Мустаҳкам ижро интизоми ва шахсий масъулият — бош мезон

    Ижтимоий ҳаёт 24 май 2023 1997

    Президент ва ҳукумат қарорларига биноан бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан фаол ва масъулиятли ходимларни қўшимча рағбатлантириш, шунингдек, вазифаларни бажариш муддатини ўтказиб юборган ходимларга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўриш тажрибаси ижро интизомини сўзсиз таъминлашда самарали восита саналади.

    Юртимизда олий таълим, фан ва инновациялар тизимини ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори учун малакали кадрлар етказиб бериш ва ижтимоий ҳаётни барқарорлаштириш, илм-фан асосида самарали таълим-тарбия усулларини жорий этиш, бу орқали аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда эса олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида тизим фаолиятини трансформация қилишга қарор қилинди.

    Чуқур билим ва кўникмага эга рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш мақсадида мамлакатдаги олий таълим муассасалари сони сезиларли оширилди. Давлат олий таълим муассасалари билан бир қаторда, хусусий ОТМлари ва хорижий университетлар филиаллари самарали фаолият юритмоқда. Бугунги кунда аҳоли олий таълим қамрови ошиб 38 фоизга етди, 2016 йилда бу кўрсаткич 9 фоизни ташкил этар эди.

    Олий таълим сифатини ошириш борасида қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда, шу билан бирга, профессионал таълим тизимини янги босқичга кўтариш вазифаси ҳам кун тартибидаги долзарб масаладир.

    Ички ва ташқи меҳнат бозори учун рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, уларнинг хорижий тиллар ва ахборот технологияларини билиш кўникмаларини ошириш, талабаларда умуминсоний ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш, ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, демакки, инсон капиталини ривожлантириш юртимиз келажагига пойдевор бўлиб хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида бир қатор вазифалар белгилаб берилдики, уларнинг амалга оширилиши ёшларимиз учун энг долзарб муаммо — ишга жойлашиш масаласини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

    Олий таълим муассасалари ва йирик компаниялар, кластерлар ҳамда бошқа корхоналар ўртасида амалий ҳамкорлик тизимини яратиб талабалар бандлигини таъминлаш, ҳар бир олий таълим муассасасида “Карьера марказлари”ни ташкил этиш, талабаларга ҳам ишлашга рухсат бериш, олий маълумот талаб этиладиган касб ва лавозимларни қайта кўриб чиқиш шулар жумласидан.

    Айни пайтда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ушбу йўналишларда тизимли ишлар бошланган.

    Жумладан, ҳозирда 10 мингдан зиёд талаба бандлиги таъминланган бўлса, бошқа талабаларнинг ишга жойлашиши учун керак бўладиган ҳужжатлари рақамлаштирилиб, қулайлик яратилди.

    Белгиланган вазифаларга эришишнинг асосий жиҳатларини тизимли ўрганиш ва амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлигини таҳлил қилиш натижасида аён бўладики, ислоҳотлар самарадорлигининг ҳал қилувчи омили, раҳбарлар масъулиятни ҳис қилиши ва улар эришган муваффақиятлар асоси, бу — ижро интизоми.

    Вазирликда ижро интизоми тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янги механизмларни жорий этиш бўйича ишларни ташкил этишда Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асос бўлди.

    Вазирликнинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига электрон маълумотлар базаси билан ишлаш, қоғозсиз ҳужжат айланиши ва ижро интизоми устидан назоратни таъминлаш имконини берувчи “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ишга туширилди. Шу тариқа қонунлар, Президент фармонлари, қарорлари, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг мазкур тизимига уландик.

    Вазирлик зиммасига юклатилган вазифалар ҳажми катталигини ҳисобга олган ҳолда уларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш учун ижро интизомини таъминлашга тизимли ёндашув жорий этилди. Хусусан, ҳар бир вазир ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларни муддатида ва тўлиқ бажариши учун “Иш — жамоавий, лекин масъулият шахсийдир!” тамойилига таянади.

    Бугунги кунда “Ijro.gov.uz” тизимидаги вазифаларни бажариш самарадорлиги вазирлик раҳбарияти томонидан, шу жумладан, вазирлик марказий аппарати йиғилишларида ҳам онлайн, ҳам офлайн форматда ҳар ҳафта муҳокама қилиб борилмоқда. Топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш ҳамда узлуксиз “технологик занжир”ни тизимли йўлга қўйишда Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси билан узвий алоқа йўлга қўйилган. Шу билан бирга, белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши ва кўзланган мақсадларга эришишни таъминлаш бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида ҳар ҳафтанинг жума куни танқидий муҳокамалар ташкил этиб борилади.

    Қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини амалга ошириш ва назорат қилиш бўйича ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик тизимига мувофиқ, Oлий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўз ишини 5 босқичда амалга оширади.

    Тайёрланаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар алоҳида қайд этилади. Сабаби, мазкур ҳужжатларни идоралараро мувофиқлаштириш ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун маълум вақт талаб этилади.

    Ҳужжатлар лойиҳасини идоралараро мувофиқлаштиришни тезлаштириш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан ишлашнинг аниқ тизими жорий этилган. Хусусан, ҳужжат лойиҳасининг ҳар бир ижрочиси уни тегишли вазирлик ижрочилари даражасида мувофиқлаштиришга ҳаракат қилади.

    Президент ва ҳукумат қарорларига биноан бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан фаол ва масъулиятли ходимларни қўшимча рағбатлантириш, шунингдек, вазифаларни бажариш муддатини ўтказиб юборган ходимларга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўриш тажрибаси ижро интизомини сўзсиз таъминлашда самарали восита саналади.

    Вазир ўринбосарлари ходимлар фаолияти самарадорлигидан келиб чиқиб, уларни қўшимча моддий рағбатлантириш ёки тегишли чоралар кўриш бўйича вазирга таклифлар киритиб боради. Вазирлик марказий аппаратида ўрнатилган ижро интизомини назорат қилишни амалга ошириш механизми республика олий таълим муассасаларида бошқарув вертикали бўйича жорий этилди.

    Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари билан яратилган шарт-шароитлар, ўрнатилган ижро интизоми тизими вазирлик марказий аппаратида самарали жамоани шакллантириш ҳамда олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини таъминлаш имконини бермоқда.

    Шу тариқа “Ижро интизоми — ислоҳотлар гарови” тамойилига амал қилиб, ислоҳотларимиз сермазмунлиги ва самарадорлигини таъминлашга қодир кадрлар тайёрлаш асосий вазифамизга айланган.

    Иброҳим Абдураҳмонов,

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазири