Мамлакатимиз байроғи доимо баланд ва мағрур ҳилпираб турсин

    Давлатимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли.

    Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Буюк аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни ардоқлаганлар, кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.

    Ватанимиз мустақилликка эришгач, 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 8-сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

    Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, миллий байроғимиз давлат суверенитети рамзларидан биридир. У 30 йилдан бери мамлакатимиз Президенти Девони, Олий Мажлис палаталари, ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, юртимизнинг ўнлаб хорижий давлатларидаги дипломатия ва савдо ваколатхоналари, консуллик муассасаларида, жумладан, олий таълим муассасаларида ҳилпираб турибди. Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бўлса, албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

    Президентимизнинг хорижий мамлакатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша юрт кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналарида, юртимиз делегациялари қатнашаётган халқаро миқёсдаги тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини ёрқин акс эттиради. Юртимиздаги байрам шодиёналари, тантаналари чоғида кўчаларимизга кўрк бағишлаб турган байроғимиз ҳар биримизда шукроналик ҳисларини уйғотади.

    Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган улкан эътибор самараси улароқ, халқаро миқёсда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, турли спорт мусобақаларида ғолибликка эришган йигит-қизларимиз шарафига юрт байроғи баланд кўтарилмоқда. Ана шундай лаҳзаларда қалбларимизда Ватан туйғуси янада кучлироқ жўш уради, халқимизнинг салоҳияти, келажагимизга ишонч янада мустаҳкамланади.

    Давлатимиз байроғидаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги чуқур рамзий маънога эга. Ундаги мовий ранг – тириклик манбаи бўлган обиҳаётни, мусаффо осмонимизни, куч-қудратимизни, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни акс эттиради. Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил – яшариш ва янгиланиш, навқиронлик ва шодумонлик рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз тимсолидир. Қизил чизиқлар – томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони – ҳаётий қудрат ва давомийлик нишонасидир. Шунингдек, бунда истиқлол, озодлик учун қон тўккан эрксевар ота-боболаримизнинг орзу-армонлари мужассам. Байроғимиздаги ярим ой ва юлдузлар – тарихий қадриятларимиз, умрбоқий анъаналаримиз, маънавий куч-қудратимиз билан боғлиқ. Ҳилол қўлга киритилган мустақиллик, озодликни ифодалайди.

    Давлатимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли. Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари лозимдир. Зеро, унда руҳиятимиз, ғурур ва ифтихоримиз Ватанимиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимиз, келажакка ишончимиз мужассамдир.

    Илҳомжон Тўхтасинов,

    Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates