Меҳнатдан қадоқ қўлларингиз олтин бўлсин, аёл!

    Хурсанбуви опа мана, 10 йилдирки, ана шу йўлдан пиёда қатнаб, ҳар куни сувни конга ҳайдаш, омбор сиғимини кўриш учун бир неча марталаб тоғ тепасига чиқиб келади.

    Тоғ бурғиланади. Коннинг захчил йўлаклари бўйлаб оқишроқ нимтатир туманлар тарқайди. Она ернинг бурчак-бурчакларида, одамлардан узоқда жўш урадиган кон ҳаёти мудом шу тарзда давом этади. Ундаги ишчан ҳаёт тарзи эса ҳар куни қайсидир матонатли аёлнинг мурувватини тонг саҳарга бураган соатининг жарангдор овозидан бошланиб, ярим тунда, аллақачон ухлаб қолган болалари ёнига оғир чарчоқда кириб бориши билан якунига етади...

    Конда ишлаш ҳақида гап кетганда, унинг залворли меҳнати аёллар у ёқда турсин, унча-мунча эркакни сергак торттиради. Аммо турли соҳаларда ишлаб, билим ва тажрибаси, аёллик жасорати билан жамият ривожига ҳисса қўшиб келаётган замонамизнинг қаҳрамон хотин-қизларини 20 та хавфли касбнинг бири бўлган кончиликда ҳам кўплаб учратамиз. Ҳар лаҳзада катта куч, оғир меҳнат билан ишласа-да, уларнинг самимий кулиб турган чеҳраларига қараб, улкан юраги, метин иродаси, жасорати ва фидойилигига тан берасан киши.

    Заҳматларда тобланган умр

    Кон фаолиятида дастлабки босқич бурғилашдан бошланади, дейдиганлар бироз янглишади. Ахир тоғни бурғилаш учун даставвал сув таъминотига эҳтиёж сезилади. Бунда эса насос ускуналари машинистлари алоҳида ўрин тутади. Тоғ тепалигида жойлашган сув омборидан ҳар куни конга сув етказиб бериш осон иш эмас. Бу жараёнга кўпинча эркаклар жалб қилинади. Аммо Ангрен кон бошқармасига қарашли “Разведочная” конида насос ускуналари машинисти бўлиб ишлаётган Хурсанбуви Турсунбоева ўз ишини уддалашда 4 нафар эркак шеригидан сира қолишмайди.

    ... Тоғ тепасигача йўл анча узоқ. Чамалаганда, 5-6 бекат чиқади. Конга йўналтириладиган сув омборигача бўлган йўл тепалик, тоғлар ораси бўлгани боис, у ерга машина ҳам чиқолмайди. Хурсанбуви опа мана, 10 йилдирки, ана шу йўлдан пиёда қатнаб, ҳар куни сувни конга ҳайдаш, омбор сиғимини кўриш учун бир неча марталаб тоғ тепасига чиқиб келади. Насосларни термометрлари, сув ҳажмига қараб назорат қилиб боради. Пастдаги шахтага, конга ичимлик сув етказиб беради. Иш вақти тугаганида эса кун анча кеч бўлиб қолган, Хурсанбуви опа қоронғиликда, тоғларнинг орасидан пастда кутиб турган автобус томон тушиб келади. Ҳар онда Яратгандан оқ йўл тилаб, ўзига юклатилган вазифани астойдил бажаради.

    Болалигида конда ишлаш хаёлида ҳам бўлмаган қаҳрамонимиз 17 ёшида мактабни тамомлагач, шифокор бўлишни орзу қилган эди. Ўзи ҳам шифокорлар оиласига келин бўлиб тушгани боис, шу соҳада таҳсил олишни ният қилган. Ўқишга киролмагач, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида иш бошлади. Кейинроқ тақдирнинг кутилмаган зарбалари туфайли шифокор бўлиш орзусини буткул унутди. 22 ёшида тасодифий ҳодиса сабаб турмуш ўртоғидан бева қолгач, 3 фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб улғайтиришга, уларни оёққа турғазишга аҳд қилди. Кунларни тунга улаб ишлади. Ҳеч бир оғир меҳнатдан қочмади. Охир-оқибат, коннинг бир бўлагига айланиб, ўзи ҳам шу касбсиз ҳаётини тасаввур этолмайдиган бўлиб қолди. Бир лаҳза бўлса-да, бошқа соҳада ишлаш ҳақида ўйламади. Салкам 33 йилдан буён у кондаги турли вазифаларда ишлаб, ҳамкасбларининг ҳурмати, эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

    — Инсонни улуғлайдиган ва унга зийнат берадиган фазилатлардан бири меҳнатдир. Айтишади-ку, одам учун икки буюк шифокор бор — бири қатъийлик бўлса, яна бири меҳнат. Ахир дунёда осон ишнинг ўзи йўқ, ҳар бир юмушнинг оғири, машаққати бор, — дейди қаҳрамонимиз. — Конда ишлаш инсондан катта матонат талаб қилади. Йиллар давомида кўп қийинчиликлар кўрдим. Қум тўла қувурлар ёрилиб кетиб, уст-бошим қумга тўлган вақтлар ҳам бўлган. Ўшанда дарров кийимларимни алиштириб, яна ишга киришиб кетаверганман. Ишимиз оғир, даромадимиз жуда кам бўлган. Айрим вақтларда 500 сўмлик купон, 1 500 сўм ойлик маош олганмиз. Ёлғиз она бўлганим боис, ҳар куни уйда болаларимнинг ўзини қолдириб, эшикни қулфлаб кетардим. Ярим кечаси келиб, уларни турғазиб, қоринларини тўйғазиб, кейин ухлардим. Кун бўйи резина этикда оёқларим сув бўлиб, шишиб кетганидан уйга келиб йиғлардим. Шунча қийинчиликларга қарамай, қаноат қилганмиз, ишимизни севиб, астойдил меҳнат қилганмиз. Ўша кунлар ўтиб кетишига, ёруғ ҳаётимиз олдиндалигига чин дилдан ишонардим. Мана, биз кутган кунлар келди. Бугун конда ойликлар яхши, энг муҳими, ишчилар маошини ўз вақтида олади. Уларнинг ҳам ишлаши, ҳам дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Конда ишлайман, деган ёшлар ҳам оз эмас. Уларга астойдил меҳнат қилинглар, шунда даромаднинг ўзи келади, деб насиҳат қиламан.

    Ғайрату шижоати юз-кўзи, дадил ҳаракатларида акс этиб турадиган Хурсанбуви опа исми жисмига мос аёл. Юзидан табассум аримайди. Атрофдагиларга доим яхши кайфият улашиб юради. Тинмай меҳнат қилади-ю, сира чарчадим, демайди. Бунга унинг мунтазам спорт билан шуғулланиши ҳам сабаб бўлса керак. Айтишларича, қаҳрамонимиз шу пайтга қадар бирор марта даволаниш таътилига ҳам чиққан эмас. Табиатан “оёқ узатиб ётишни” сира хушламайдиган бу аёл бетоб бўлиб қолганида ҳам ишга чиқиб, меҳнатдан куч олади. Аллоҳ соғлиқ берса, 60-70 ёшгача ишлашни ният қилади. Шунданми, касбдошлари унга ҳамиша “меҳнатдан қочмайди!”, деган иккитагина жумла билан таъриф беради.

    Умри давомида меҳнат ва саботни туғ қилиб, ёлғиз ўзи 2 ўғил, бир қизни вояга етказган, уларни уйли-жойли қилиб, набиралар қуршовида умргузаронлик қилаётган Хурсанбуви опа, ўзи айтганидек, бугун эришган бахтини меҳнатнинг қадоқ қўллари билан яратди. Бунда унга ота-онасининг дуолари йўлдош бўлди. Гарчи, отаси бевақт оламдан ўтган бўлса-да, аёлга унинг ўгитлари ҳамиша суянчиқ, бугун бир кам юз ёшни қаршилаган онасининг далдалари тиргак бўлди. Қариндошдек бўлиб кетган касбдошларининг қўллаб-қувватловидан куч олди. Раҳбари Нодир Рихсиқулов бошчилигидаги жамоадошларидан ҳам доим миннатдор.

    Ҳар қандай машаққатнинг роҳати, мукофоти бўлади, деганлари бежиз эмас. Меҳнатни, касбини ҳаётининг бир бўлаги, деб билган Хурсанбуви опанинг кўксини бугун “Меҳнат фахрийси” унвони безаб турибди. 2013 йилда ушбу унвон кўксига тақилганида, ютуқларини отаси кўрмаганидан ўксиниб, йиғлаган бўлса, шундай қувончли кунда ёнида дуогўй онаси, меҳрибон фарзандлари борлигига шукрона келтирди.

    Хурсанбуви опа тўрт мучаси соғлиги, усти бут, қорни тўқлигига шукр айтиб, меҳнат қилаверади. “Ишлаган одам камбағал ҳам бўлмайди, бировни ғийбат қилмайди, қалбида доим тозалик бўлади”, дейди қаҳрамонимиз. Қанча қийинчиликлар кўрмасин, доим шукрона билан яшаган бу аёл ана шу ҳақиқатни ҳаётий шиорига айлантирди. Зеро, меҳнат ва заҳмат зийнатлаган умр қиссаси шундай бўлса, ажабмас.

    “Касб ҳаётнинг бир бўлаги эмас, айнан ўзидир!”

    Эрталаб ишга, кечқурун уйга шошадиган одам дунёдаги энг бахтли кимсадир. Ана шундай инсонлардан бири Кенжагул Жусупбекова 17 ёшидан буён ҳар тонг Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ошиқади. Фаолиятини шу ердаги 13-цехда бошлаган қаҳрамонимиз 33 йилдирки, ана шу конда касбига садоқат ва фидокорлик билан ишлаб келмоқда. Аёлни излаган одам комбинатдаги водород-кислород цехидан топади. Бу ерда у смена устаси сифатида қўл остидаги 6 нафар ходимга иш ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб туради.

    Табиатда шундай нодир металлар борки, улар махсус ҳарорат ва шароитларда олинади. Масалан, вольфрам ва молибден каби нодир металлар 1500-1800 даража иссиқ ҳароратда эритилади. Бунда водород-кислороднинг аҳамияти жуда катта. Кенжагул опа ишлайдиган цехда дистерилланган сувни парчалаш ёрдамида водород-кислород олинади. Уларнинг хавф даражаси юқори бўлгани боис, жараёнда ишлаш ниҳоятда аниқлик, пухталик, тезкорлик ва тажрибани талаб этади. Қаҳрамонимиз жамоаси билан биргаликда ана шу босқичларнинг кечишига, техникани бошқариб, ҳар соатда уларни ёзиб, таҳлил қилиб, цехларга етказиб беришга масъул. Қизиғи, Кенжагул опа буларнинг барини оғир ва хавфли иш деб оғриниб эмас, балки ғайрат ва фидойилик билан қабул қилади.

    — Бўстонлиқ туманида, қирғизларнинг катта оиласида туғилиб, вояга етганман, — дейди Кенжагул Жусупбекова. — Оилада 9 фарзанд бўлганимиз, онам ёлғиз боши билан бизни боққани учун уларга ёрдам бериш мақсадида 17 ёшимда шу комбинатга ишга келганман. Аввалига ҳамшира бўлишни орзу қилгандим. Бироқ ўқишга киролмагач, конда ишлашга қарор қилдим. Кейинчалик ҳам бундан сира афсусланмадим. Чунки бу соҳа ҳаётимнинг мазмунига айланди. Ҳар куни мароқ билан ишга келаман. Ойлик ололмай қийналган пайтларимда турмуш ўртоғим, “Тонг саҳардан ишга кетасан, сира ишдан қолмайсан, шу ерда ишлаганингга сенга медаль беришармиди”, дерди. Мен бўлсам, “Ҳа, беришар”, деб қўярдим. Лекин ҳеч қачон бирор нарса илинжида ишламадим. Шундай бўлса-да, меҳнатларим эътироф этилиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигида “Меҳнат” ордени, 29 йиллиги арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланганимда ниҳоятда қувондим. Турмуш ўртоғим мендан ҳам кўпроқ суюнди.

    Илк фаолиятини кукун ҳолидаги молибден, вольфрам моддаларини зичловчи сифатида бошлаган қаҳрамонимизнинг юрагидан биринчи иш куни “энди бир умр шу темир-терсаклар ичида ишлайманми”, деган ўкинч ўтган экан. Мана, орадан ўттиз йил ўтиб, “яхшиям ўшанда тақдир ўзанлари мени шу ерга, қадрдон цехимга олиб келган экан”, дейди. Илк кунлардан унга тўғри йўл кўрсатиб, сабоқ берган Абдумалик Иноғомов, Абдусамад Қаҳҳоров каби жонкуяр, фидойи устозларидан миннатдор бўлади. Ўзи ҳам устоз даражасига етиб, 6 нафар шогирд тайёрлади.

    — Энди ишга келганимда, устозларим “молибден 1500 даражада пишса, сен бизнинг ҳароратда пишиб тобланишинг керак”, дерди ҳазил аралаш. Қаранг, шу гапларни водород печлари олдида туриб эшитганимга ҳам 30 йилдан ошибди, — дея эслайди Кенжагул опа. — Ҳаёт аталмиш улкан печнинг ҳароратларида тобландик, етилдик, энди қарасам, ўзим ҳам кимнингдир устозига айланибман. Цехга эндигина бўйлаган ёшлар жараёнга кириша олмай турганини кўрганимда, уларда ўзимнинг ғўр ёшлигимни кўраман. Биламанки, уларга менинг тажрибам, жараёнларни тушунтиришда билимим керак. Бугун интилувчан, меҳнатдан қочмайдиган шогирдларим борлиги билан ифтихор қиламан. Ёшларни тайёрлаб, уларни шу соҳанинг устасига айлантиришга ҳисса қўшаётганимдан хурсанд бўламан.

    Тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз асосий ишидан бўш вақтларида бир қанча йўналишлар бўйича кечки курсларда ҳам таълим олган. У бир нечта ишни уддалаб кета оладиган қўлигул аёллардан. Шунга қарамай, ҳеч қачон кондан кетишни, бошқа жойда ишлашни хаёлига келтирмади. Ойлик маошини ололмаган, оғир ишдан қийналган вақтларида ҳам касбини ўзгартириш ҳақида ўйламади. Доим “дарахт бир жойда кўкаради”, деган нақлга амал қилади. Ҳозир ҳам баъзан иш кўплигидан тушлик қилишга вақти бўлмайди. Қурилмага қараб туриш асносида овқатланадиган вақтлари ҳам бўлади. Конда иссиқ печкалар олдида туриб оғир иш қиладиган, катта-катта юкларни кўтарадиган аёлларни кўради. Қаҳрамонимизнинг айтишича, ҳеч бирлари ишидан нолимайди. Аксинча, завқ билан ишлайди. Узоқ йиллар давомида бир оиладек бўлиб кетган кончи аёллар ўзаро сирдош. Қийин кунларда доим бир-бирини қўллаб-қувватлайди, куч, далда беради.

    Дилбар, айни пайтда ўктам ҳаракатлари ўзига ярашиб турадиган Кенжагул опада ҳам оилада, ҳам касбий фаолиятида тўкисликка эришган одамларда бўладиган ишончни пайқаш қийин эмас. Турмуш ўртоғи билан икки қизни тарбиялаб, турмушга узатган бу инсонлар бугун набиралари камолини тилаб, дуода.

    Шу йилнинг январь ойида 50 ёшни қаршилаган Кенжагул Жусупбековани жамоада барча ҳурмат қилади, қадрлайди. Аёл умрини безаб турган самимийлик, эзгулик, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик унга билдирилган кўплаб табриклар, тилакларда ўз аксини топади.

    Ҳар онида шукроналик ҳисси билан яшаётган қаҳрамонимизнинг залворли меҳнати йиллар давомида уни бахт томон етаклади. Бугун иш жойида яратилган шароитлардан мамнун. Қийин кунларини ёдга олганида кўзига ёш келса, ҳозирги имкониятлар, ишчилар учун берилаётган имтиёзлар, дориламон кунларни кўриб, қалби энтикиб кетади. Кимлар учундир баландпарвоз гапдек туюлаётган бу қиёслов замирида инсонлар ҳақиқатан бошдан кечирган машаққатли кунлар ётибди. Буни Кенжагул опа сингари икки даврда ишлаб, ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлган одамлар яхши билади.

    “Ҳар куни байрамга боришни истайсанми? Унда ўзинг учун севимли касбни танла!”. Топиб айтилган бу сўзлар гўё Кенжагул Жусупбекова каби фидойи инсонлар, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб яшаётган минглаб аёлларимизга аталгандек. Бугун қайсидир соҳада меҳнат қилиб, мамлакат тараққиёти, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшаётган хотин-қизлар, нозик жуссаси ортига яширинган метин бардоши билан ҳаёт сўқмоқларидан мардона ўтаётган опа-сингилларимизга ҳар қанча тасанно айтсак оз. Шундай дамда тилимизга бир сўз келади — борингизга шукр, азиз аёллар!

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates