Мақомнинг мангу мўъжизаси

    Инсоният тафаккурининг ёрқин маҳсули бўлган мақом доимо тингловчилар, мухлисларни ҳайратга солиб келган йирик мусиқий қомусдир

    Миллий мақомларимизда халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи мужассам. Шу боис неча асрдирки, мақом бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқланиб келинмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим ҳужжат бўлди. Унда мақом санъатини янада ривожлантириш ва уни бутун дунё бўйлаб тан олинишига имкон яратиш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилган.

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаси — Юнус Ражабий номидаги ­Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиб, айни пайтда мазкур олий даргоҳ ўз зиммасига юклатилган вазифани ­масъулият билан уддалашга интилмоқда. Мақом санъати бўйича билим ва тушунчалар, тарихий ва миллий анъаналарни пухта эгаллаган ёш кадрларни тайёрлаш ҳамда таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш институт жамоаси олдига қўйган энг олий мақсадлардандир.

    Яқинда Маданият вазирлиги ва ­Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташаббуси билан “Фарзандларимизни мақомот ила камолотга элтайлик” шиори остида ўтказилган I республика илмий-амалий вебинари ҳам айни мана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бошланғич мақом таълимининг методологик муаммоларига бағишланган анжуманда 2020/2021 ўқув йилидан бош­лаб Тошкент шаҳри, Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ташкил этилган, мақом санъатига ихтисос­лаштирилган мактаб-интернатлардаги ўқитиш услублари, бошланғич мақом таълими тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари атрофлича муҳокама ­қилинди.

    Бу мактаблар мақом санъатини бош­ланғич босқичда ўргатувчи илк таълим даргоҳларидир. Шундай экан, бу мас­канларда мақом назарияси ва амалиё­тини қандай ўргатиш керак ва бунда соҳа мутахассисларининг ёндашуви ва эътибори, аввало, нимага қаратилиши лозим? Айни шу саволлар устоз санъаткорлар, мусиқашунос олимлар, санъат усталари, хонандаю созандаларнинг муҳокама марказида бўлди.

    Маданият вазири Озодбек Назарбеков мақом ўқитишдаги муаммолар ҳақида сўз юритиб, кўплаб истеъдодли созанда ва хонандаларнинг мусиқий саводи йўқлиги таълим жараёнидаги оғриқли нуқталардан бири эканини таъкидлади. Бу борада ихтисослашган мактаб-интернатларда назария ва амалиётни ёнма-ён олиб бориш, бошланғич таълим даргоҳлари ўзбек миллий мусиқасининг ядроси бўлиши кераклигини илмий ва ҳаётий мисоллар билан асос­лаб берди.

    Санъатшунослик фанлари номзоди, профессор, мақомшунос олим Отаназар Матёқубов “Мақомнинг илми — унинг ўқ томири, амалиёти эса ёндош томиридир” сўзларини вебинар иштирокчиларига изоҳлаб берар экан, мақомнинг амалиёти ҳар хил шаклларга интеграция бўлса ҳам, унинг назарияси турғун ва бир хил тамойил асосида тузилиши кераклигини алоҳида қайд этди.

    Вебинарда Бухоро, Фарғона ва Хоразм мақом мактаб-интернатларининг раҳбар ва ўқитувчилари ҳам сўзга чиқиб, мақом таълими бўйича услубий қўлланмалар жуда камлиги ва бу борада таянч ўқув-услубий қўлланмаларни яратиш ва тарғиб қилиш бўйича мавжуд бир қатор муаммоларни ўртага ташлади. Шу билан бирга, бош­ланғич мақом таълимини шакллантириш хусусида жўяли ва қизиқарли тавсиялар берилди. Жумладан, Бухоро мақом мактаби ўқитувчиси Толиб Темировнинг “Мақомларни фарзандларимизга боғча ёшидан ўргатиб бориш, яъни мусиқа машғулоти дарсларида 5-10 дақиқа “соқийнома”, “уфор” каби енгил мақом усулларини қўйиб бериш орқали болаларимиз қулоғида миллий оҳанглар ва усулларнинг ўтроқлашишига эришишимиз мумкин”, деган таклифи кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

    Инсоният тафаккурининг ёрқин маҳсули бўлган мақом доимо тингловчилар, мухлисларни ҳайратга солиб келган йирик мусиқий қомусдир. Айтиш жоизки, шу кунгача мақом таълимида унинг амалиётига эътибор кучайтирилиб, назарий томонлари анча оқсаган эди. Бошланғич таълим босқичига мақом санъатининг кириб келиши эса унинг турфа ижодий мезонларини очиб беради ва бу борада мавжуд муаммоли масалаларнинг ўз ечимини топишида туртки вазифасини бажаради.

    Илмий-амалий вебинарда ташкилотчилар мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг келгуси йўналишларини белгилаш, ўқув-услубий қўлланмаларни жорий қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари асосида таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates