Халқаро кураш ассоциацияси (ХКА) матбуот хизмати маълумотига кўра, азалий қадриятимиз кураш 2023 йил август ойида Конго Демократик Республикасининг Браззавиль шаҳрида ўтадиган Африка ўйинлари тизимидан алоҳида спорт тури сифатида расман жой олди.
Шу муносабат билан Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби ва техник директори Муҳаммад Ризо Носирий мазкур ўйинлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиш мақсадида Конгога хизмат сафари уюштирди.
Ташриф давомида Конго Ёшлар ва спорт, фуқаролик таълими вазири Хугуес Нгоуелонделе билан учрашди. Мулоқотлар давомида курашнинг Африка ўйинларидаги техник жиҳатларига оид масалалар муҳокама этилди. Кураш мусобақалари учун зарур бўлган воситалар, техник талаблар ва таклифлар билдирилди.
Хугуес Нгоуелонделе мамлакатда курашни энг оммалашган спорт турларидан бири даражасига олиб чиқиш мақсадида йирик мусобақалар ўтказиб келинаётгани ва ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланаётганини билдириб, Конго кураш федерациясига кураш гилами совға қилингани учун миннатдорлик билдирди. Келгусида кураш ватани Ўзбекистонга ташриф буюриш режалари борлигини билдириб ўтди.
Учрашув давомида ХКА бош котиби Ризо Носирий Африка ўйинларида кураш мусобақалари ўтадиган заллар, спортчи ва ҳакамлар, техник делегатлар учун ажратиладиган мажмуалар билан танишди, деб хабар беради «Дунё» АА.