Мақсуда Ворисова қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди

    Сайлов 13 октябр 2021 698

    Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.

    Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очди.

    Номзоднинг Қорақалпоғистон республикаси бўйича ишончли вакили Халилла Ешимбетов Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастуридаги ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган ташаббуслари билан учрашув иштирокчиларини таништирди.

    Ўзбекистон Президентлигига номзод сўз олиб, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлар, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари ҳақида Қорақалпоғистон ҳудуди мисолида гапирди ва ўзининг сайловолди дастури ғоялари хусусида тўхталиб ўтди.

    Президентликка номзоднинг сайловолди дастуридаги асосий жиҳат биринчи навбатда аҳоли кенг қатламлари фаровонлигини таъминлашни назарда тутади. Хусусан, Қорақалпоғистон республикасини ўзига хос ҳудудий имкониятидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

    Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида оилалар фаровонлиги, болалар учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларнинг таълим олиши, кексаларга ғамхўрлик қилиш, аҳолининг ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кенгроқ давом эттириш каби муҳим масалалар илгари сурилган.

    Дастурда демократик жамиятнинг муҳим мезони сифатида эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш йўналишида ҳам аниқ таклифлар баён этилган. Фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаоллигини ошириш учун давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.

    Номзод маърузасида ёшлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиб, ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши, салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.

    Тадбирда сўз олганлар сайловчиларни сайловда фаол иштирок этишга ва ўзига муносиб деб билган номзодга овоз беришга чақирди.