Хусусан, сафарнинг биринчи кунида “1520” компанияси гуруҳлари бош директори ўринбосари Дмитрий Болотский, “Профайн” компанияси бош директори Елена Ермакова, “Русский Лён” компанияси ижрочи директори Валерий Мишарин, “Природный камень” компанияси таъсисчиси Пётр Заседателев билан учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида темирйўл учун зарур бўладиган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “Навоий” ЭИЗ ҳудудида қиймати
5 млн. долларлик эшик ва деразалар ҳамда эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, зиғир пояси ва пахта толалари аралашмаларидан ип калавадан бошлаб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқариш лойиҳалари, Навоий вилоятидан Россия Федерациясига табиий пардозбоп тошларни экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, "Уралхим" компанияси директори ўринбосари Андрей Гуторов билан музокара давомида Навоий вилоятида калий нитрати ва калий сульфати лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Компания вакилларига вилоятнинг кимё саноатидаги мавжуд имкониятлари хусусида маълумот берилди.
Бундан ташқари, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясидаги хизмат сафарининг иккинчи куни Омскдаги ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашувидан бошланди.
Хизмат сафари давомида Омск вилояти губернатори В.П. Хоценко билан учрашув ташкил этилиб, Омск ва Навоий вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш бўйича мақсадли битимлар имзоланди.
Делегация аъзолари яна бир муҳим объект Омск инновацион технологиялар заводи - "Лаварт" компанияси фаолияти билан танишишди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, компания 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, ўзининг “Lavart” бренди остида дунёда аналоги мавжуд бўлмаган инновацион юқори самарадор қозон тизимлари ишлаб чиқаради ҳамда илмий тадқиқотлар олиб боради.
Компания Россиянинг 40 дан ортиқ ҳудудларида 1000 дан зиёд лойиҳаларни амалга оширган, 19000 м2 роботлаштирилган ишлаб чиқариш майдонларига эга.
Омск экспериментал заводи делегация аъзоларининг кейинги манзили бўлиб, мазкур заводга 1960 йилларда асос солинган ва бугунги кунда қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Шунингдек, сафарнинг иккинчи кунида вилоятимиз делегацияси "Омск аграр илмий маркази" Федерал давлат бюджет муассасасига ҳам ташриф буюриб, бу ерда буғдой, соя ва бошқа қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг янги навларини яратиш технологиялари билан танишди. Илмий марказ директори Максим Чекусов билан музокаралар олиб борилиб, натижада илмий марказ мутахассисларининг Навоий вилоятига ташрифи бўйича келишиб олинди.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Россия сафари доирасида Омскдаги ўзбекистонлик мигрантлар билан ҳам учрашди.
Вилоят ҳокими ватандошларимизнинг у ердаги яшаш шароитлари билан яқиндан танишди, муаммо ва таклифларини тинглади. Ватанга қайтишни истаганларга ёрдам кўрсатилиши бўйича ўз таклифларини берди.
Мутасаддилар вилоятдан борган мигрантлар билан учрашар экан, улар учун яратилган меҳнат, дам олиш, овқатланиш шароитлари билан атрофлича танишиб, зарурат туғилганда тиббий хизмат кўрсатилиши, уларни қийнаётган муаммоларини ҳам ўрганди, оилаларидаги вазият билан ҳам қизиқди.
Шунингдек, у ерда меҳнат қилаётган ватандошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш ҳамда барча шароитларни яратиш бўйича Омск губернатори билан алоҳида музокалар олиб борилди.
Делегациянинг Россиядаги хизмат сафари 23 майгача давом этади.