Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди

    Молия 2 июн 2023 599

    Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

    Қайд этилганидек, Марказий банк 2022 йилдаги фаолиятини пул-кредит сиёсати ва макропруденциал чораларини инфляцияга монетар омиллар таъсири даражасини қисқартириш, банк тизимида потенциал хатарларни молиявий барқарорликка таъсирини минималлаштириш ҳамда мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадларига йўналтирган.

    2022 йил март ойида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизгача кўтарилган бўлса, II чоракдан бошлаб макроиқтисодий шароитларнинг барқарорлашуви ва айрим инфляцион хатарларнинг пасайиши ҳисобига асосий ставка 15 фоизгача туширилди.

    Ҳисобот йилида иқтисодиётни молиялаштиришда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилди.

    Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 203 триллион сўм ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга кўп кредитлар ажратилган.

    Аҳолига ажратилган кредитлар 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсиб, 65,3 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу ажратилган кредит маблағларининг 25,6 фоизини микроқарз, 22 фоизини ипотека кредити, 33 фоизини истеъмол кредити, 14 фоизини микрокредитлар ташкил этган.

    Шунингдек, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 424 мингдан ортиқ лойиҳаларга жами 9,9 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

    2022 йилда банкларнинг капиталлашув даражаси 12 фоизга ошиб, йил якунлари бўйича қарийб 80 триллион сўмга, устав капитали миқдори 9 фоизга ўсди.

    Шу билан бирга 2022 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилишга қаратилган ишлар давом эттирилиб, Ипотекабанк ва Ўзагроэкспортбанкдаги давлат улушини хорижий инвесторларга сотиш бўйича жараёнлар якунланди.

    Натижада давлат улуши мавжуд банк активларининг банк сектори активлари умумий ҳажмидаги улуши 2021 йилдаги 81,5 фоиздан 2022 йилда 78,2 фоизгача пасайган.

    Аҳолига республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида бир карта орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи кобейджинг банк карталари сони 2021 йилга нисбатан 2,7 баробарга ошган.

    Шу билан бирга, сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган айрим масалаларга эътибор қаратдилар.

    Ўз навбатида, Т.Нарбаева жаҳонда кузатилаётган мураккаб иқтисодий жараёнлар таъсирида, яъни валюта курсининг ўзгариши, ёқилғи нархларининг ошиши ва бошқа омилларни инобатга олиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига инфляция даражасининг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриб бориш талаб этилади дея таъкидлади.

    Яъни, аҳолини даромадини ва харид қобилиятини пасайиб кетишини олдини олиш, тадбиркорлик субъектларига қулай бизнес шароитини яратишга кўмаклашиш керак.

    Шундан келиб чиқиб, инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриб бориш, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш зарур.

    Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш, кредит олиш жараёнини соддалаштириш мақсадида аризаларни онлайн электрон дастур орқали қабул қилиш тизимини жорий этиш керак.

    Бунда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформасини такомиллаштириш, унда коррупция ва сансалорлик хавфларини оширадиган инсон омили иштирокини камайтириш чораларини кўриш зарур.

    Жумладан, банкларда рақамлаштириш билан боғлиқ белгиланган қатор вазифалар ижроси қолиб кетаётгани, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофликнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, инсон омилининг юқорилиги кредит олиш жараёнини қийинлаштириб, бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига омил бўлаётгани қайд этилди.

    Шунингдек, Марказий банкнинг 2023 йилги фаолиятида нархлар барқарорлигини таъминлаш, пул-кредит сиёсати инструментларини ҳамда аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

    Муҳокамадан сўнг сенаторларнинг Марказий банк фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлари акс этган тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates