Миллат маърифатининг унутилмас сиймоси

    Жадидчилик – ХIХ аср охири ХХ аср бошида Туркистон ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат. Бу  ҳаракат намояндалари ўзларини “тараққийпарварлар”, кейинчалик “жадидлар” деб аташган.

    Ўша даврнинг илғор тараққийпарвар кучлари, биринчи навбатда, зиёлилар маҳаллий аҳолининг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётганлигини ҳис этиб, жамиятни ислоҳ қилиш заруриятини тушуниб етганди.

    Давлатимиз раҳбарининг яқинда бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида “Ўз моҳият эътиборига кўра ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда” дея таъкидланди.

    Дарҳақиқат, жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қалоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар. Улар ана шу эзгу мақсад йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очди. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этди. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юборди.

    Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, ХХ аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб ва шоир Мунавварқори Абдурашидхонов юртни обод ва Ватанни мустақил кўришни орзу қилган ва шу йўлда фидойиларча курашган.

    Мунавварқори ижтимоий-педагогик фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. Унинг ихчам ҳикоялари, талайгина шеърлари ўша даврдаги матбуот ҳамда дарсликларга киритилган. Мақолаларида инсон ва жамият, дин ва ахлоқ, мустамлакачилик ва ҳуррият, зиёлилик, ташкилот, давлат идораси масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

    Мунавварқори ўз фаолияти давомида педагогик, матбуотчилик, муҳаррирлик, адиблик билан чекланмай, жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб борган, шу сабабли мустамлака ҳукумати томонидан бир неча бор ҳибс қилинган.

    Европанинг савдо-саноат, илм-фанини ўрганишга чақирган, маънавий қолоқликни қоралаган. Шўро ҳукумати олиб борган мустамлакачилик сиёсатига карши изчил кураш олиб бориб, 1917—1924 йилларда “Шўройи ислом”, “Иттиҳод ва тараққиёт”, “Миллий иттиҳод”, “Нашри маориф” каби жамият, фирқа ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилган. У виждон эркинлигини инкор этмаган дунёвий демократик давлат тарафдори бўлган. Шу сабабли Қўқон шаҳрида ташкил топган Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил кўришни истаган.

    Юртимиз мустақилликка эришгач, жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари номига ёпиштирилган сохта ёрлиқлар олиб ташланиб, уларнинг асл номлари қайта тикланди. Тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, файласуф, ҳуқуқшунос, санъатшунос ва педагог олимлар жадидларнинг бой илмий ва адабий меросини ўрганишда дастлабки натижаларни қўлга киритди.

    Мустақиллик йилларида Мунавварқори Абдурашидхоновнинг ҳам бир қатор асарлари чоп қилинди. Жадидларнинг 20 та машҳур вакили киритилган “Унутилмас сиймолар. Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари” албом-китоблари нашрдан чиқарилди. Уларнинг серқирра фаолияти дарслик ва қўлланмаларга киритилди.

    Юртимизда шаклланган миллий ва диний қадриятларни жамият онгига сингдириш орқали таълим тизими, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган Мунавварқори Абдурашидхонов каби мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, илмий меросини тадқиқ этиш бугунги ёшларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг шартларидан биридир.

    Адибнинг ўз юртини озод ва обод Ватанга айлантириш йўлида олиб борган ҳаракатлари уни ўзбек миллатининг маърифати ва тараққиётининг унутилмас сиймосига айлантирди.

    Норқул АСЛОНОВ,

    Жамоат хавфсизлиги университети

    катта ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates