Мақомчилик тарғиботи эстрада санъатиникидан кам бўлмаслиги керак

    Бунинг сабаби масъулларнинг ўзида ҳам мақом санъатига муносабат тўғри шаклланмаганидан. Эфирнинг “эшитимли” вақтларида эса, асосан, эстрада юлдузларининг қўшиқлари тарғибот қилинмоқда. Шу боис, ёшларимиз эстрада хонандаларининг қўшиқларини тинглаб улғайяпти.

    Бой маданияти, гўзал санъати ила дунё халқлари эътирофини қозониб келаётган юртимизда ноёб маданий мерос анъаналарини давом эттирадиган мақом, катта ашула мактаблари ҳам яратилиши соҳа вакиллари зиммасига улкан масъулият юклади. Зеро, ёшларимиз ўртасида мақом санъатига қизиқишни ошириш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги қарорида мақом санъатини ривожлантиришда муҳим бўлган қатор омиллар эътибордан четда қолиб келаётгани айтилиб, йўлга қўйилиши зарур вазифалар белгилаб берилган эди. “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги бу қарорда, аввало, халқимиз, хусусан, ёш авлодни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш кераклиги кўрсатилган.

    Шунингдек, мазкур мақсадлар рўёби учун таълим муассасаларига малакали мутахассислар, профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тегишли дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-услубий адабиётлар билан таъминлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган. Орадан олти йил ўтиб, мақом, катта ашула анъаналарини давом эттирадиган мактаблар яратилиши борасидаги янги фикр ва ташаббуслар баён этилди.

    Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори, “Олтин мерос” халқ бадиий хаваскорлик жамоаси раҳбари Даврон Қодиров мақомчиликда ўз мактабига эга устозлардан. Устознинг фаолиятига назар солиш асносида унинг соҳадаги ютуқ ва камчиликлар борасидаги фикрларига қулоқ тутдик.

    “Олтин фонд”га ҳисса қўшаётган “Олтин мерос”

    2000 йилда ташкил топган “Олтин мерос” халқ ансамбли ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Шунинг учун даставвал ансамбль ҳақида маълумот беришни жоиз билдик.

    2008 йили Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раёсати баёни билан “Халқ бадиий ҳаваскорлик жамоаси” унвони берилган ансамблнинг шаклланишида Ўзбекистон санъат арбоблари А.Назаров, Т.Маҳмудов, Ўзбекистон халқ артистлари Б.Алиев, М.Эргашеванинг хизматлари катта. Жамоада созанда, хонанда ва раққосалардан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилган. Таниқли композитор-бастакорлар, устоз санъаткорлар, халқ артистлари, таниқли шоирлар билан ижодий ҳамкорлик қилиш анъанага айланган.

    Ўтган давр мобайнида қаҳрамонимиз раҳбарлик қилаётган жамоа бир неча бор олийгоҳлар ўртасидаги қўшиқ байрамлари, “Барҳаёт анъаналар” фольклор жамоалари республика кўрик-танловида ғолиб бўлган. Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси “Олтин фонди”да жамоа иштирокчиларининг 50 дан ортиқ куй ва қўшиғи сақланиб келмоқда.

    Айни пайтда ҳам Даврон аканинг иқтидорли шогирдлари турли телетанловларда фаоллик кўрсатяпти. Дарвоқе, жамоанинг дуторчилар ансамбли даста учун шакллантирилган янги репертуар устида иш бошлади.

    Халқаро ютуқлар миллий ғурурни оширади

    “Олтин мерос” халқ бадиий ҳаваскорлик жамоаси нафақат республика миқёсидаги, балки хориждаги кўрик-танловларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Даврон Қодировга “Энг яхши бадиий раҳбар” дипломи, Нилуфар Режаметова ва Санжар Алимовга “Моҳир ижрочи” номинациялари дипломлари халқаро танловларда тақдим этилган. Ижрочи Моҳинур Бурхонова эса ғолиблик ортидан магистратура босқичини Хитойнинг Сиан университети стипендианти сифатида тамомлаган.

    Олмон-ўзбек илмий жамияти раиси профессор Р.Раҳимовнинг таклифига биноан Даврон Қодиров мусиқа таълими йўналишининг бир гуруҳ талабалари билан Германиянинг Фрайбург, Ҳайделберг, Франкфурт шаҳарларида Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилган фестивалда қатнашганида ўзбек мусиқаси тарихи, маҳаллий ижрочилик услублари, мумтоз мусиқа – “Шашмақом”, “Чормақом”, Хоразм мақом ижрочилиги мактаблари ҳақида маъруза қилган. У ижро этган “Рост” мақомидан “Соқиномаи савти калон” ашуласи матнининг адабий талқини таржимон томонидан тингловчиларга етказилган, ашула мароқ билан тингланган. Шогирдлар томонидан ўзбек халқ қўшиқчилиги ижрочилигидан, доирада терма усуллардан, чанқовузда қадимий оҳанглардан намуналар ҳамда “Доира рақси” ижро этилганида, гулдурос олқишлар бўлгани чин.

    Жамоа иштирок этган, Озарбайжонда ўтказилган VII муғом халқаро телевизион фестивали Туркия, Эрон ва Шарқ давлатлари телевидениелари орқали намойиш этилгани ўзбек мақом санъати довруғини ёйишга хизмат қилди.

    Нега ОАВда анъанавий мақом ижрочилиги намуналарини деярли учратмаймиз?

    Бугун миллий қўшиқчилигимизда кўпроқ хориж эстрадаси ва ўзбек эстрада жанрига хос ижро намуналари тарғиботига урғу бериляпти. Агар телевидение, радио ва ижтимоий тармоқларда берилаётган мусиқий тароналарни таҳлил этадиган бўлсак, анъанавий мақом ижрочилиги намуналарини деярли учратмаймиз? Даврон ака буни қуйидагича изоҳлади:

    Тўғри, айниқса, “Наво”, “Ёшлар”, “Миллий” каналларидаги мусиқий дастурларда мақом жанрига хос ижрони кам эшитаяпмиз. Хусусий радиоканалларни бу борада илғорроқ, десак хато бўлмайди. Ачинарлиси, мақом тароналари, санъат дарғалари ижро намуналари тунги дастурларда, тўғрироғи, соат 24.00 дан тунги соат 05.00 га қадар тақдим этилмоқда. Бунинг сабаби масъулларнинг ўзида ҳам мақом санъатига муносабат тўғри шаклланмаганидан. Эфирнинг “эшитимли” вақтларида эса, асосан, эстрада юлдузларининг қўшиқлари тарғибот қилинмоқда. Шу боис, ёшларимиз эстрада хонандаларининг қўшиқларини тинглаб улғайяпти.

    Бунинг ечими сифатида, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мақом тароналарини тарғиботини тунги эмас, кундузги кўрсатув ва эшиттиришлар вақтига ўтказиш керак. Қани энди ҳафтанинг бир куни юртимиз бўйлаб ОАВда, барча таълим муассасаларида “Мақом куни” деб эълон қилинса, шу куни телевидение ва радио дастурларида эстрада юлдузларининг қўшиқлари ўрнига мақом тароналари, мумтоз ашула, ўтмиш бастакорларимиз ижод намуналари тарғиб қилинса. Теле ва радиоканаллардаги мусиқий дастурларда мақом ва эстрада тарғиботи тенгма-тенг йўлга қўйилиши керак. Айни пайтда эса бу нисбат 98/2 ни ташкил қилади.

    Таълим даргоҳларида эътибор қандай?

    Ҳозирги кунда барча турдаги таълим муассасаларидаги мусиқа машғулотлари ўқув режалари ҳамда йиллик дастурларида мақом санъати ҳақидаги мавзуларга жуда кам эътибор берилганига суҳбатдошимизнинг муносабатини сўрадик:

    — Аслида болага мақом ҳақидаги илк тушунча ва таълим-тарбияни оилада, мактабгача таълим ташкилотларида, бошланғич мактаб ҳамда умумтаълим мактабларидан бошлаб бериб бориш зарур. Бунинг учун аниқ мақсадга йўналтирилган таълим дастурларини яратишимиз керак.

    Бугун таълим муассасалари мусиқа маданияти дарс машғулотларида бу борадаги ишларнинг рисоладагидек эмаслигини машғулот ўтаётган мусиқа тарбиячи ва ўқитувчиларнинг ижро маҳоратлари ва овоз имкониятлари мукаммал шаклланмаганида, дейиш мумкин (Ҳамма тарбиячи ва ўқитувчилар ҳам мақом қўшиқларини айта олмайди). Мусиқа тарбиячисининг ижро маҳорати ва малакалари хонандалик, созандалик бўйича талабга жавоб бериши керак. Уларнинг мақом куйлаш маҳорати ва ижро малакаларини олий таълим муассасаларида шакллантиришни йўлга қўйиш зарур. Бахтга қарши олий таълим муассасаларининг ҳозирги кундаги мусиқа таълимига оид ишчи ўқув режаларида “Мақом санъати”, “Анъанавий хонандалик” фанларидан ижрочилик бўйича машғулот соатлари қисқартириб юборилган ёки умуман ўқув режасидан чиқариб юборилган. Шу боис, бўлажак мусиқа ўқитувчилари 3 йил давомида бир семестргина ўз маҳоратини шакллантиряпти.

    Эътироф фаолиятимизга ривож, танимизга куч беради

    Даврон Қодировдан бугун мақом санъатига қаратилаётган эътибор, яратилажак имкониятлардан келиб чиқиб, мақомнинг эртасини қандай тасаввур қиляпсиз, деб сўрадик.

    — Юқорида тилга олинган муаммолар ечимини ҳал қила олсаккина, янги Ўзбекистон келажагини қураётган ёшларимиз иқтидорини қўллаб-қувватлай оладиган мақом, катта ашула, бахшичилик каби анъаналарни давом эттирадиган мактаблар ярата оламиз. Унутмаслигимиз керакки, мақом санъати мусиқа соҳасида ўқитиладиган бошқа фанлар ичида энг мураккаби ва ижро узоқ кечадиган жараён. Шу туфайли ҳамма ҳам мақом айта олмайди. Бўлажак мусиқа ўқитувчи ва тарбиячиларни биз йиллар давомида узлуксиз тарбиялаб, мақом куйлашга ўргатиб борсак, бўлажак ўқитувчилар, аввало, ўзи мақом куйлай олади, ёшларга ўргатади. Давлатимиз раҳбари ҳозиргача 120 та мақом, бахшичилик достонлари, халқ куйи ва қўшиқлари “Олтин фонд”га ёзиб олинганига алоҳида тўхталиб, “Мақом санъатини ривожлантириш, уни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган санъаткорларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди”, деди. Мана шу эътирофнинг ўзи биз, катта авлод вакилларига боқий меросимизни ёш авлодга безавол етказиш йўлида фаолиятимизга ривож, ишимизга рағбат беради. Фақат бу рағбатни янги Ўзбекистонда янги ғоялар, янги марраларни забт этишгагина сафарбар этишимиз, ҳар қандай вазиятда ҳам бу йўлдан ортга қайтмаслигимиз керак.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates