«Навоийуран»да касб байрами кўтаринки руҳда нишонланди

    Жорий йилнинг 22 май куни Зафаробод қўрғонидаги «Ёшлик» маданият марказида Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни касб байрами муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

    Унда «Навоийуран» давлат корхонаси тизимида фидокорона меҳнат қилиб келаётган жамоа меҳнаткашлари, фахрийлар, халқаро ҳамкорлар ҳамда соҳа фидойилари иштирок этишди.

    Тадбирда корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни касб байрами муносабати билан 9 нафар соҳа илғорлари II ва III даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони, 16 нафари Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланишди.

    Шунингдек, «Навоийуран» давлат корхонаси маъмурияти ва 6-Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг қўшма қарорига асосан, корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки ҳамда сана муносабати билан 5 нафар ходимга «Навоийуран фахрийси» унвони ҳамда 14 нафарига корхонанинг «Фахрий ёрлиғи» топширилди. Байрам шодиёналари Зафаробод қўрғонидаги ўйингоҳда тантанали концерт дастурига уланиб кетди.

    Тадбирда «Навоийуран» ДК «Зафаробод» кон бошқармаси ишчи-ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, Зафаробод қўрғони аҳолиси ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда халқаро ҳамкорлар иштирок этишди. Тантанали тадбирда касб байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг «Навоийуран» давлат корхонаси меҳнат жамоасига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

    Табрикда «Мамлакатимизда стратегик ислоҳотларнинг янги босқичи бошланган бугунги кунда бутун халқимиз, жумладан, «Навоийуран» давлат корхонаси жамоаси олдида ҳам ғоят муҳим вазифалар турибди. Хусусан, 2030 йилга қадар корхонада 550 миллион долларлик 11 та лойиҳани амалга ошириш орқали уран захираларини 100 минг тоннага етказиш, ишлаб чиқаришни 3 баробарга ошириш кўзда тутилган.

    Мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу корхонага давлатимиз раҳбари юксак ишонч билдиргани, албатта, Сизларга юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди. Айтиш мумкинки, бу миллий уран саноати тарихида улкан воқеликдир.

    Ушбу корхонанинг юксак профессионал, малакали, аҳил ва истеъдодли жамоаси ҳамда бой тажриба ва маҳоратга эга мутахассислари ана шундай кенг миқёсли вазифаларни муваффақиятли адо этишига ишонаман» дея корхона меҳнат жамоасининг ютуқлари эътироф этилди.

    Ўз навбатида Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари, «Навоийуран» давлат корхонаси Бош директори Джамал Файзуллаев тизимда меҳнат қилаётган кончи ва металлургларни – барча соҳа ходимларини байрам билан табриклаб, уларга самимий ҳамда эзгу тилакларини тилади.

    «Мамлакатимиз саноати ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Жонажон корхонамиз «Навоийуран» ҳам ана шу тарихнинг ёрқин ифодасидир.

    Кончилик ва металлургия саноати мамлакатимиз учун муҳим, стратегик аҳамиятга эга тармоқлардан бири бўлиб, айниқса, мустақиллик йилларида уларнинг ҳақиқий меҳнат жасорати ҳаётимизда тўла ўз ифодасини топди.

    Сизлар ҳар йили давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган режаларни шараф билан уддалаб, касб байрамларимизни улкан иқтисодий ютуқлар билан қарши олмоқдасизлар, деди Бош директор ўз табригида.

    Байрам тантанасида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ходимлари Касаба уюшмаси кенгаши раиси И.Раҳматов ва Конимех тумани ҳокими Р.Рўзиевлар ҳам иштирок этиб, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.

    Зафарободликларга, кончи ва металлургларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига байрамона кайфият улашиш мақсадида «Ниҳол» давлат мукофоти совриндори, хонанда Бунёдбек Саидов ўзининг концерт дастурини намойиш этди.

    Байрам концерти ранг-баранг мушакбозлик билан якунланди.

    «Навоийуран» ДК ахборот хизмати

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates