Бу тўғрида Москва давлат лингвистик университети (МГЛУ) ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) ўртасида 2010 йил май ойида битим имзоланган эди. Халқаро муносабатлар ва ижтимоий-сиёсий фанлар институти ва Москва давлат лингвистик университетининг сиёсатшунос-талабалари ўзбек тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганишни бошлаган. Бугунги кунда ўзбек тилини «Зарубежное регионоведение» («Хорижий ҳудудшунослик») йўналишида тайёргарлик ўтаётган талабалар ўрганяпти.
Талабалар ўзбек халқининг тарихи, урф-одатлари билан боғлиқ барча билимларни катта қизиқиш билан ўрганяпти. Улар кўпгина маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиб келяпти.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда 2012 йилда «Узбекский язык для стран СНГ» («МДҲ мамлакатлари учун ўзбек тили») ўқув қўлланмаси нашр этилган эди. Шу билан бирга МГЛУда ўзбек тили дарсини ўтиш ҳақида тақдимот материаллари (буклетлар, видеороликлар, стендлар) тайёрланган.
2021 йил баҳорида ЎзДЖТУнинг беш нафар докторанти МГЛУда илмий стажировка ўтиш ҳақида сертификат олди. «Вестник МГЛУ» («МГЛУ хабарномаси»)да ЎзДЖТУ ўқитувчиларининг мақолалари чоп этилади.
МГЛУ Ўзбекистоннинг тўртта университети билан самарали ҳамкорлик қилиб келади. Улар:
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
Қарши давлат университети;
Самарқанд давлат чет тиллари университети;
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Қарши давлат университети билан лингвистика бўйича иккита диплом бериш шарти асосида қўшма таълим дастурлари амалга ошириб келиняпти.
Ўзбекистон ОТМ ўқитувчилари МГЛУ томонидан Ҳамдўстлик мамлакатлари майдонларида ўтказиладиган халқаро илмий конференцияларда ва форумларда фаол иштирок этиб келяпти, деб хабар беради МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.