Мутал Бурҳонов — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи

    Ижтимоий ҳаёт 10 декабр 2020 7526

    10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Чорак асрдан ошиқроқ вақт ўтибдики, бу мусиқа ер юзида халқимиз ҳурлиги, давлатимиз мустақиллиги, ғурур ва ифтихоримиз, шону шавкатимиз тимсоли сифатида янграб келмоқда.

    Унинг мусиқаси муаллифи — буюк бастакор, беназир истеъдод соҳиби Мутаваккил Бурҳонов.

    Ўзбекистон халк артисти Мутаваккил Бурҳонов 1916 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топди. Тенгқурлари орасида нозик қалби ва теран мушоҳадаси билан ажралиб турадиган Мутаваккил ўша даврнинг машҳур хофиз ва бастакорлари Домла Ҳалим Ибодов, Ота Жалол, Ота Ғиёс, Левича Ҳофиз сингари улуғ санъат фидойилари изидан борди, мусиқа басталашни чин дилдан орзу қилди. Ва шу мақсади сари тинмай интилди, курашди, ўқиб ўрганди ва ниҳоят орзулари рўёбга чиқди.

    Ўтган асрнинг 90 йиллари охирида Бухоро вилоят телевидениесида ишлаб юрганимда менга Мутаваккил Бурҳонов ижодий фаолияти ҳамда Давлат мадҳиясининг яратилиш тарихи ҳақида кўрсатув тайёрлаш вазифаси топширилди. Ўшанда у киши билан илк бор учрашиш ва хонадонларида бўлиш бахтига мушарраф бўлганман.

    Уйлари чоғроқ, лекин файзли ва ораста экан. Деворларда эски суратлар, мусиқа асарларининг ноталари туширилган намуналар, чолғу асбоблари ва қадимий сўзана осиғлик турарди. Ўшанда чин дилан, самимий суҳбатлашгандик. Қаршимда ҳам қадимий, ҳам замонавий мусиқа билимдони турганлигини, бу хазинадан ҳозир фойдаланиб қолишимни, бундай фурсат ҳар доим ҳам бўлмаслигимни англаганман.

    Буюк бастакор альбомидан ўрин олган лирик романслар, жозибали бадиий симфоник асарлар, “Абу Али Ибн Сино”, “Сурайё”, “Мафтунингман” сингари кинофильмларга басталанган мусиқий дурдоналар , ўзбек мусиқа санъатининг олтин фондига кўрк бағишлаб турган “Алишер Навоийга қасида” номли опера катта шуҳрат қозонди.

    Мутал Бурҳонов ижоди, айниқса, мустақиллик йилларида янада гуллаб-яшнади, юксак қадрланди, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

    Ўша суҳбатимизда буюк бастакор худди бугунги кунларни башорат қилгандай шундай дегани ҳамон эсимда : “Бутун умрим давомида одамлар ёдида қоладиган, сира эскирмайдиган, ҳамма жўр бўлиб куйлайдиган қўшиқ яратиш нияти билан яшадим. Ниятим соф эди. Мен Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи сифатида бугун ана шу ниятимга етдим. Шуни биламанки, мени халқим ҳеч қачон унутмайди. Усмон Носир айтганидек:

    Баргдек узилиб кетсам

    Унутмас мени боғим,

    Ишимни ҳурмат қилур,

    Гуллардан ҳайкал қурур

    Минг йиллардан кейин ҳам,

    Унутмас мени боғим...”

    Дарҳақиқат, буюк бастакор башорат қилганидек, у бугун қалбларимиз ва хотираларимизда яшамоқда. Илоҳим, руҳлари шод бўлсин!

    Гулчеҳра Мирзаева,

    Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates