Марказий сайлов комиссияси раиси ҳудудлардаги семинар-тренинг тингловчилари ҳузурида

    Сайлов 21 май 2021 524

    Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар давом этмоқда. 17 майда ҳудудларда бошланган машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида олиб борилмоқда.

    29 майга қадар давом этадиган семинар-тренинглар иштирокчиларига мамлакатимиз Конституцияси ва Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар бераётган юксак самаралар ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда. Мулоқот савол-жавоб, бахс-мунозара ва таклифларга бой бўлаётир.

    20 майда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Гулистон шаҳридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти филиали биносида ташкил этилган ҳудудий семинар-тренинг тингловчилари ҳузурида бўлиб, ўқув жараёни иштирокчилари билан яқиндан мулоқотда қилди. Президент сайловини ташкил этиш ва уни ўтказиш жараёнида сайлов ташкилотчилари сафида, хусусан, ҳудудий тренер сифатида қатнашишдек юксак масъулият ҳақида гапирди.

    «Мамлакатимизда бу йилги Президент сайлови илк бор Сайлов кодекси ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя этилган ҳолда ўтказилади, - деб таъкидлади ўз маърузасида З.Низамходжаев. – Бу эса ўз навбатида, сайлов жараёнларини миллий сайлов қонунчилигига мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлишини тақозо этади».

    Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа таълим, илмий, амалий, тадқиқот муассасалари олимлари ва экспертлари билан ҳамкорликда семинар-тренинглар дастурлари ишлаб чиқилди.

    Бунда анъанавий маърузабозликдан воз кечилиб, асосий эътибор амалий кўникмаларни оширишга қаратилмоқда. Машғулотларда интерфаол усуллар устиворлик касб этиб, замонавий педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, аудиториядаги тингловчиларнинг сонини эса 20 нафардан оширмаслик белгилаб қўйилган.

    Бошқа ҳудудлардаги каби, Сирдарё вилоятида давом этаётган семинарларга ҳам сайлов ҳуқуқига ихтисослашган етакчи олимлар ва экспертлар, ҳудудлардаги маҳаллий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тажрибали экспертлар жалб этилган.

    Машғулотлар сўнгида семинар-тренинг иштирокчилари тест синовларидан ўтказилмоқда. Сирдарёда ўтказилган ана шундай синовларда барча тингловчилар юксак натижаларни намоён этди, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates