Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2025 йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон сув спорти Федерацияси иштирокида мамлакатимизда илк бор Сузиш бўйича I Очиқ Марказий Осиё чемпионати ўтказилмоқда.
I Очиқ Марказий Осиё чемпионатида иштирок этиш учун келган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкентда тантанали равишда кутиб олинди. Улар халқаро мусобақалар олдидан “Янги Ўзбекистон боғи”да бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйдилар. Шунингдек, меҳмонлар учун Тошкент шаҳри бўйлаб мароқли саёҳатлар ташкил этилди.
20 май куни мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ушбу йирик Чемпионат Давлатимиз раҳбарининг юртимизда жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан, сув спортини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори натижаси экани алоҳида эътироф этилди.
Президент ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Сув спорти саройида Сузиш бўйича I Очиқ Марказий Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилгани алоҳида қайд этилди.
Сузиш бўйича I Очиқ Марказий Осиё чемпионатида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари таркибида “А”, “В” ва “С” ёш тоифаларидаги 185 нафар спортчи иштирок этиб, 36 та йўналишда 158 та медаль учун кураш олиб бормоқда. Мамлакатимиз шарафини Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 60 нафар спортчи ҳимоя қилмоқда. Мусобақалар давом этмоқда.
Фото: Ҳаким Тоҳир

















