиб бораётган нуфузини яна бир бор намоён этди.

    Шу билан бирга, 2022 йили содир бўлган бир воқеа аҳамиятини – сўнгги юз йил ичра феъл-атворимиз “оёқ-қўли” га кишандек михланган ва бунинг оқибати ўлароқ неча-неча авлодларимиз онгини заҳарлаб келган иллат – зўрма-зўраки ўқиш, мажбуран ишлаш, ҳатто яшаш тарзимизга ниҳоят узил-кесил чек қўйишга киришилганини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Бу ерда биз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди”, дея чўрт кесганини кўзда тутмоқдамиз.

    Боболаримиздан қолган маънавий меросда қўл учида иш қилмаслик, қуёшни қўл билан яшириб бўлмаслиги, қўл билан берганга қуш ҳам тўймаслиги сингари маъноларни билдирувчи ўгитлар шунчаки ўрин олмагани аниқ. Миллий етакчимизнинг давлат мустақиллигимизни тиклаганимизнинг 29 йиллигига бағишланган оташин чиқишидаги “Халқимизда “Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз, кўзлаган марраларимизга эришамиз” чақириғида ҳам жуда чуқур ҳикмат бор, деб ўйлаймиз. Яъни инсон, жамоа, жамиятни улкан ишларга отлантирувчи омил уларнинг жисмоний кучи эмас, балки иродаси, чидами, заковатига асосланган яратувчанлигидир.

    3000 йиллик миллий давлатчилик йўлимизнинг сўнгги мустамлакачилик даврига қадар қайси бир босқичи, ҳолати бўлмасин, идора этиш масаласида “қўл бошқаруви” тушунчасини кўрмаймиз. Мутлақ ҳукмдор ўлароқ талқин этиб келинадиган Амир Темур бобомиз ҳам Ўрта ер денгизидан Хитой деворларигача, Москвадан Деҳлигача ястанган улкан салтанатни бошқаришда олий девон хизматлари, ўнга яқин вазирлик, шунингдек, улуслар, вилоятлар, туманлар бошлиқлари, ишчан беклар, маҳалла оқсоқолларига таяниб иш кўргани яхши маълум.

    Бундан 1000 йил бурун – Х асрдаги пойтахтимиз Бухоро шаҳридаги ўнта бинода ўнта вазирлик (бош вазир, молия, расмий ҳужжатлар, қўриқлаш, хат-хабарлар, сарой иш бошқаруви, давлат мулклари, мухтасиб, вақф ишлари, қозилик) фаолият юритгани бошқарувчилик маданиятимизга яхшигина ишора эмасми? Ўша пайтларда давлатимиз чегаралари ҳозирги Ўрта Осиё, Афғонистон ва Шарқий Эронни қамраб олганидан келиб чиқилса, мазкур тизимнинг унумлилиги қанчалар кенг бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

    Шаҳарчилик тарихимизнинг дурдоналари саналмиш, ўзининг чиройи ва маҳобати билан бугун ҳам барчани ҳайратга солиб турган иморатлар – қўрғонлар, саройлар, мадрасалар, кутубхоналар, шифохоналар, масжидлар, мақбаралар, миноралар, карвонсаройлар, тимлар, кўприклар, сув айиргичлар, ҳаммомлар қурдирганлар орасида ҳокимлар, турли амалдорлар, бой-бадавлат кишилар, маданият ва дин арбоблари кўпчиликни ташкил этиши ҳам асоссиз эмас. Ҳар ким ўз маконида билиб-билиб ишини қилаверган.

    “Қўл бошқаруви” тушунчаси Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилгач пайдо бўлган маъмурий-буйруқбозлик тизимига бориб тақалиши шубҳасиз. Улкан империяни қаттиққўллик билан идора этиш, қарам ўлкаларнинг ҳар қандай кўринишдаги мустақил иш юритишига йўл қўймаслик, “марказ”дан берилган буйруқни ҳар қанақасига ва сўзсиз бажаришни таъминлаш, бошлиқ сўзини икки қилмаслик, “ташаббусчилик – жазоланувчилик” қоидаси ҳукмронлиги, давлат мулкчилиги мутлақлигини таъминлаш, самарага эмас, режани дўндириш, ҳисобот, омбор учун ишлаш – буларнинг бари йиллар ичра мазкур тизим табиатини белгилаб берган омиллар.

    Минг афсуски, давлат мустақиллигимизни тиклагач ҳам, демократия, ҳуқуқий давлат, бозор иқтисодиёти, фуқаролик жамияти қуриш мақсадини эълон қилсак-да, амалда советча бошқарувнинг сарқити бўлмиш маъмурий-буйруқбозлик тизимидан воз кечолмадик. Бу ҳам етмагандек, айрим пайтларда уни янада “такомиллаштирган” ҳолатларимиз ҳам бўлганини энди яширишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлаймиз. Ўтган аср тўқсонинчи йиллари охирида юз берган воқеа – ўз ҳудуди миқёсида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги танлов ва мукофотни “юқори” билан келишмай эълон қилгани учун Андижон вилоят ҳокими, Президент девонидаги тегишли масъул ҳамда оммавий ахборот воситалари учун жавобгар камина балога қолганимизга бугун биров ишонади, биров эса йўқ.

    Шу тариқа, юз йил давом этган, бажармасанг ҳам, бажарсанг ҳам “калтак ейиш” эҳтимоли баланд, ҳатто бўш турган лавозим ҳам ишлайдиган (“лавозими бўйича”) муносабатлар тизими шаклланди, яшади. Шунга яраша мутахассислар тайёрлаш “тажрибаси” ҳам тўпланди. “Бошинг иккитами”, “сўрамаса, индама”, “шу сенга керакми”, “қичимаган ерингни қашима”, “юмалоқ ёстиқ қилиб бериб юборавер” сингари ўзига хос қочирим, огоҳлик ва “маслаҳат” жумлалари ҳам пайдо бўлди. Шахс ва миллат рўшнолиги йўлида фалокат саналмиш мазкур ҳолат бир асрга чўзилгани, шу орада неча-неча авлод “бошқарувчилари” алмашгани инобатга олинса, 2016 йил 14 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти тизимимизнинг барча казо-казо вакиллари – депутатлар, сенаторлар, вазирлар, ҳокимларга қарата айтган “Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан билиши, содда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи тортиши лозим” талаби биз учун қанчалар тарихий аҳамият касб этиши ойдинлашади-қолади.

    Бошқача айтганда, миллий етакчимиз томонидан 2023 йилдаги устувор йўналишларнинг биринчиси ўлароқ ўртага ташланган “ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш” таклифи аслида Янги Ўзбекистон босқичининг илк кунлариданоқ мўлжал қилинган, узоқни кўзлаган масаладир, десак хато кетмас. Агар давлатимиз раҳбарининг бир неча йил бурун, бир ишнинг бошига ўз ишининг устасини топиб қўйсанг, бўлди, унга назоратчи ҳам, бошқаси ҳам керакмас, негаки, у ўз ишини билиб қилаверади, деган гапининг ҳам мағзини чақсак, мазкур тизимнинг тарихий зарурати ва чуқур билимга эга мутахассисларнинг ундаги тенгсиз ўрни аёнлашиб бораверади...

    “Ўзбек”нинг мазмунини тушунтиришда кўпчилигимизнинг қарашимиз деярли бир: ўзига хон, ўзига бек. Бу билан ғуруримиз ўта баланд, оримиз ниҳоятда кучли, унча-мунчага кўнмаслигимиз-у, ҳеч кимга бош эгмаслигимизни билдириб қўймоқчи бўламиз. Бундай йўл тутиш учун маълум маънода ҳаққимиз ҳам бор, албатта. Бироқ энг эски замонлардан мўйсафид Турон, гўзал Туркистон эгалари бўлмиш биз ўзбекларнинг бош фазилатимиз, ўқ-илигимиз ўлароқ омил бошқачадир, деб биламиз.

    2019 йил 23 августда халқ таълими тизимини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Президентимиз билдирган мана бу ҳикмат ҳеч эсимиздан чиқмайди: “Бизнинг ота-боболаримиз бировларга эргашган эмаслар, балки бошқаларни ўзларига эргаштирганлар, уларнинг бойлиги ва қуроли эса, юксак билим бўлган. Биз эргашувчи эмас, эргаштирувчи халқмиз!”.

    Чиндан ҳам, хоҳ сиёсий, иқтисодий, хоҳ илмий, маданий бўлсин, узоқ ва бой ўтмишимиздаги барча тарихий ютуқларимиз замирида пишиқ-пухта билим ётган. Амир Темур бобомиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз кетганда, у кишининг умри уруш-талашларда ўтганига оид хато қараш ва талқинлар, афсуски, бугун ҳам тез-тез учраб туради. Ҳолбуки, Соҳибқироннинг ўзи “салтанатни бошқариш ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини эса, қилич билан бажо келтирилишини англадим”, дея масалага ўша замондаёқ ойдинлик киритиб қўйган эди. Кишилик тарихида бирон ҳукмдор “Тузуклар”га ўхшаш бир нима қоралай олмагани эса, миллий давлатчилигимизнинг куч-қудрати буюк тарихий шахсларимиз, ислоҳотчиларимиз ҳамда бошқарувчилик илмимиз ва маданиятимиздан баҳра олганини тасдиқлайди-қўяди.

    Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Балх, Кобул, Ҳирот воҳалари энг қадим замонлардан дунё ҳунармандлик, деҳқончилик, савдо-сотиқ марказлари бўлиб келгани, Самарқанддаги саррофга ўн минг олтин танга топширгани ҳақида чек (чак) олган савдогар уни, масалан, Машҳад ёки Исфаҳондаги саррофга кўрсатиб, ўша маблағни нақдлаб олгани, яъни бугун барча учун оддийлик касб этган чек тизими бизда минг йил бурун ишлаб турганини аждодларимизнинг иқтисодиёт бобидаги ҳар томонлама ва чуқур билими билан боғлаш адолатли бўлади.

    Мўғул босқини билан боғлиқ юз эллик йиллик танаффусни санамаганда, IX-XV асрларни қамраб олган Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврлари миллатимиз истеъдоди ва давлатимиз иқтидорига қўйилган ўзига хос ва мангу ҳайкаллардир, десак ошириб юбормаган бўламиз. Яқин-яқингача кўриб-кўрмаганлик, билиб-билмаганликка олиб келинган мазкур ҳақиқатни юзага чиқариш, ушбу тенгсиз меросни ўз эгаларига қайтариб олиб беришга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жасорати ва адолати ўлароқ эришилганини айтиш ҳам қарз, ҳам фарз, деб қаттиқ ишонамиз.

    Негаки мана олти йилдирки, миллий етакчимиз ҳар биримиз онгимизга сингдириб келаётган “нажот – билимда”, “нажот – изланиш, ўрганиш, янгиланишда” бош ғояси ўзбекчиликнинг ўқ-илиги ва тўқ-мағзидир. Яъни бутун миллий борлиғимиз давомидаги давлат бошқаруви, иқтисодиёт, илм-фан ва маданиятда эришилган барча ютуқларимиз ўз билимларимиз, узоқ ва узлуксиз изланиш, ўрганишлар ўлароқ яратилган тажриба, анъаналаримиз – яратувчанлигимиз эвазига содир бўлган.

    Орадан беш юз йилдан ортиқ вақт ўтиб, Учинчи уйғониш даврининг пойдеворини қўйишга бел боғлаганимиз ва ушбу ҳар биримиз учун муқаддас бурчга айланиши шарт иш илм-фан ва таълимга эътибордан бошлангани ҳам тасодиф эмас, деб ўйлаймиз.

    2016 йилнинг сўнгги кунлари эсингиздами? Бизнинг кечагидек ёдимизда: 30 декабрь куни – бутун дунё, жумладан, халқимиз ҳам Янги йилни кутиб олиш тараддудида бўлган бир паллада, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев олимлар билан учрашиб, олдимизда турган кўпдан-кўп, оғирдан-оғир муаммоларни илм-фансиз ечиб бўлмаслигини уқтирган эди. Бошқача айтганда, Янги Ўзбекистон билим ва олимга эътибордан бошланганди.

    2022 йилнинг охирги ҳафтасини ҳам Президентимиз таълим масалалари, айниқса, замонавий дарсликлар ва ўқитишнинг бутунлай янгича йўсинлари муҳокамасига бағишлаганини тасодиф санамаймиз. Мурожаатномани қунт билан тинглаган ва синчиклаб ўқиган киши ундаги ҳар бир мавзу ва унинг таҳлили замирида билим омили борлигини илғамаслиги мумкин эмас.

