Ҳужжатлар ва топшириқлар ижросини таъминлашда вилоят — туман — қишлоқ — маҳалла асосида ишлаш тизими: амалиёт ва самара

    Мамлакатимизда 19 август 2021 1190

    Шавкатжон АБДУРАЗЗОҚОВ, Наманган вилояти ҳокими:

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ва кенг кўламли ислоҳотларга батафсил тўхталиб ўтди.

    Шу билан бирга, жойларда ислоҳотларнинг самарали кечиши, биринчи навбатда, ҳокимларга, уларнинг билим ва тажрибаси, ишбилармонлик хусусиятларига боғлиқлиги, энг муҳими, улар одамларнинг ишончини қозонган бўлиши шартлигини алоҳида таъкидлади.

    Зеро, юртимизда кечаётган изчил ислоҳотларнинг барчаси инсон, унинг ҳаётий манфаатларига хизмат қилади. Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжатнинг замирида инсон тақдири турибди. Бошқача айтганда, фуқаролар давлатга эмас, давлат фуқароларга хизмат қилмоқда.

    Қатъий тартиб ва интизом асосида ишлаш — давр талаби. Режали фаолият ва назорат юксак натижадорлик дегани. Аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кўтариш бўйича саъй-ҳаракатларнинг натижадорлиги уларни амалга оширишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишга бевосита боғлиқ.

    Президентимиз юритаётган одилона ва оқилона сиёсатнинг туб негизида ётган энг муҳим ва долзарб масала ҳужжатлар ва топшириқларни бажаришда ижро интизомига сўзсиз риоя қилишдир. Фаолият юритиш маданиятининг юқори даражасини намоён қилиш ҳар бир раҳбар ва ходимнинг бурчи ҳисобланади.

    Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10 февралда қабул қилинган “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони барча даражадаги маҳаллий ҳокимликларда ижро интизомини янада мус­таҳкамлаш имконини берди.

    Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 31 май санасида имзоланган “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси мониторингини юритишда мазкур тизим таъсирчанлигини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада ошириш ҳамда самарали фаолият кўрсатишини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

    Мазкур қарор юзасидан Наманган вилояти ҳокимлигининг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. “Шахсий масъулият, мустаҳкам “темир” интизом ва ташаббускорлик” тамойилларига асосланган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг мутлақо янгича тизими, яъни “технологик занжир”, ўз навбатида, ҳуқуқий жараёнларни ҳар бир ҳаракат кесимида батафсил, таъбир жоиз бўлса, “соатбай” тартибга солади.

    Дарҳақиқат, қонун, фармон ва қарорлар ижросини тўғри ташкил этиш орқали амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир туман, қишлоқ ва маҳаллагача етиб боришига эришилади.

    Таҳлил масъулиятни оширишга ундайди

    Наманган вилояти ҳокимлигида штатлар жадвали доирасида 3 та штат бирлигидан иборат ижро интизомини назорат қилиш бўлими ташкил этилди. Натижада барча даражадаги ҳужжатларни бандма-банд назорат ва таҳлил қилиб бориш имкони яратилди.

    Вилоятдаги барча шаҳар ва туман ҳокимликларининг ижро интизомига масъул 14 нафар ходими жорий йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси аппаратида стажировка ўтаб, уларнинг бу борадаги билим ва касбий маҳорати оширилди.

    2021 йилнинг ўтган даври давомида вилоят ҳокимлигининг иш режасига асосан, 88 та мақсадли ва 2 та комплекс ўрганиш ўтказилди. Ўрганишлар якунига кўра, 43 нафар масъул раҳбар ва ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилди, шу жумладан, масъулларнинг 10 нафарига ҳайфсан, 33 нафарига огоҳлантириш берилди.

    2021 йилнинг ўтган даврида вилоят ҳокимлигига жами 345 та меъёрий ҳужжат (35 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 33 та фармони, 101 та қарори, 6 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 141 та қарори ҳамда 29 та фармойиши) кирим қилинган.

    Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 298 та қарори, 26 та фармойиши имзоланиб, 33 та ҳужжат тегишли равишда маълумот ва хизматда фойдаланиш учун қабул қилинган ҳамда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

    Наманган вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Президентининг жами 858 та (131 та фармон, 464 та қарор, 22 та фармойиш, 241 та баёни) меъёрий ҳужжатидаги 5 минг 866 та топшириқ келиб тушган. Шундан 4 минг 154 та топшириқ бажарилган. Ижродаги 1 минг 684 та топшириқнинг ўз муддатида бажарилиши тизимли назорат қилиб борилмоқда.

    Жорий йил 1 январдан 31 июль санасига қадар жами 668 та топшириқ (118 та фармон, 246 та қарор, 5 та фармойиш, 299 та баён) келиб тушган бўлиб, ҳозирга қадар 640 тасининг ижроси таъминланган, 28 тасининг ижросини таъминлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

    Имзоланаётган қарорлар “Е-назорат” электрон тизими орқали назорат қилинади

    Вилоятда ижро интизомини янада мус­таҳкамлаш мақсадида “Е-назорат” электрон тизими жорий этилди. Бу билан барча даражадаги ҳужжатлар қамраб олинди ва тизимли назоратда турибди.

    31 июль ҳолатига “E-qaror” тизими орқали вилоят бўйича ҳокимликларнинг 2092 та қарори, 456 та фармойиш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг 336 та қарори қабул қилинди.

    Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “Халқ қабулхонаси” бўлади

    Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 23 июлда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклиги қайд этилди.

    Алоҳида таъкидландики, ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. ­Аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ­ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

    Ҳар ҳафтада Президентимизнинг вилоятдаги Халқ қабулхонасида, шаҳар ва туманлар ҳудудида ҳамда вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокимининг шахсий ва сайёр қабуллари режа асосида ўтказиб борилмоқда. Вилоят ҳокимининг ижтимоий тармоқларидаги (namvilhok@umail.uz, namangan.uz, “Facebook”) расмий саҳифалари орқали туну кун мурожаатлар қабул қилиниб, ижрога қаратилиб, назоратга олинмоқда.

    Ёшларнинг муаммолари ва таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ҳафта вилоят ҳокимининг “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларида масалалар билан ўз вақтида танишиб чиқилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўриб борилмоқда.

    Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Наманган вилоятига Халқ ва Виртуал қабулхоналар орқали вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат идоралари даражасидаги жами 12 минг 553 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ҳозир уларнинг 11 минг 239 таси ёки 89,5 фоизи ижобий ечим топди.

    Мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий нафақалар, иш билан таъминлаш, банк кредити, тадбиркорлик, таълим масалалари, соғлиқни сақлаш, уй-жой ва ичимлик сув таъминоти билан боғлиқдир.

    Қуйига тушиб, оддий одамлар муаммоларига қулоқ солган ҳолда, уларнинг мурожаатларига жиддий аҳамият қаратган, ўзини қийнаб, элим деб, юртим деб ёниб яшаган мутасаддиларгина фуқаролар қалбидан жой олади. Демак, фаолиятимизга ҳақиқий баҳони халқ беради.

    2021 йил 2-чорак якунлари бўйича энг муҳим самарадорлик кўрсаткичига эришилиши юзасидан Наманган вилояти туман ва шаҳар ҳокими ҳамда ўринбосарларининг рейтинг натижаларига кўра, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Мингбулоқ, Норин, Учқўрғон туманлари юқори ўринларни банд этган.

    Рақамлар ҳаётга кўчганда

    Ўтган давр мобайнида ҳар ҳафтанинг сешанба куни ҳудудларда сайёр ва шахсий қабуллар 12 маротаба, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари 8 маротаба, “Ҳоким ва тадбиркор” учрашувлари 15 маротаба — жами 35 маротаба ташкил этилди.

    Бунда жами 3 минг 149 нафар фуқаро қабул қилиниб, 1 минг 954 та муаммо кўтарилди. Наманган вилоятидаги 775 та маҳаллада “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали 502 мингта хонадон ўрганилди ва аниқланган 92 минг 248 та муаммонинг 84 минг 820 таси (91,9 фоизи) бартараф этилди.

    Жойларда Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар ўтказилиб, муҳтож оилаларнинг шакллантирилган манзилли рўйхатлари бўйича ҳудудлардаги 106 та оилага чорва ҳайвонлари, 1 минг 643 та оилага 26 минг 653 та парранда, эҳтиёжманд 1 минг 176 та оилага тикув машиналари, 1 минг 5 та ёшга техника воситалари беғараз топширилди.

    Уй-жой билан таъминлаш мақсадида туманларда 5 қаватли, 1 хонадонли, 60 квартирали, жами 840 та хонадонли 12 та муниципал уй барпо этила бошланди. Ушбу уйлар оғир ижтимоий вазиятдаги оилаларга ижтимоий ҳолати яхшилангунига қадар вақтинча берилади. Шунингдек, режадаги 860 хонадонли 43 та кўп қаватли (5 қаватли, 20 хонадонли) уй-жойга қўшимча 32 та ёки 640 та хонадон, умумий ҳисобда 75 та 1 минг 500 та хонадонли арзон уй-жой қуриш бошланди. Уларни жорий йил якунигача ишга тушириш натижасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги шундай қатламни реал қисқартиришга эришилади.

    Вилоятда 1 367,2 км. ички йўллар таъмирланди (209,5 км. асфальтлаш, 517,1 км. шағаллаш), ички имкониятларимизга асосан, ҳашар йўли билан қўшимча 640,5 км. шағаллаш ишлари бажарилди. Натижада 203 та маҳаллада яшовчи 548,6 минг нафар аҳоли фойдаланадиган йўллар таъмирланди.

    Ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида барча манбалар ҳисобидан ажратиладиган 306 млрд. сўм ҳисобига 90 та объектда 654,3 км. ичимлик ва оқова сув тармоқлари қуриш режалаштирилган.

    Айни пайтгача 355,9 км. ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилди, 1 та янги сув олиш, 1 та оқова сув тозалаш иншооти қурилди, 4 та сув олиш иншооти мукаммал таъмирланди.

    Бу билан 84 та маҳаллада яшовчи 248,6 минг нафар аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди ёки вилоятда ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 65,2 фоиздан йил охирига 70,0 фоизга ўсиши кутилмоқда.

    Электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 9 минг 500 та янги темир бетон таянч, 152 та янги трансформатор ўрнатилди, 405 км. электр тармоғи тортилди. Шу орқали 28 минг аҳолининг ва 1,5 мингта улгуржи истеъмолчининг электр энергиясига талаби қондирилди.

    Газ таъминоти бўйича 14,4 км. тармоқлар жорий, 40 та газ тақсимлаш пункти жорий ва 26 таси мукаммал таъмирланди, аҳолига 219 та янги газ баллони ҳамда 34 минг 682 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

    Ҳар ҳафтанинг шанба куни “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари уюштирилмоқда. Ўтган тадбирларда 1 минг 757 нафар ёшнинг 544 та муаммоси аниқланди.

    Масалаларнинг 259 таси (47,6 фоизи) жойида ижобий ҳал қилинди. Натижада 625 нафар талаба-ёшни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 млрд. 897 млн. сўм тўлов-контракт пули олий таълим муассасаларига тўлаб берилди.

    Қолаверса, 969 нафар ўсмирга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 1 млрд. 475 млн. 400 минг сўм тўлов тўлаб берилиб, ёшларнинг ўзларини ўзлари банд қилишига эришилди.

    Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни вилоятда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида “Ҳоким ва тадбиркор” учрашуви механизмини жорий қилганмиз.

    Ўтган давр мобайнида қарийб 711 нафар тадбиркорнинг 694 та масаласи ижобий ечим топди. Масалан, 54 нафарига 140,3 гектар ер майдони, 60 нафарига 133,8 млрд. сўм кредит ажратилди, 71 нафарига бино-иншоот, коммуникация тармоқлари, рухсат бериш, солиқ, экспорт ва бошқа масалалар бўйича амалий кўмак кўрсатилиши ҳисобига 3 минг 795 та янги иш ўрни яратилди.

    Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва кенгайтириш истагини билдирган 28,8 мингта субъектнинг 26,6 мингтасига жами 575,3 млрд. сўм кредит ажратилди ва 25,5 мингта фуқаронинг бандлиги таъминланди.

    Муаммолар “маҳаллабай” ишлаш тизимида жойида ҳал этилади

    Президентимиз ташаббуси билан давлат бош­қаруви тизимига киритилган “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тамойили орқали хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар ўз натижасини бермоқда. Аниқланган ҳар бир масала ва муаммо халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари депутатлик гуруҳларида ўрганилиб, сессияларда муҳокама этиляпти, шу асосда қарорлар қабул қилинмоқда.

    “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича вилоятдаги 775 та маҳаллага жами 1331 нафар, шундан 664 нафари тижорат банкларининг
    доимий вакили, 334 нафари бошқарув офис­лари, иқтисодий идоралар ходими ва 333 нафар мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар таркибида жалб этилиб, вилоят, туман, шаҳар штаблари ташкил этилган.

    Вилоятдаги барча маҳаллалар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, кредит ажратиш, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, газ, сув, электр ҳамда ижтимоий соҳалар бўйича 92,4 мингдан ортиқ муаммо аниқланиб, 86,8 мингтаси ёки 93,9 фоизи ижобий ҳал этилди. Ҳал этилмаган муаммолар бўйича ҳар бир маҳалла кесимида “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 майдаги қарори билан вилоятдаги 63 та маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

    Бугунги кунда ушбу маҳаллаларда 7 649 та хонадон қамраб олиниб, уларга 11,8 млрд.сўмлик кредитлар ҳамда 763 млн.сўмлик субсидия ажратилди ҳамда 617 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

    Ихтисослашган маҳаллаларда 13 км. газ тармоғи таъмирланиб, 58 км. электр ва 92 км. сув тармоғи тортилди. 18 та маҳалла бинолари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

    Шу билан бирга, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари аппаратларида ижро интизоми ва топшириқлар, қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этишда бир қатор тизимли камчиликлар ҳам мавжуд. Хусусан:

    биринчидан, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида шахсий иш режаларини ишлаб чиқиш ва уни доимий назорат қилиш, берилган топшириқларни таҳлил этиб бориш, қонунчилик ҳужжатларининг ҳудуддаги ижросини мақсадли ўрганиш талаб даражасида ташкил этилмаган.

    Бу каби ҳолатлар натижасида “ijro.gov.uz” электрон тизимида назоратдаги 85 та топшириқнинг кечиктирилиб бажарилишига, 9 та топшириқнинг эса бажариш муддатлари бузилишига йўл қўйилган;

    иккинчидан, вазирлик ва идоралар ҳудудий бошқармалари билан вилоят ҳокимлиги ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат ҳужжатлари ҳамда топшириқлари ижроси амалда бажарилиши бўйича маълумотларни умумлаштириш ва мувофиқлаштириш борасида ягона тизим мавжуд эмас.

    Тизимнинг тўғри ташкил этилмагани оқибатида ҳукуматнинг Тўрақўрғон, Чортоқ ва Поп туманларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган қарорлари билан вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва маданият бошқармаларига юклатилган 14 та топшириқнинг ижроси бугунги кунга қадар таъминланмаган;

    учинчидан, туман ва шаҳарлардаги ижро интизомига масъул ходимларнинг ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш борасидаги билим, тажриба, кўникмалари етарли эмаслиги юқорида қайд этилган камчиликлар юзага келишига олиб келмоқда.

    Шу боис, Вазирлар Маҳкамасида барча шаҳар ва туман ҳокимликларининг ижро интизомига масъул ходимларини йилда икки маротаба стажировкадан ўтказиш тизими жорий этилса, ўйлайманки, уларнинг бу борадаги билим ва касбий маҳоратлари ошишига катта замин бўлади.

    Таъкидлаш лозимки, пировард мақсад ҳам “Ижро интизоми — ислоҳотлар гарови” тамойили асосида жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий, иқтисодий муносабатларни тубдан яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш даражаси ва сифатини таъминлаш, халқимизни рози қилишдир.

    Зеро, ҳар бир қонунчилик ҳужжатида мазмунан аҳоли фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган нормалар мужассамлигини асло ёддан чиқармаслигимиз даркор.

    Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш учун Наманган вилоятининг меҳнатсевар халқи ҳам янги ­Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши ҳамда барча соҳаларда эришаётган ютуқларига ўз ҳиссасини қўшади, албатта. Президентимизнинг бу борадаги ишончини оқлаймиз.