Унда Нидерландиянинг “Совет шон-шараф майдони” жамғармаси кўнгиллилари, шу жумладан, маҳаллий олий ўқув юртлари талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари, Нидерландияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар, Ўзбекистон-Нидерландия дўстлик жамғармасининг вакиллари иштирок этишди.
Маросим давомида Иккинчи жаҳон урушида Нидерландияда қурбон бўлиб, мазкур хотира майдонида дафн этилган 865 нафар совет аскари, шу жумладан, “Амерсфорт” концлагерида фашизм қурбони бўлган ўзбекистонлик 101 нафар аскарнинг қабртошлари ёнига гуллар қўйилди, гултуваклар сув билан тўлдирилди. Шу тариқа хотира хиёбони ранг-баранг гулларга бурканди.
Шундан сўнг мамлакатимиз элчихонасининг таклифи билан барча иштирокчилар хотира майдонининг тўрига тўпландилар. Элчихона вакиллари томонидан Иккинчи жаҳон уруши, унинг ҳалокатли оқибатлари, Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, халқимизнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда синмас ирода ва жасорат намуналарини кўрсатган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини шарафлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ишлар тўғрисида фикр юритилди.
Бўлиб ўтган қисқача мулоқот чоғида Нидерландия ҳукуматига, кенг жамоатчилигига, айниқса, “Совет шон-шараф майдони” жамғармаси раҳбариятига, хусусан унинг бошқаруви раиси, таниқли журналист ва тарихчи Ремко Рейдингга хотира хиёбонидаги қабрларга ҳурмат бажо келтираётгани, инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш қурбонларининг, шу жумладан, ўзбекистонлик аскарларнинг хотирасини авайлаб асраш ва уларнинг шахсини аниқлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг барча меҳмонлар иштирокида уруш қурбонларининг руҳига Қуръон тиловат қилинди.
“Совет шон-шараф майдони” жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Ремко Рейдинг Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига Иккинчи жаҳон уруши иштирокчи ва қурбонларининг хотирасини авайлаб асраш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди.
Маросим сўнгида ўтганларнинг хотирасига бағишлаб ош тарқатилди, деб хабар беради “Дунё” АА.