Мустақил таълим учун ягона намунавий тартиб жорий қилинмоқда

    Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Олий таълим муассасаларида талабалар мустақил таълимини ташкил этиш” мавзусида семинар ташкил этилди.

    Семинарда мустақил таълим соатлари улушини ошириш, талабаларнинг мустақил таълим олиши, танқидий ва ижодий фикрлаши, тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида компетенцияларни кучайтиришга қаратилган методика ва технологияларни жорий этиш, ижодий ярaтувчaнлик, тадқиқотчилик, мантиқий тaфaккурни ривожлaнтиришгa эришиш мавзуларида сўз борди.

    – Талабаларнинг мустақил таълимини йўлга қўйиш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантирилиб, олий таълим муассасаларида талабаларнинг мустақил таълимини ташкил этиш бўйича ягона намунавий тартибни ишлаб чиқиш ишлари бошланди, – дейди Олий таълимни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази бошқарма бошлиғи, педагогика фанлари доктори, доцент Лочин Зарипов. – Профессор-ўқитувчилардан ташкил топган ишчи гуруҳнинг фикр-мулоҳазалари орқали ҳар бир соҳа хусусиятидан келиб чиқиб, талабалар ва профессор ўқитувчилар учун қулай бўлган ягона намунавий тартибни ишлаб чиқиш устида ишлар олиб бориляпти.

    Семинарда ОТМлардан ташриф буюрган малакали профессор-ўқитувчилар иштирок этиб, талабаларнинг мустақил таълимини ташкил этиш бўйича ўзларининг таклифларини билдирди.

    Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган мустақил таълимини ташкил этишнинг ягона намунавий тартибни янада чуқурроқ таҳлил қилиб, ҳар бир камчиликларни тўғрилаган ҳолда олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнларида фойдаланишлари учун намуна сифатида тақдим қилиш белгиланди.

    Мансурбек ЖАББОРОВ