    Жорий йилнинг мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилиниши эса, шунчаки бир шиор бўлмасдан, балки Янги Ўзбекистонимиз бундан буёнги палласининг талаб ва табиатига қатъий ишора ўлароқ баҳолаган бўлардик. У ҳам бўлса, инсонга эътибор уни шунчаки эмас, балки сифатли билим эгаси қилиш орқали таъминланади.

    Юқорида зўрма-зўраки ўқиш масаласини тилга олганимиз бежиз эмас. Негаки тарих, айниқса, миллий тажрибамиз айнан шу тарзда сингдирилган таълим унумли бўлиши у ёқда турсин, жамият учун катта хатар, ҳатто фожиа бўлишини исботламоқда...

    Қандайдир икки-уч йилда асрлар ичра анъанавий бўлиб келган, айниқса, сўнгги юз йилда шафқатсиз ва ўта зарарли тизимга айланган мажбурий меҳнатдан қутулганимиз чиндан ҳам тарихий воқеа, ўзига хос инқилоб бўлди! Минг афсуски, ўз “одатимиз”га кўра, бугун яқин-яқингача тортиб келган азобларимиз, ҳатто “мажбурий меҳнат” тушунчасининг ўзини ҳам эсдан чиқариб қўйдик. Ҳолбуки, кечаги ўтмишимизнинг ушбу “кир саҳифалари”ни ёдимизда тутиш, кези келганда, авлодларга етказиб туриш биз учун бурч саналмоғи керак, деб қаттиқ ишонамиз!

    Кўпчиликни текинга, мажбурий ишлатиш бизда эскидан бўлган. Сунъий суғориш тизимидаги сон-саноқсиз ариқларни ҳар йилги тозалаш, янгиларини қазиш ишларини кўпчилик бўлибгина уддалаш мумкин эди. Шу тариқа, мажбурий ишлаб бериш амалиёти пайдо бўлган. Шу билан бирга, юрт ҳимоясида зарур юмушлар – мудофаа истеҳкомларини қуриш, тиклаш, таъмирлаш кўпинча ҳашар йўли билан кўнгилли равишда бажарилгани ҳам маълум. Қариндош-уруғ, ошна-оғайни, қўни-қўшниларникида чин юракдан ҳашар қилишдек яхши анъаналаримиз ота-боболаримиздан қолган эзгу меросдир.

    Эндиги тушунчадаги мажбурий меҳнат – одамларни қулдек ишлатишни тизим ўлароқ жорий этган эса, совет ҳокимияти саналади. ГУЛАГ жамлоқлари, коллектив хўжаликлар – колхозлар мазкур тизимнинг ёрқин намуналари. Колхозчилар 1964 йилдан бошлаб пенсия, 1966 йилдан ойлик маош, 1976 йилдан паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлганининг ўзиёқ кўп нарсага ишорадир.

    “Куйла, Санобар” ҳужжатли асарини бугунги ёшлар билмаслиги мумкин. 1974 йили дунё юзини кўрган мазкур лавҳалардаги бадиийлик ва тарғиботчилик даражасига мустақиллик йилларимизда яратилган шу сингари бирон нарса тенг келолмаслигини тан оламиз. Совет ҳокимияти шу қадар уста эди: муттаҳамликни чўққига чиқариб ҳам қўярди ва ҳам уни эзгулик ўлароқ онгга сингдириб юборишни эпларди. Бўлмаса, “Меҳнат менинг шиорим, яшнайди пахтазорим”, “Шодлан кўнгил, куйла булбул, куйла булбул, куйла, Ёшлик гўзал, гўё ғазал, нур тўла ҳаёт қўшиқда зўр қанот”, “Оқ олтиндан кон яратган улкан карвонсан”, сўзлари билан йўғрилган ашулаларни эшитамиз, колхозчи-чўпон қизи Санобарни кўрамиз, деб теледастурдаги “Куйла, Санобар” кўрсатувининг “таги”ни бир ҳафта бурун қизилда чизиб қўярмидик...

    Ўзбекистон ССР шароитида колхозлар доирасидаги мажбурий меҳнат бошқа соҳа ва қатламларни ҳам ўз домига тортган эди. Агар гап бутун таълим тизими, шунингдек, тиббиёт, илм-фан, ишлаб чиқариш жамоалари ҳақида экани кўзда тутилса, мустамлака даврида олтмиш йилдан ортиқ давом этган мазкур жараённинг кўлами ва фожиаси кишини даҳшатга солиши ҳеч гапмас. Мисол учун, камина мактабга илк қадам қўйган 1970-1971 ўқув йилида камида 3,3 миллион ўқувчидан деярли 2,5 миллиони пахтага “ҳайдалганига” нима дейсиз? 166 минг ўқитувчидан қанчаси “пахта фронти” – “оқ олтин”дан хирмон яратишга кетганини чамалаш мумкин, холос.

    Мустамлака замони ўз йўлига, бироқ ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олганимиздан кейин ҳам миллатимиз ва давлатимиз, келажагимиз учун ғирт зарар мазкур амалиётдан нима учун воз кечолмадик?! Бу ҳам етмагандек, ўқитувчи, тарбиячи, шифокорларимизни ер чопиш, кўчат экиш, қабристон тозалаш, кўча супуриш, газ, чироқ, сув пули йиғишга жалб қилишдек мажбурий меҳнатнинг “ўзимизга хос, ўзимизга мос” турларига кўмиб ташламадикми?!

    Тўққиз ойлик таълим жараёни камида ярмига қисқарганининг йиллик, ўн йиллик, юз йиллик оқибатини кўз ўнгимизга келтириб, ҳисоб-китобини қила оламизми?! Ўн йиллар ичида неча авлод чала ўқувчи ва чала ўқитувчиларни етиштирдик? Мажбурий меҳнат халқаро обрўйимиз, ташқи савдоимизга қанча зарар келтирди? Энг муҳими, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари бугунги муаммо ва қийинчиликларимизда қандай улушга эга?

    Тўғри, ушбу аччиқ саволларга холис жавоб топиш энди тарихчилар ва бошқа мутахассислар ишидир. Қаранг-а, уч-тўрт йил бурун ҳам оёғимизга кишан бўлиб турган асрий чигал худди осонгина ечилиб, ўтмишга айланиб ҳам улгурди. Бугун уни эслайдиган, шукр қиладиган бир мард топилиши ўта қийин... Нега шундай? Чала билим, чала таълим бизни шундай қилиб қўйди, ҳатто феъл-атворимизни ҳам бузиб юборди, тарихий хотирамизни сустлаштирди!

    Шулар ҳақида ўйлаганда, Президентимизнинг “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” хулосаси нақадар топиб айтилгани, миллатимиз ва давлатимиз учун бирдан-бир нажот йўли бўлишига қаттиқ ишонасан, киши. Мазкур ишончнинг асоси эса, кейинги олти йилда таълим тизимида юз берган кескин ва тарихий ўзгаришлардир, албатта. Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 27 фоиздан 70 фоизга етказиш орқали 2 миллионга яқин боланинг боғчага боришини кафолатлаш кечагина хомхаёл кўринарди. Келгуси беш йилда 1000 та янги мактаб қурилиши, 2023 ўқув йилидан барча бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланишнинг йўлга қўйилиши, олий ўқув юртларининг 2,5 марта кўпайиб, 198 тага етгани ва қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошгани ҳам туш эмас, айни ҳақиқатдир. Илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм – 2017 йилга нисбатан деярли 6 карра кўп маблағйўналтирилгани, олимларнинг иш ҳақи 4,5 марта оширилгани илм-фан ва таълимнинг узвийлигига қанчалар катта аҳамият берилаётганини аёнлаштиради-қўяди. Буларнинг бари, ўз ўрнида, 2023 йили амалга оширилажак кенг кўламли ишлар, ўзгаришларга пойдевор ўлароқ хизмат қилишига шубҳа қилмаймиз.

    Президентимиз 2023 йилги мўлжал, режа, марраларнинг энг асосий жиҳатларини қамраб олган Мурожаатномани эл-юртга тақдим этар экан, бизни руҳлантириш баробарида синовларга чидамли ва тайёр туришимизни уқдириб ўтгани ҳам асослидир: “Тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади!”. Чиндан ҳам, барчаси ўзимизга боғлиқ ва бу ишлар қўлимиздан келади. Негаки, мажбурликдан қутулган, қутултирилган шахс ва миллатнинг улуғ марраларни забт этиш, яратувчилик имкони баланд бўлади.

    Азамат ЗИЁ,

    тарих фанлари доктори, профессор.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates