Ниёзбош қишлоғи шаҳарчага айланади

    Мамлакатимизда 25 июн 2020 3982

    Янгийўл туманидаги Ниёшбош қишлоғини кўпчилик билади. Боиси, бу ерда  аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишдаги тажрибаси катта бўлиб, етиштирилган кўкатлар доимий равишда Россия Федерациясига юбориб турилади. Шу боис, одамлари ҳам фаравон яшашади. 

    Бу йил қишлоқда савобли ишга қўл урилди. Туманни жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича тузилган дастурга мувофиқ, “Ниёзбош” ҳудудидаги “Ниёзбош”, “Фаровон”, “Бинокор”, “Гулистон” маҳаллаларида катта бунёдкдорлик ишлари олиб борилмоқда.

    Барча маҳаллаларда замонавий идора биноларини қуриш мўлжалланган. Шу кунгача “Гулистон” маҳалласидаги 13-сонли умумтаълим мактаби биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, “Баркамол авлод болалар маркази” ва “Хотира майдони”да ҳам реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Иккита мини футбол майдони, катта ва кичик тенис майдонлари, икки қаватли фитнес биноларининг замонавий спорт мажмуаси қурилиши ҳам бошланган. 27-сонли умумтаълим мактаби биносини реконструкция қилиш бўйича танлов савдолари ўтказиляпти.

    Шу билан бирга, 2,7 км масофадаги автомобиль йўлини таъмирлаш ҳамда унга туташ бўлган ҳудудларга 5,4 км ирригация тармоқ (лоток)ларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Яроқсиз ҳолга келган эски симёғочлар олиб ташланиб, ўрнига замонавий темир бетонлилари ўрнатилди, 4,78 км электр ҳаво тармоқлари реконструкция қилинди.

    Куз-қиш мавсумида ҳам бир меъёрда “зангори олов” босимини сақлаш мақсадида 6 та нуқталар мукаммал таъмирланди, хонадонларга “ақлли ҳисоблагич”лар ўрнатилмоқда. Шу билан бирга, 2,7 км узунликдаги ичимлик суви қувурлари янгидан ўрнатилиб, аҳолини унга улаш тадбирлари кўрилмоқда.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, кенг кўламда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Ниёзбош қишлоғи замонавий шаҳарчага айланади.