Мономарказ — касбга тайёрлашнинг самарали йўли

    Йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга марказда 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилди.

    Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли — уларни касб-ҳунарга ўқитиш экани, мамлакатимиз тажрибасида яққол намоён бўлмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида ёшлар, айниқса, ишсиз аҳоли қатламини бу тизимга жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъий назар, уларга ҳаётида асқотадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

    Ана шундай хайрли ишлар аввалида Президентимиз қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида тажриба сифатида “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилиб, илк фаолиятини 2019 йил сентябрь ойида Яшнобод туманида бошлаган эди. Йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга марказда талаб юқори бўлган қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича жами 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Бунинг учун марказда зарур техник воситалар, инновацион хоналар, малакали педагоглар жамоаси яратилди.

    Таҳлилларга кўра, Мономарказ хизматидан фойдаланётган ва касб-ҳунар ўрганиш истагида мурожаат қилаётганларнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил қилади. Марказнинг қисқа муддатли фаолияти натижаси бундай муассаса аҳоли, айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётгани, унинг филиалларини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам очишга эҳтиёж ва талаб юқорилигини кўрсатди. Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мономарказлар сонини кўпайтириш учун меъёрий асос бўлди. Айни пайтда босқичма-босқич мамлакатимизнинг 15 та ҳудудида “Ишга марҳамат” мономарказлари аҳолига ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда.

    Мономарказ фаолияти банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, касб-ҳунар, хорижий тил курслари, рақамли технологияларга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш, фуқароларга психологик ва юридик хизмат кўрсатишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

    Бу ерга келган инсонларга, аввало, бандлик масалалари бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилади. Доимий ишга эга бўлмаса, бўш иш ўринлари таклиф этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож мурожаатчилар доимий квотали иш билан таъминланиши ҳам мумкин. Касбий малака талаб этиладиган ишни танлаганлар эса шу ердаги қисқа муддатли ўқув курсларга жалб қилинади. Одатда, курслар 1 ойдан 4 ойгача давом этади. Ҳар бир курс учун белгиланган ўқитиш муддатлари ва соатлар ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, “World Skills” ҳамжамияти стандарти, меҳнат бозори талаб, таклиф ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Ўқув машғулотлари бошқа таълим тизимидан фарқли ўлароқ 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда олиб борилади. Курсларнинг битирувчиларига ўрта махсус дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади. Бугунга қадар мавжуд мономарказларда жами 1 570 нафар тингловчи ўқишни тугатган бўлса, яна 2 889 нафари айни пайтда тегишли касб-ҳунар бўйича таҳсил оляпти.

    Касбий малакани баҳолаш тизими

    Мономарказда хорижий тилларни ўқитиш ҳам кенг йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда инглиз, япон, хитой, корейс ва рус тилларини ўқитиш бўйича қисқа муддатли (1-3 ой) курслар фаолият юритмоқда. Ўқиш якунида якуний малака имтиҳонлари ўтказилиб, ундан муваффақиятли ўтганларга давлат намунасидаги сертификат берилади. Марказ тил ўқитиш курсларига хорижлик мутахассисларни жалб этиш бўйича Россия давлат халқлар дўстлиги университети, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Нанкин политехника институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

    Ҳозирги кунда билим даражасини белгилаб берувчи ҳужжатлар орқали ишга қабул қилиш тизими оммалашган. IELTS, TOEFL, HSK, JLPT каби тилни ўзлаштирганлик даражасини тасдиқловчи сертификатларни мисол қилиб келтириш мумкин. Халқаро меҳнат бозорида ҳам шу каби меҳнатга оид касб даражасини белгиловчи сертификатларга эҳтиёж борлиги, иш берувчи халқаро миқёсдаги корхона ва ташкилотлар томонидан ушбу ҳужжатларнинг алоҳида эътироф этилиши ва инобатга олиниши яққол кўзга ташланмоқда.

    Ўзбекистон 2020 йилнинг 17 январида дунё бўйлаб ишчи касбларнинг мақоми ва стандартларини ошириш, халқаро танловлар орқали замонавий касбларни оммалаштиришни мақсад қилган “World Skills International” халқаро ҳаракатининг 83-аъзоси сифатида қабул қилинди. Шунингдек, Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси негизида “World Skills Uzbekistan” уюшмаси ташкил этилди. Натижада юртимизда мазкур халқаро ҳамжамият томонидан белгиланган стандартлар асосида Президент қарори билан 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб “Ишга марҳамат” мономарказларида Касбий малакани баҳолаш марказидаги синов имтиҳонлари асосида “Skills” паспорти берилиши босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.

    Мазкур паспорт меҳнат вазифалари ва асосий кўникмаларнинг батафсил тақсимланишини таъминлаб, инсоннинг маълум қобилиятларни қанчалик эгаллаганини алоҳида қайд этади.

    Аҳамиятли жиҳати, мазкур касбий малака паспорти ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади ва эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради. Бундай паспортни мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро стандартлар бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган исталган киши олиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу паспорт таълимнинг кейинги турини давом эттиришга асос бўла олмайди.

    Бугунги кунда ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш мақсадида мономарказ тингловчиларининг ёши, ижтимоий ва жисмоний ҳолатини инобатга олган ҳолда дарс ўтишнинг турли инновацион методикалари яратилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 26 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида долзарб масалага айланган “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар мономарказда 1200 дан ортиқ банд бўлмаган аҳоли, хусусан, ёшлар ўқув курсларини якунладилар. Уларнинг 700 дан ортиғини хотин-қизлар ташкил этиб, мономарказ сертификатларига эга бўлдилар. Булардан ташқари айтиш мумкинки, Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида шаҳримиз ҳамда чекка ҳудудларда жойлашган 50 та маҳаллалардаги “Аёллар дафтари”га киритилган 200 дан ортиқ хотин-қизлар “Сартарошлик санъати” касбида ўқитилмоқда. Республика бўйлаб ташкил этилаётган “Тадбиркорлик асослари” ўқув курслари орқали ёши ва жинсидан қатъий назар ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган аҳолига ҳуқуқий билим ва кўникмалар берилиб, молиявий манбаларга йўналтирилмоқда.

    Айни кез ана шундай ўқув курсларини тамомлаб, ўз ишини йўлга қўйиб олган юзлаб инсонлар оилаларига даромад олиб кириш баробарида, бошқаларни ҳам иш билан таъминлаётгани кўзлаган мақсадларимизга эришаётганимиздан далолатдир.

    Нодира УМАРОВА,

    Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори,

    “Дўстлик” ордени соҳибаси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates