2000 йилнинг ёз ойларида бир гуруҳ жангарилар юртимиз чегараларини бузиб Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари ҳудудларига кирган ва қонли тўқнашувлар юз берган эди. Ўша шафқатсиз жангларда ватанимизнинг кўплаб довюрак, мард йигитлари қатнашди ва айримлари қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида Сирдарё ўғлони Эломон Отажонов ҳам бор эди.
У 1978 йил 17 сентябрда Сирдарё вилояти Сирдарё туманида туғилган. Беш фарзанднинг тўнғичи эди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида шартнома асосида хизмат бурчини ўтаётган вақтда, яъни 2000 йилнинг 11 август куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлган жанговар ҳаракатларда душман ўқидан яраланиб ҳалок бўлган. Катта сержант Эломон Отажонов юрт ҳимояси йўлида кўрсатган жасоарти учун вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан мукофотланган.
Бир армоним бор...
Яқинда Эломон Отажоновнинг онаси Янглиш опа билан суҳбатлашиш учун Мудофаа вазирлигига қарашли госпиталга бордим. Онахон у ерда соғлигини тиклаш учун даволанаётган экан.
Янглиш Отажонова билан Президентимиз 2023 йил март ойида Сурхондарё вилоятида марҳум аскар ва офицерларнинг оила аъзолари, яқинлари билан учрашганидан сўнг опанинг дил сўзларини ёзиб олиш жараёнида танишган эдим. Яқинда у қўнғироқ қилиб: “Марҳум ўғлим Эломонжонга тегишли бир армоним бор. Ўзи ўқиган мактабга фарзандимнинг номи берилса, унинг жасорати ёшларга ибрат ва намуна бўлармиди...”, деди.
Шу қўнғироқ сабаб онахоннинг олдига бориб, у билан узоқ суҳбатлашдим. Янглиш опанинг ғамгин чеҳрасига, маъюс кўзларига боқар эканман, ҳеч бир она болам деб бўзлаб қолмасин, деган фикр хаёлимдан ўтди. Унинг қалбидаги адоқсиз соғинч, кўнглидаги кемтиклик ва яширин изтиробларнинг нуқси кўз қарашларида қотиб қолгандай тасаввур уйғотди менда. Гўё хаёлимдан ўтган фикрни уқиб олгандай опа ҳазин овозда шундай деди: “Ҳеч бир она болам деб бўзламасин”.
— Эломонжоним на чимилдиқ кўрди, на ёр-ёр садолари остида куёвлик сарпосини эгнига илди ва на ўзидан биргина зурриёт қолдирди. Аммо қаҳрамон бўлиб бу дунёни тарк этди. Мен нуридидамдан мингдан-минг розиман. Тўнғичим юрти шаънини, қасамёд қилиб кийган ҳарбий кийими ҳурматини ўз жонидан азиз кўрган мард ўғлон. Гарчанд ўзи орамиздан кетган бўлсада, унинг ёди, ҳурмати туфайли мен ва отаси эъзоздамиз.
Хотира китобида ўғлим ҳақида ажойиб ҳикоя ёзиб қолдирилган. Маҳалламизга номи берилган, таълим олган мактабига бюсти ўрнатилган. Ўғлим хотирасига бағишлаб турли спорт мусобақалари ва тадбирлар ўтказиб турилади. Бунинг учун миннатдорман. Аммо қани эди, шу ўзи ўқиган мактабига номи ҳам берилса, кўнглимдаги армоним юзага чиқарди, балки ўғлимнинг руҳи ҳам шод бўларди. Илоҳим, юртмизда ҳамиша тинчлик бўлсин, заминимизга файзу барака ёғилсин. Бизларни эъзозлаб, соғлигимизни тиклаш учун ҳам барча шароитларни яратиб бераётган Президентимизнинг боши омон бўлсин!
Эломоннинг отаси Холмурод ака ва онаси Янглиш опа ҳозир нафақада. Икки ўғил ва икки қизни камолга етказиб, ўн неваранинг суюкли бобо ва бувиси бўлиб бир-бирига суяниб умргурузонлик қиляпти.
“Мендан хавотир олманглар”
Эломон 1996 йили Сирдарё туманидаги 2-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаганидан сўнг олий ўқув юртда таҳсилини давом эттириш учун пойтахтга келади. Лекин ўқишга кириш бали етмай қишлоғига қайтиб кетади. Вақтини бекор ўтказмаслик учун аввал хўжаликда ишлаётган дадасига кўмак бериб дала юмушлари билан банд бўлади. 1997 йилда эса ота-онасига билдирмай, туман мудофаа ишлари бўлимига бориб, Қуролли Кучлар сафига жўнатишларини сўраб ариза ёзади.
Бу хабарни эшитган онаси нега болам бизлар билан маслаҳатлашмади дея бир оз ранжийди. Лекин турмуш ўртоғи Холмурод ака “Онаси, хафа бўлма, ахир ҳар бир йигит Ватани олдидаги йигитлик бурчини ўташи керак. Мен ҳам ўтаганман, кейинроқ укалари ҳам ўтайди, сен қайтага хурсанд бўл, ўз фикрига эга шундай ўғлинг борлигига”, деган сўзлар билан аёлини юпатади.
Эломон Отажонов армия сафида бир ярим йиллик хизмат бурчини ўтагач, Қуролли Кучлар сафида қолишга қарор қилади. Сержантлар тайёрлаш мактабини тугатиш арафасида Мудофаа вазирлигига қарашли махсус бўлинмага қабул учун танлов ўтказилади. У бу танловда қатнашади ва юқори натижаларни кўрсатади. 2000 йилнинг ёзида эса таътил олиб, яқинларини кўриш учун уйига қайтади.
— Ўғлим кутилмаганда уйга кириб келганида шошиб қолдим. Уни маҳкам бағримга босиб йиғлаб юбордим. Ўша вақтда отаси иккимизнинг қувончимиз чексиз эди, — дея ҳикоясини давом эттирди Янглиш опа бир оз тин олиб. — Бир-икки кун ўтгач кўнглини билмоқчи бўлдим: “Сен тенгилар уйланиб, фарзандли бўляпти, болам. Кўнгил қўйганинг бўлса айт, дарров совчиликка борайлик, бўлмаса ўзим сенга мос, кўҳликкина қизни кўз остимга олиб қўйганман”, дедим.
У эса:
— Онажон, Худо хоҳласа, албатта, тўй қиламиз, олдин олий маълумотли бўлай, кейин ишлаб озроқ пул жамғарай. Яхши кунларимиз ҳали олдинда, — деди.
Охирги марта таътилга келганида дадасига “Мен хизмат сафарига кетяпман, сизлар билан хабарлаша олмаслигим мумкин, лекин хавотир олманглар, яхшилаб дуо қилиб қўйсангизлар бўлди”, деганди. Ота-она дуоси ҳамиша ижобат бўлади, дейишади. Аммо Яратганни ёзуғи ҳар недан устун экан. Шу бўйи ўғлимни совуқ дийдорини кўрдим. Болагинамнинг юзлари шу қадар нурли эдики, гўё ўлмагандай.
Баъзан жудаям соғиниб кетаман, кўргим келади. Орадан 25 йил ўтяпти, аммо ўғлимни вафотига сира кўника олмадим. Вақт даволайди, вақт шифо дейишади. Вақт ўтган сари менинг дардим янгиланиб, унинг сўнгги сўзларини эшита олмаганим юрагимга оғир бир тош бўлиб ботиб боряпти. Бироқ, ўз жонини юрти учун бахшида қила олган ботир ўғлим бор, деган ўй менга ҳамиша мадор беради. Эломоним жуда ёш кетди, атрофга қуёш янглиғ нур сочиб кетди.
Ўтган йиллар кўнгил ярасига малҳам дейишади. Балки бу бор гапдир. Эломоннинг онаси билан суҳбатлашар эканман, бунга яна бир бор амин бўлдим. Юракни ўртаб, дилни оғир юкдай эзиб турадиган фарзанд доғини ҳеч бир онага кўрсатмасин.
Эломон Отажонов энг навқирон чоғида, хизмат вазифасини виждонан бажариб, сўнгги нафасигача ўз бурчига содиқ қолиб, жонини фидо қилган ўзбекнинг бек ўғлони. У каби жасур ўғлонлар ёди халқимиз қалбида абадийдир, Зеро, мардлар ўлмайди, жасорати эса қалбларда мангу яшайди.
“Мен ўляпман ўртоқ командир, оиламдан хабар олиб туринглар”
Мақолани тайёрлаш жараёнида Эломон Отажонов билан бир сафда хизмат қилган қуролдош дўсти, захирадаги сержант Бобомурод Нуротов билан ҳам суҳбатлашдим: “Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларига уюштирилган террорчилар ҳужумида махсус операциялар баталонида хизматда бўлганман. Махсус гуруҳимизга Киштут тоғ ораларида яшириниб олган душманларни топиб, бартараф этиш вазифаси топширилган эди. Бизнинг баталион махсус операцияларни бажариш учун тайёргарлик кўрарди ва шу боис унга чиниққан, тезкор қарор қабул қилувчи ёш йигитлар саралаб олинганди, — дейди Бобомурод Нуратов. — Бу воқеаларни эслашнинг ўзи азоб. Кўз олдингизда дўстингиз ўқдан яраланиб, жони узилса, бу даҳшат... Тоғли ҳудудлардаги 5 та қишлоқни жангарилар эгаллаб олган эди. Неча мард йигитларининг бошини еди у босқинчи малъунлар. Сафдошимиз Эломон Отажонов кўрсатган жасоратни эса ҳатто кинофильмларда ҳам тасвирлаб бериш қийин. Эломон бизга йўлбошчи эди, бошлиғимиз сифатида душман билан жуда яқин масофада жанг олиб борган. Ҳарбий гуруҳимиз қаерга йўл олса, у йўл кўрсатар, душман пистирмаси бор-йўқлиги ҳақида бизга хабар бериб турарди. Бир вақт рация орқали ўқ егани ҳақида айтди, аммо ўша ҳолатда ҳам жангчиларимизга топшириқлар бериб, душманнинг қаерда жойлашганини айтишга улгурди.
Тасаввур қилинг, жони чиқаётганида ҳам у ўз қасамига содиқ қолиб, вазифани муваффақиятли адо этишга ҳаракат қилди. Оғир яраланган Эломон жуда кўп қон йўқотгани боис вертолётга ҳам етмай жони узилди. Унинг охирги сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди: “Мен ўляпман, ўртоқ командир, илтимос, ота-онам, ука-сингилларимдан хабар олиб туринглар!”
Эломон Отажоновнинг ота-онаси ҳолидан хабар олиб турибмиз. Жангда ҳалок бўлган сафдошларимизнинг оила аъзолари билан доимий алоқадамиз. Ватанимиз, халқимиз бу фарзандларини ҳеч қачон унутмайди. Лекин шундай жасоратли, мард дўстларимнинг ўлими юрагимни азоблайверади ва бир ўй мени сергакликка чорлайди. Бу дунёда юртимиз тинчлигини, халқимиз фаровонлигини кўра олмайдиганлар ҳалиям бор. Шунинг учун ҳам ҳамиша ва ҳар доим сергак ҳамда огоҳ бўлишимиз, она диёримизни кўз қорачиғидай асарашимиз керак!”
Асли Андижоннинг машҳур полвонлар сулоласидан бўлган Бобомурод Нуратов ўзи ҳақидаги суҳбатни камтарлик билан кейинга қолдирди:
— Синглим, оловли урушнинг қисматимдаги изтиробли аччиқ воқеаларини бошқа сафар айтиб берарман...
Элнинг эр ўғлони
Эломон туғилганда қўни-қўшнилар шунақаям ғалати исм бўладими дея ҳайрон бўлган. Отаси Холмурод ака ўғлим, эл омонлиги, ободлиги, осойишталиги йўлида хизмат қилсин, исмига муносиб фарзанд, суянчимиз бўлсин деб ич-ичидан ният қилган экан.
Яқинлари орзу қилгандек йигит бўлиб камолга етган Эломон ҳарбий хизматга кетгунга қадар ота-онасига яқин кўмакчи, рўзғор ишларида камарбаста бўлган. Далада улар билан ёнма-ён меҳнат қилган. Укалари ва сингилларига сирдош, ҳимоячи эди. Туғилган кунига бир ой қолганида эса ўша машъум воқеа содир бўлиб, ўз исмига монанд эл омонлиги ва юрт тинчлиги йўлида ёшгина жонини фидо қилди.
Эломон Отажоновнинг укаси Юсуф Отажонов акасининг шарафли ўлимидан сўнг ўзининг ҳарбий бўлиш ҳақидаги фикрини қатъий амалга оширди. 2000 йилда у ҳам ҳарбий хизматда эди. “Акангни аҳволи оғир, тез етиб келишинг керак”, деган хабарни эшитган заҳоти минг бир ҳадик ва хавотирда йўлга чиққан Юсуф, акасининг мотам маросими устига кириб келади...
Юсуф муддатли ҳарбий хизматини ўтаб бўлгач, акаси ва ўзининг орзусини амалга ошириш истагида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирди.
Ўқишни тамомлагач узоқ йиллар Ватан ҳимояси йўлида фаолият олиб борди. Бугун эса нафақада. Ота-онаси, оиласи, фарзандлари ва неваралари даврасида акаси Эломон ҳақидаги болалик хотираларини сўзлайди, юрти учун жонини қурбон қилган жасур ўғлоннинг укаси эканлигидан фахрланаиб яшайди.
Миллат қаҳрамонларини унутмайди!
Мардлар жасорати ҳеч қачон унутилмайди. Чунки юртнинг тинчлигини асраш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш осон иш эмас. Бу йўлда ҳалок бўлган Ватан ўғлонлари, жасур ҳарбийларимизни ёдга олмоқ инсоний бурчимиздир.
Аслида бу омонат дунёда одамзотнинг ҳаёти қанча йил яшагани, бойлиги, лавозими билан ўлчанмайди. Инсон учун қанча эмас, қандай умр кўргани, қандай яшагани муҳим. Ўз жонини Ватанининг осойишталиги, элининг фаровонлиги йўлида фидо қилган мард инсонлар ҳаёти ибрат китобининг хотира саҳифаларида муҳрланиб қолади.
Мақолани Президентимизнинг жорий йил май ойида Ғалаба боғида “Миллат фидойилари” ёдгорлигининг очилиши маросимида айтган сўзлари билан якунламоқчиман: “Мустақиллик йилларида азиз жонини аямасдан, бизнинг тинчлигимиз ва осойишталигимизни асраш йўлида қаҳрамонлик кўрсатган мард ва жасур фарзандларимизнинг муборак хотираси олдида чин дилдан таъзим қиламан. Такрор ва такрор айтишдан чарчамайман: биз бундай қаҳрамон ўғлонларимизни ҳеч қачон унутмаймиз. Улар доимо биз билан бирга яшайди. Ватанимизга ҳар томонлама муносиб қаҳрамон ўғлонларимизга шон-шарафлар бўлсин!”.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири










