Мураббийлик ва муқаввийлик бизга бобомерос

    Қаҳратон қишда қалин қор босган тоғ йўлида қўшини учун мардларча қор кураб йўл очган шоҳ ва шоир Бобур, ўз талқини билан айтганда, мураббий ва муқаввийликни ўзига касб қилган буюк сиймо эди. Унинг муҳташам асари — “Бобурнома”да номи зикр этилган буюклар тавсифида мазкур талқинга дуч келамиз.

    Мураббийлик ва муқаввийлик тушунчаси замонавий истилоҳда қўлланмаса-да, давлатимиз олиб бораётган оқилона сиёсат, хусусан, илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги истеъдод эгалари камолотига қаратилган эътибор мисолида доим кўз ўнгимизда. Чунки бу сўзларнинг туб маъноси айнан ноёб иқтидор соҳибларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, моддий-маънавий рағбатлантириш, салоҳиятини муносиб баҳолаш сингари мезонларни ўзида мужассам этган. Бу иборалар мисолида бугунимизни ўтмишимиз билан қиёсласак, маърифатпарварлик, зиёлиларга ҳомийлик анъанаси кўп асрлардан буён қон-қонимизга сингиб кетганини тасаввур қиламиз.

    “Бобурнома”да завқ ва мароқ ҳамда шоҳона илтифот билан қўлланган ибора, яъни замонавий тилшунослик фани нуқтаи назари билан айтсак, тенг боғланишли сўз бирикмаси бўлган мураббий ва муқаввийлик хусусида ўз талқинимиз мавжуд.

    Биринчидан, бу бирикма мемуар матнида ниҳоятда бой ижобий бўёқдорликни ифодалаган. Маълум маънода инновацион ғояларнинг ижтимоий-сиёсий, моддий ва маънавий, фалсафий, ҳуқуқий, таълимий-тарбиявий йўналиш ва дидактик маъноларни, умуман, темурийлар Ренессансининг умумбашарий ғоя ва қадриятларини ҳам билдирган. Иккинчидан, муаллиф бу бирикмани мемуарда темурийлар Уйғониш даврининг ҳукмдорлари, маликалари ва шу даврнинг етакчи давлат ҳамда дин арбоблари, даҳо сўз санъаткорлари, йирик мулкдорларига нисбатан сифатлаш тарзида қўллаган. Бу бирикма ўша даврда уларнинг моддий-маънавий соҳада олиб борган кенг миқёсли бунёдкорлик фаолияти, услуби, юксак маънавияти ва ноёб фазилатини, жумладан, саховат ва ҳимматини, мурувват ва матонатини, маълум маънода сиёсий иродасини ҳам ифода этган.

    Айни пайтда рамзий маънода баён қилсак, қадимда сахийлик, бағрикенглик, мурувват ва футувват ғояларини ҳам тарғиб қилган, ҳам амалда тенгсиз даражада кўрсатиб берган ва оқибатда шундай эзгу одат, таомилга асос солган Ҳотам Тойи, бармакийлар ҳамда ислом маърифати анъаналарини ўзида ифодалайди.

    Бобур мураббий ва муқаввий бирикмасини илк марта мемуарда темурийлар Уйғониш даврининг йирик мутасаввуфи Хожа Аҳрор вали фаолиятининг бир жиҳатини ёритишда санъаткорона ишлатган. “Бобурнома”нинг бошқа тарихий шахслар тасвири билан боғлиқ воқеалар баёнида эса Султон Ҳусайн Бойқаро, Хожа Яҳё, Аҳмад Ҳожибек, Алишер Навоийга нисбатан тўғридан-тўғри қўллаган. Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Гавҳаршодбегим, Абдураҳмон Жомий, устози Хожа Мавлоно Қози ва ўзига нисбатан ишора билан бу ҳақдаги ижтимоий фикр ва муддаоларини батафсил ифодалашга ҳаракат қилган.

    Энди мураббий ва муқаввий бирикмасини ташкил қилган сўзларнинг луғавий маънолари билан қизиқиб кўрсак. Луғатларда ёзилишича, мазкур сўзлар арабча бўлиб, мураббий сўзи ўзида “тарбиячи, устоз, муаллим”, муқаввий сўзи эса “куч берувчи, қувват берувчи; мадад берувчи” сингари маъноларни билдирар экан. Ўрганишимизга кўра, таниқли рус шарқшуноси М.Салье “Бобурнома”ни рус тилига таржима қилар экан, мураббий ва муқаввий бирикмаларини турли ўринларда турлича ўгиргани кўзга ташланади. Хулоса қилиш мумкинки, машҳур таржимон ҳам таржима жараёнида мазкур сўзларнинг аслиятдаги маъносини ифодалашда қийналган. Натижада Бобур ёзган тарихий маълумотлар мазмуни ҳам таржимада маълум маънода тўлиқ акс этмаган.

    Масалан, шоҳ ва шоир “Улуғи улуғиға мураббий бўлди, кичиги кичигиға муқаввий” деб ёзган маълумотни М.Салье шундай таржима қилган: “Старший стал покровительствовать старшему (царевичу), младший поддерживал младшего”. Бошқа бир ўринда эса қуйидагича: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай. Устоз Қулмуҳаммад ва Шайхий Ноий ва Ҳусайн Удийким, созда саромад эдилар, бекнинг тарбияти ва тақвияти била мунча тараққий ва шуҳрат қилдилар”. М.Салье таржимасида: “Неизвестно, существовал ли когда-нибудь другой такой пособник и покровитель людей науки и искусства, как Алишер бек. Устад Кул Мухаммед, Шейх Найи и Хусейн Уди, великие мастера в игре на инструментах, снискали столь большую славу и успех благодаря помощи и поддержке Бека”.

    Бобур ўз мемуарида қўллаган даврдан ҳозирги кунгача англатиб келган луғавий маъносида ҳам деярли ўзгариш бўлмаган. Аммо муқаввий шахс отига эса бундай изоҳ бериб бўлмайди. Сабаби, муқаввий шахс оти бугунги кунда архаик сўзга айланган ва лексикологияда эскирган сўзлар сифатида ўрганилади. Деярли адабий тилимизнинг оғзаки ва ёзма шаклида ишлатилмайди ҳамда сўзлашув, расмий, бадиий, илмий услубларда ҳам қўлланмайди. Мазкур сўз “Бобурнома” матнида, яъни муаллиф битган темурий Уйғониш даврининг фаол фаолият олиб борган тарихий, ижтимоий шахсларнинг тасвирида, уларнинг юксак фазилатларини ёритиб, инсоний қиёфаларини кўрсатиб беришда ҳамда умумбашарий ва халқчил инновацион ғояларни аниқ ифодалаш, тараннум этишда муаллифнинг ўзига хос тасвир баёнида ишлатилган. Яна шуни таъкидлаш зарурки, муқаввий сўзи асарда саховат, мурувват, бахшиш, инсоният сўзлари билан эквивалент сифатида қўлланган ўринлар бор.

    Мемуар матнида мураббий ва муқаввий шаклида қўлланса-да, мураббий сўзининг маъно даражаси берилган маълумотда муқаввий сўзига нисбатан устунроқ бўлиши мумкин ёки маълумотда муқаввий сўзининг маъно даражаси эса мураббий сўзига нисбатан кенгроқ бўлиши ҳам мумкин. “Бобурнома”да бу фарқли ҳолатга мисол тариқасида темурийлар Уйғониш даврининг йирик диний арбоби, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги кўплаб йирик мулклар эгаси, темурий ҳукмдорларнинг давлат бошқаруви, хазинасининг кирим-чиқими, мулку миллат ишларига диний раҳнамолик қилган, ўзига хос кучли таъсирга эга шайх Хожа Аҳрор валининг темурий ҳукмдор Султон Аҳмад мирзонинг салтанатни адолатли бошқариши, эътиқод ва ҳидоят, тариқат ва шариат йўлларида адашмаслиги, чекинмаслиги ҳамда руҳий камолоти учун мураббийлик, яъни тарбиячилик, раҳнамолик қилгани тўғрисидаги маълумотни келтириш мумкин.

    Бобур мазкур маълумотида ҳар иккала шахс отларини бирдек, яъни тенг боғланишли бирикма шаклида қўллаган, бироқ тарихий лавҳада эса асосий маъно урғуси кўпроқ мураббий сўзига тушган. Хуллас, фикрларимизнинг исботи учун “Бобурнома”даги Султон Аҳмад мирзога бағишлаб битилган фиқранинг “Ахлоқ ва атвори” фаслига мурожаат қилсак: “Ҳанафий мазҳаблиқ, покиза эътиқод киши эди, беш вақт намози тарк бўлмас эди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоға иродати бор эди. Ҳазрати Хожа мураббий ва муқаввий эдилар. Бисёр муаддаб бор эди, алалхусус, Хожа мажлисида тизи бир-бир тизига ёвутқаган эмастур. Бир навбат Ҳазрати Хожа суҳбатида бир хилофи одати оёғини ёвуткаб ўлтурубтур. Мирзо қўпқондин сўнг Ҳазрати Хожа буюртурурларким, Мирзо ўлтурғон ерни боққайлар, бир сўнгак бор экандур.

    Агар мазкур лавҳага диққат қилсак, Бобур Ҳазрати Хожага нисбатан муқаввий сўзини қўллашида ҳам ўзига яраша сабаб бор бўлиб, Ҳазрати Хожанинг гоҳида ҳукмдорга, гоҳида давлат хазинасига қувват берувчи йирик сармоядор эканига ҳам ишора қилган. Умуман, бу каби жиҳатлар “Бобурнома”да яхши ёритилган. Масалан, мемуарда улуғ амир Алишер Навоий ҳам Султон Ҳусайн Бойқаро хазинасидан улуш олмай, хазинага мадад берувчи муқаввий экани ишонарли битилган. Чунки Бобур ҳукмдорларнинг “ҳалл ва ақди”ини ҳис қилган подшо сифатида давлат хазинасига оид ҳолат, одат, русумни яхши билган ёки фавқулодда рўй берган вазиятлар туфайли юзага келган иқтисодий тангликнинг ечимини топишда йирик мулкдорларнинг муқаввийлиги зарур бўлиб қолишини ҳам тушунган. Унинг ўзи ҳам ҳаётда бу каби воқеаларни бошидан ўтказган. Масалан, жуда танг шароитда Фон малики ҳамда Хисравшоҳ сингари йирик мулкдорлардан мадад кутган, ҳатто, унинг “яхшилик” радифли чуқур фалсафий мушоҳадага йўғрилган машҳур ғазали ҳам худди шу ҳолатлар таъсирида битилган.

    Яна, “Бобурнома” матнида мураббий ёки муқаввий деб алоҳида-алоҳида сўз шаклида ҳам қўлланган. Буни темурий ҳукмдорлар билан Хожа Убайдуллонинг авлодлари ўртасида кечган муносабатлар асносида Ҳазрати Хожа Аҳрор фарзандарининг хонадонида вужудга келган рақобатли вазият ва шу ноқулай ҳолат сабаб хонадонда пайдо бўлган парокандалик, мулкий муносабатлар талқини билан боғлиқ муаммоларни батафсил тасвирлаган лавҳаларда кўриш мумкин: “Улуғи улуғиға мураббий бўлди, кичиги кичигиға муқаввий”. Бунда Бобур такрир ва саж санъатлари воситасида нафақат адиблик, балки шоирлик маҳоратини ҳам кўрсата олган. Бу ҳолат тўғрисидаги хабарни мемуарнинг темурий ҳукмдор Султон Али мирзо ҳақида битилган лавҳасида ўқиймиз: “Султон Али мирзони Кўксаройга чиқариб кўзларига мил торттилар. Жарроҳнинг ихтиёри била ё бехос милдин Султон Али мирзонинг кўзларига осибе етмади. Филҳол, изҳор қилмади. Хожа Яҳёнинг уйига борди. Икки-уч кундин сўнг қочиб Бухороға тархонларға борди. Ҳазрати Хожа Убайдуллонинг авлодининг орасида бу сабабдин таассуб тушти. Улуғи улуғиға мураббий бўлди, кичиги кичигиға муқаввий”.

    Мемуарда мураббий ва муқаввий бирикмаси Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибекка нисбатан қўлланган маълумотда “Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввий эди”, деб фозил ҳоким ўзининг мураббий ва муқаввийлигини фақат Самарқандда Алишер Навоийга кўрсатгани айтилган, аммо асарда муаллиф уни темурийлар Уйғониш даврининг мураббий ва муқаввий ҳокими сифатида ҳам таништирганини яққол сезиш мумкин. Чунончи: “Яна бири Алишер Навоий эди, беги эмас эди, балки мусоҳиби эди, кичиклигида ҳаммактаб экандурлар. Хусусият бисёр экандур. Билмон, не жарима била Султон Абусаид мирзо Ҳиридин ихрож қилди. Самарқандға борди, неча йилким, Самарқандта эди. Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввий эди”.

    “Бобурнома”да темурийлар Уйғониш даврида Хуросон ҳукумати, мамлакат девонида ва молиявий ишлар ҳамда кадрлар бошқарувида Алишер Навоийнинг ижобий таъсири, унинг мураббий ва муқаввийлиги, тарбия ва тақвияти кабиларни шоҳ ва шоир Бобур ҳайрат ҳамда шоҳона илтифот билан баён қилган. Бунда ҳар икки сўзнинг маъносида ҳам ўзаро луғавий маъно тенглиги сақланганини билиш мумкин. Биз таҳлил ва талқинга тортган лавҳа баёнида Бобур Алишер Навоий зикри сабаб бошқа бирламчи манбаларда ҳам тилга олинган. Шу даврнинг мусиқа санъати хазинасига катта ҳисса қўшган Устоз Қулмуҳаммад, Шайхий Ноий, Ҳусайн Удий каби санъат аҳли ҳамда темурийлар Уйғониш даврининг рангтасвир санъатини юқори кўтарган, XV аср охири — XVI аср бошларида рассомликда бир неча мактабларнинг шаклланиши ва бу давр маданий ҳаётида миниатюра соҳасида яхши танилган Камолиддин Беҳзод, Шоҳ Музаффарнинг номи, уларнинг янги ижодий миниатюра йўналишига асос солиши, бебаҳо санъати борасида ҳам маълумотлар мавжуд: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай. Устоз Қулмуҳаммад ва Шайхий Ноий ва Ҳусайн Удийким, созда саромад эдилар, бекнинг тарбияти ва тақвияти била мунча тараққий ва шуҳрат қилдилар. Устоз Беҳзод ва Шоҳ Музаффар тасвирда бекнинг саъй ва эҳтимоми била мундоқ машҳур ва маъруф бўлдилар. Мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа мувафақ бўлмиш бўлғай”.

    Муаллифнинг бу маълумотларидан аён бўладики, тасвир санъати, хусусан, миниатюра темурийлар Ренессанси даврида Алишер Навоий раҳбарлик қилган илмий ва маданий муҳит ҳамда унинг мураббий ва муқаввийлиги сабаб равнақ топган.

    Бобур Хожа Аҳрор вали ҳамда Аҳмад Ҳожибекка нисбатан қўллаган мураббий ва муқаввий бирикмасини энди улуғ амир Алишер Навоийга нисбатан ҳам ишлатган. Улуғ амирнинг ҳам вақт ўтиб мураббий ва муқаввийликка тенгсиз даражада кўтарилганини “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча, мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай” ёки “Мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа мувафақ бўлмиш бўлғай”, деб чексиз ҳурмат, эътироф, ҳайрат билан қайд этган. Бу қимматли маълумотнинг баъзи исботи ва изоҳларини муаллиф “Бобурнома”нинг Ҳирот бўйлаб сайру саёҳати ва зиёрати акс этган қизиқарли лавҳада янада батафсил баён қилган.

    Хуллас, Бобур мураббий ва муқаввий, тарбият ва тақвият бирикмаларини фақат ўз асарида тилга олган темурийлар Уйғониш даври вакилларига нисбатан ишлатган. Бу ҳолат уларнинг яратувчанлик қобилиятига ҳамда моддий-маънавий соҳаларда амалга оширган бунёдкорлик, саховат, футувват, бахшиш характеридаги ишларига ишорадир. Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, Бобур бу бирикмани асарда илк марта Хожа Аҳрор валига, кейин Аҳмад Ҳожибекка ва Алишер Навоийга нисбатан қўллаган. Қизиғи шундаки, вақт ўтиб Бобурнинг ўзи ҳам атрофига турли илм, фан намояндаларини, шоир, адиб, муаррихларни, умуман, “аҳли фазл ва аҳли ҳунар”ни тўплаб, уларнинг илмий, ижодий ишларига мураббий ва муқаввийлик қилди. Унинг моддий ва маънавий соҳадаги бунёдкорлик фаолияти, мураббий ва муқаввийлик ишлари мамлакатимиз ва хорижлик бобуршунос олимлар томонидан алоҳида эътироф этилган ҳамда ўрганилган. Масалан, британиялик таниқли шарқшунос, тарихчи Вильям Рашбрук Бобурни “Ўн олтинчи асрнинг бунёдкори”, деб юксак баҳолаган ва олим Бобур ҳақида айнан шу ном билан “Ўн олтинчи аср бунёдкори” номли қимматли асар ёзган. Бу асар Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг мураббий ва муқаввийлигида инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр қилинган ва илмий муомалага киритилган.

    Бобур шоҳ ва адиб сифатида ҳам мураббий ва муқаввийликнинг маърифатини жуда яхши тушунган, аммо уларнинг таъсирига тушиб қолишларини кўп ҳам ёқламаган. Ҳатто мемуарда ҳукмдорларнинг мураббий ва муқаввийлар қўлида “қўғирчоқ ҳукмдор” бўлиб қолиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

    Хулоса шуки, “Бобурнома” матнида муаллиф томонидан маҳорат билан қўлланган ҳар бир сўз, бирикма, ибора, гап каби тил бирликларида ҳам ўша давр ўзбек адабий тили қоидалари, хусусиятлари акс этган. Шу билан бирга, улар воситасида муаллиф халқ руҳи, миллий колорит, маданий муҳит, давр тараққиёти, Ренессанснинг улуғвор ғояларини, эзгулик тушунчаларини ҳам талқин қилган. Бу фикр у маҳорат билан қўллаган мураббий ва муқаввий бирикмаларига ҳам тегишлидир. Бу бирикма муҳташам мемуарда темурийлар Уйғониш даврининг гениал шоири, улуғ амири, йирик мулкдори Алишер Навоийга нисбатан бир неча марта қўлланган бўлиб, ҳар бир ҳолатда унинг шахсиятидаги юксак нурли нуқталарни кўрсатиб, англатиб турувчи лисоний ифода деб баҳолаш мумкин.

    Буробия РАЖАБОВА,

    Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти

    катта илмий ходими, филология фанлари номзоди