Жорий йилдаги ислоҳотлар қандай янги йўналишлар билан бойитилади?

    Мамлакатимизда 14 сентябр 2023 1343

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

    Таълим соҳаси

    2024 йил 1 январдан бошлаб:

    давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, ёд билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;

    Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланади;

    банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади;

    2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

    10-синф ўқувчилари учун касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади;

    Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади.

    Соғлиқни сақлаш соҳаси

    2024 йил 1 январдан бошлаб:

    Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ва Болалар миллий тиббиёт марказида онкогематологик касалликларга чалинган болаларга гематопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш бўйича операциялар;

    вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

    2023 йил 1октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилади.

    2024 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва касаллик гуруҳлари бўйича дори воситалари рўйхатини назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.

    Ногиронлиги бўлган шахслар “ваучер” тизими асосида босқичма-босқич протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминланади.

    Фуқароларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш

    2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

    Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш

    2023 йил 1-октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.

    2024 йил 1 январдан бошлаб:

    қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш;

    Изланиш ва ривожланиш (R&D) марказлари учун улар ташкил этилган кундан бошлаб 3 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган сумма миқдорининг 1 фоизини тўлаш, уларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида ҳисоблаш;

    давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан ҳар йили амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари қийматининг камида 5 фоизини облигациялар чиқариш орқали молиялаштириш тартиби жорий этилади.

    Шунингдек, хорижий туристлар ҳисобидан – Ўзбекистон халқаро аэропортларида Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинган ва “Tax free” тизими бўйича расмийлаштирилган маҳсулотлар учун, тур-операторларга – хорижий контрагентлар билан шартномалар доирасида кўрсатилган экспорт хизматлари учун жисмоний ва юридик шахсларга қўшилган қиймат солиғини тўлиқ қайтариб бериш тизимини жорий қилиш режалаштирилган.

    Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитларни яратиш бўйича қуйидагилар тасдиқланган:

    2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси;

    2023–2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар;

    2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати, деб хабар беради “Norma”.