Мўғулистон билан кўп қиррали ҳамкорлик ривожлантирилади

    Агросектор 9 март 2023 628

    Ташриф давомида Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батсетсег бошчилигидаги мўғул делегацияси бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов билан учрашди.

    Томонлар икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилдилар. Мўғулистон мамлакатимизни Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ва савдо йўналишларидаги иштирокини кенгайтириш учун муҳим мамлакат деб билади. Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда Мўғулистон билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг айланмаси 5,5 миллион долларни ташкил этди. Музокараларда томонлар аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга ва муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Шундай қилиб, томонлар гўшт, гўшт маҳсулотлари ва терини экспорт қилишни йўлга қўйишга, шунингдек, интенсив боғлар ва иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича тажриба алмашишни кучайтиришга қарор қилди. Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи ярмида Тошкентда Ўзбекистон-Мўғулистон ҳукуматлараро комиссиясининг 1-мажлисини ўтказишга келишилди.

    Батмунх Батсетсег, Мўғулистон Ташқи ишлар вазири:

    — Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг дипломатик алоқалари йўлга қўйилганига ўн йилдан ошди ва бу муддат давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятини кучайтиришга арзийди, деб ҳисоблаймиз. Мўғулистоннинг сиёсий позицияси Марказий Осиё мамлакатлари, айниқса, Ўзбекистон билан прагматик муносабатларни ўрнатишдан иборат. Мамлакатларимиз жаҳон денгизига чиқиш имконига эга эмас, мўғул томони Ўзбекистоннинг географик жойлашувидан транзит маркази сифатида манфаатдор. Биз мамлакатингизга гўшт маҳсулотлари, чарм буюмлар ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишга эътибор қаратамиз. Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган «карантин зоналари»ни ишга туширдик. Биз Ўзбекистон билан озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳам ҳамкорлик қилмоқчимиз.

    Маълумки, Мўғулистоннинг Тошкентдаги элчихонасини очиш бўйича аллақачон келишувлар мавжуд. Умид қиламизки, яқин орада мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови масалалари ҳам ҳал этилади, бу, албатта, туризмни ривожлантиришга, шунингдек, савдо-иқтисодий муносабатларимизни йўлга қўйишга ижобий таъсир кўрсатади.

    Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов:

    – Фан ва технологияда бир-бирини тўлдирувчи тармоқларни аниқлашимиз керак, деб ўйлайман. Масалан, ўзбек томони интенсив боғлар ва иссиқхоналар яратиш бўйича тажриба алмашишга тайёр, шунингдек, Мўғулистоннинг чорвачилик ва ветеринария соҳасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Шунингдек, биз мамлакатимизга «ҳалол» ёрлиғи билан гўшт маҳсулотларини импорт қилишни афзал кўрамиз. Мўғулистон Ўзбекистондаги мева-сабзавот маҳсулотларига барқарор талабгор. Бундан ташқари, ўзбек томони ёнғоқ, қандолат маҳсулотлари, шоколад, печенье, шароб ва тамаки етказиб беришга тайёр. Биз ўзаро маҳсулот этказиб беришга қизиққан корхоналар рўйхатини тузишимиз, шунингдек, улар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишимиз керак деб ҳисоблаймиз. Туризм соҳасидаги истиқболларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ўзбекистонда Мўғулистон имижини яратиш учун биздан икки мамлакатнинг туризм соҳасига оид тадбирларни ташкил этиш талаб қилинади.

    Шунингдек, вазир Азиз Воитов жорий йил16-18 март кунлари Ўзбекистондан Ишчи гуруҳ Мўғулистонга юборилишини, унинг таркибида тадбиркорлар ҳам бўлишини маълум қилди. Улар Мўғулистон ишлаб чиқарувчилари билан маҳсулот етказиб бериш ва ҳамкорлик масалалари бўйича иш олиб боришлари, шунингдек, чорвачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишлари мумкин. Ташриф давомида делегация Мўғулистонда чорва молларини биргаликда кўпайтириш, кейинчалик гўшт маҳсулотларини комбинатларда қайта ишлаш учун Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини баҳолай олади, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates