Минскда МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

    Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳам мазкур йиғилишда иштирок этди.

    Йиғилиш аввалида Ҳамдўстлик давлатлари мудофаа вазирлари Минскда жойлашган «Ғалаба майдони»даги «Абадий аланга»га гулчамбарлар қўйди.

    Беларусь Республикаси Миллий кутубхонасида ўтказилган йиғилиш давомида мудофаа идоралари делегациялари раҳбарлари МДҲ форматида кўп томонлама ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар, жумладан:

    • қўшма ҳарбий-илмий фаолият, мудофаа идораларининг ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришдаги замонавий ёндашувлари ва амалий тажрибаси билан боғлиқ масалалар;
    • 2025 йилга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси тасдиқланди.

    Шунингдек, МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши аъзоларининг қарорига мувофиқ, Россия Федерацияси мудофаа вазири Андрей Белоусов МДҲ Мудофаа вазирлари кенгашининг раиси этиб сайланди.

    Йиғилиш иштирокчилари МДҲга аъзо давлатларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшма тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита раиси тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Мудофаа вазирлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар МДҲ ташқи ишлар вазирлари, ҳукумат раҳбарлари ва давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.

    Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти